АҚШ президенти Жо Байден Хитой раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтадиган келажакдаги музокараларда Вашингтон Пекин билан зиддият қўзғатмоқчи эмас, балки рақобат олиб бораётганига ойдинлик киритиш ниятида эканини маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».
«У билан (Си Цзиньпин — таҳр.) виртуал форматда ўтказиладиган келажакдаги музокараларда, ҳозирча аниқ вақти маълум эмас, тушунмовчилик бўлмаслигини хоҳлайман: бу рақобат, зиддият эмас», — дейди Байден матбуот анжуманида.
У Си Цзиньпин билан узоқ вақт, жумладан, АҚШ вице-президенти лавозимида ўтирганида ҳам мулоқот қилганини таъкидлаган.
Президентнинг сўзларига кўра, у Си Цзиньпинга Вашингтон Пекин «қоидалар бўйича ўйнаши»ни истаётганини маълум қилган. Ушбу контекстда Байден ҳаво ва денгиз маконидаги хатти-ҳаракатлар нормалари, кибермакон хавфсизлиги устида ишлаш зарурлигини тилга олган.
У АҚШ ва Хитой «қасддан бўлмаган» можародан қочиши кераклигини қайд этган.
Аввалроқ Хитой АҚШни Тайван билан расмий алоқаларини зудлик билан тўхтатишга, шунингдек, совуқ уруш менталитетидан воз кечиб, ХХРга хаёлий рақиб сифатида муносабатда бўлишни бас қилишга чақирганди.
Изоҳ (0)