Таомга ўзига хос таъм бериш билан бирга организм учун фойданинг кони ҳисобланган зираворни нима учун рационга киритиш кераклиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Зарчаванинг антиоксидант каби таъсири
Терининг эрта қаришига зарарли радикалларнинг таъсири сабаб бўлади. Улар организмнинг ичида ишлаб чиқарилиши ёки атроф-муҳитдаги кирлар, тамаки тутуни, ультрабинафша нурлари ҳам бўлиши мумкин. Тадқиқотларда зарчаванинг радикалларга қарши икки карра самарали таъсир кўрсатиши аниқланган. Иккинчидан, организмда тўқималарнинг оксидловчи шикастланишига қарши кураш механизмини ишга туширади. Ушбу жараёнлардан келиб чиқиб олимлар намлик йўқолишида сезиларли яхшиланиш ва ажинларнинг бартараф бўлишига тўхталиб ўтган.
Яллиғланишга қарши восита сифатида
Кўзга ташланмайдиган яллиғланиш жараёнлари — ҳуснбузардан тортиб, псориаз, атеросклероз ва семириш сингари саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқарувчи асосий омил саналади. Зарчаванинг яллиғланишга қарши хусусияти тананинг деярли барча ҳужайраларида мавжуд бўлган ва яллиғланиш даражасига жавоб берадиган маълум бир оқсил комплексини блоклаш қобилияти билан изоҳланади.
Зарчаванинг детокс сингари таъсири
Зарчава фитотерапияда қонни тозалаш мақсадида фойдаланилади. Организмда токсинларнинг узоқ вақт давомида тўпланиши тери билан боғлиқ муаммолар, ҳуснбузар, яллиғланиш, эрта қаришга олиб келиши мумкин. Ўтказилган тадқиқотларда зарчава организмни бир неча йўл билан токсинлардан тозалаши аниқланган. У токсинларни биокимёвий йўқотиш учун масъул бўлган айрим ферментларнинг фаоллигини оширади. Қолаверса, сафро ажралишини рағбатлантириб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Шу билан бирга жигар фаолиятини яхшилаб, қондаги токсинларни тозалайди.
Қон айланишини яхшилайди
Қон айланишининг меъёрда бўлиши озиқа моддаларнинг кўзланган мақсадга эришишига ёрдам беради, ҳужайраларни токсинлардан тозалайди. Ўтказилган тадқиқотларда зарчава ва унга ўхшаш бошқа моддалар яққол антитромбоз фаоллик кўрсатади. Клиник тадқиқотда кичик қон томирлари ва тери капиллярларининг микроциркуляцияси сезиларли даражада яхшилангани аниқланган. Зарчава, шунингдек, қон-томирлар эндотелийсини яхшилайди. Эндотелий ёмон ишлаганда организм қон босими ва қон ивишини тўғри назорат қила олмайди. Шунингдек, зарчава «ёмон холестерин» миқдорини камайтиради.
Коллаген синтезини жадаллаштиради
Коллаген терини ёш, таранг ва эластик сақлаш хусусиятига эга муҳим оқсил ҳисобланади. У шунингдек, регенерация ва янгиланиш жараёнида ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Ҳужайра фаоллигини жадаллаштириб, коллаген синтезини яхшилайди. Максимал даражада фойдали бўлиши учун зарчавани турли таом ва ичимлик, салатларга қўшиб истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Машҳур шифокор, Американинг Origins косметика маркаси билан ҳамкорлик қиладиган Эндрю Вайлнинг маълум қилишича, Окинавада одамлар ҳар куни зарчавали чой ичади. Бунинг учун 4 стакан сувга 1 чой қошиқ майдаланган зарчава қўшиш керак. 10 дақиқа қайнатиб, майдаланган занжабил ҳамда асал солиб аралаштириш лозим. Қолаверса, интернетдан қидириб, турли фойдали рецептларни топиш мумкин. Натижада тери тиниқ ва таранг кўрина бошлайди.
Изоҳ (0)