Uzbekistan Airways 3 ноябрдан бошлаб Киевга парвозлар сонини оширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шу кундан бошлаб авиапарвозлар ҳафтасига икки маротаба — чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Бунга қадар парвозлар фақат якшанба кунлари амалга оширилар эди.
Мазкур йўналиш бўйича авиачипталар нархи бир томонга багажсиз 2 203 229 сўмдан, багаж билан 2 539 315 сўмдан бошланади. Бориш ва қайтиш бўйича авиачипталар багажсиз 4 149 045 сўмдан, багаж билан эса 4 771 427 сўмдан бошланади.
Авиачипталарни авиакомпаниянинг расмий сайтидан, Uzbekistan Airways Sales филиалидан ёки авиакомпания агентларидан харид қилиш мумкин. Эслатиб ўтамиз, авиакомпаниянинг расмий сайти орқали авиачипта харид қилиб олаётганда 3 фоизли чегирма тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways Тошкент—Киев—Тошкент йўналишида парвозларни амалга оширишни 2015 йилнинг май ойида тўхтатганди. Компания орадан 6 йил ўтиб, 2021 йил 26 сентябридан ушбу йўналиш бўйича авиақатновларни тиклади.
Изоҳ (0)