Тошкент «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган Афғонистоннинг муваққат ҳукуматини тан олиш учун ҳозирча имконият кўрмаяпти. Бу ҳақда 20 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Фото: «Дунё» агентлиги

Унинг сўзларига кўра, «афғон сиёсий майдонида муҳим рол ўйнайдиган» халқаро ҳамжамиятнинг асосий иштирокчилари билан биргаликда бу масала бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар амалга оширилади.

«Қайсидир бир давлатнинг яқин шериклари билан ўзаро келишувсиз бундай қарорни қабул қилади, деб ўйламайман. Хусусан, ҳозирча мен янги ҳукуматни тан олишнинг сабаб ва имкониятларини кўрмаяпман. Ўйлайманки, бу ўзаро ҳамжиҳатликда, халқаро ҳамжамиятнинг асосий иштирокчилари билан келишилган ҳолда амалга оширилади», — дейди у Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг «Москва формати» учинчи учрашуви майдончасида Sputnik'ка берган интервьюсида.

Ўзбекистон Президентининг махсус вакили ҳокимиятни тан олиш шартлари аллақачон тилга олинганини эслатиб ўтган.

«Бу толибларнинг АҚШ билан тузилган шартномаси (Доҳа келишуви — таҳр.) доирасида зиммаларига олган мажбуриятлари ҳамда ҳукуматга келишлари чоғида берган Афғонистоннинг барча ички сиёсий кучларини жалб қилган ҳолда кенг миқёсли ҳукумат тузиш бўйича ваъдаларининг бажарилишидир. Бу, эҳтимол, инсон ва аёлларнинг асосий ҳуқуқларини таъминлашдир. Бу, албатта, Афғонистон ҳудудини халқаро террорчилик ташкилотларининг ўзига хос марказига айлантириш имкониятини истисно қилишдир», — дейди у.

Исматулла Иргашев «Москва формати»даги учрашув кун тартиби ҳақида гапирар экан, мамлакат қиш арафасида гуманитар инқироз ёқасида турган пайтда афғон халқига ёрдам бериш муҳим масалага айланади, деган.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Учрашув давомида томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларни, жумладан, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш тармоқлари ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олганди. 16 октябрь куни эса Ўзбекистон ва Афғонистоннинг янги ҳукумати муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиши маълум бўлди.