Бокс бўйича Сербиянинг Белград шаҳрида ЖЧ—2021 баҳсларига 25 октябрь, душанба куни старт берилди.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Ўзбекистон терма жамоаси номидан 1-кунги жангларда фақат бир боксчи иштирок этди.

-67 кг вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев 1/32 финал доирасида ирландиялик Брендон Маккиверга қарши рингга кўтарилди. Мўйдинхўжаев учала раундда ҳам фаол ҳаракат қилиб, ғалабани ўз томонига оғдира олди. Ҳакамлар жанг якунига кўра Асадхўжанинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этди.

Шу тариқа Асадхўжа Мўйдинхўжаев ирландиялик рақибидан устун келган ҳолда 1/16 финалга йўлланмани қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақага янгиланган таркибда йўл олган. 13 та вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар орасидан Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов ҳамда Шаҳрам Ғиёсов каби тажрибали боксчилар ҳам ўрин олган.