Давлат солиқ қўмитаси хорижий интернет-компаниялар Ўзбекистонда 2021 йилда қанча солиқ тўлагани ҳақида маълумот эълон қилди.
ДСҚ матбуот хизматининг хабар беришича, 2021 йилда тўққизта хорижий компания ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинган.
Улар — Vaskiani Ventures Limited (Кипр), Google Cloud EMEA Limited (Ирландия), Spotify AB (Швеция), Adobe (Ирландия), DELSE, Inc. (АҚШ), Scribd, Inc. (АҚШ), LinkedIn Ireland Unlimited Company (Ирландия), Google LLC (АҚШ) ва Microsoft Ireland Operations Limited (Ирландия).
Шунингдек, мамлакатда 2 йил ичида доимий ваколатхонага эга бўлмаган жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи 28 та хорижий компания солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Булар: Booking.com Б.V., Netflix International B.V., Apple, Facebook, Yandex, Huawei ва бошқалар.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 9 ойида Facebook — 7,6 миллиард сўм, Google Commerce Limited — 4,6 миллиард сўм, Apple — 2,2 миллиард сўм, Netflix — 331 миллион сўм ва Yandex — 256 миллион сўм солиқ тўлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 январидан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида «Google солиғи» кўзда тутилган. Орадан бир ой ўтгач, Давлат солиқ қўмитаси хорижлик интернет компаниялари солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари учун ҚҚС-офисини очди.
«Google солиғи» бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Россияда 2016 йилдан бери электрон хизматларни сотишда ҚҚС тўланишини тартибга солувчи қонун ишлаяпти. Солиқ интернет орқали кўрсатиладиган барча хизматлардан, жумладан, дастурлар, ўйинлар, сайт хостинглари, қўшиқлар, фильм ва бошқалар сотувидан ундирилади.
Изоҳ (0)