Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 238 310 619 кишига етди, шуларнинг 4 858 053 нафари вафот этган. Шунингдек, жаҳон бўйича 6,498 миллиард дозадан ортиқ вакцина қўлланилган.
Касалланганлар сони бўйича АҚШ (44,4 миллион), Ҳиндистон (33,9 миллион), Бразилия (21,5 миллион), Буюк Британия (8,2 миллион) ва Россия (7,6 миллион) етакчилик қилмоқда.
«‘Спутник V’ формуласини Путиннинг жосуслари Оксфорддан ўғирлашган»
Британиянинг The Sun газетаси коронавирусига қарши Россияда ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасининг формуласини Путиннинг жосуслари Оксфорд шаҳридан ўғирлаб кетгани ҳақида мақола чоп этди.
Нашр таъкидлашича, шунга ўхшаш формуладан Oxford/AstraZeneca инъекциясини яратишда фойдаланилади. «‘Спутник V’ формуласини Путиннинг жосуслари Оксфорддан ўғирлашган», — дейилади нашрда.
Мақола муаллифларининг ёзишича, Оксфорд хавфсизлик хизматида ушбу версияни исботловчи далиллар бор. Бу айнан қачон содир бўлганига аниқлик киритилмаган. Ғарб разведка хизматлари маълумотларига кўра, Россия «Спутник V»да Оксфорд вакцинасини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган технологиядан нусха кўчирган, дейилади мақолада.
Кремль ушбу мақолага изоҳ берар экан, унинг «салбий ном чиқарган ва илмий бўлмаган газетада» чоп этилганини таъкидлади. «Бизнинг бу каби нашрларга муносабатимиз шу», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси октябрь ойида ички бозорга чиқарилади
Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг маълум қилишича, коронавирусга қарши эмланганлик сертификати йўқлиги сабабли у футбол бўйича мамлакат чемпионатига қўйилмаган. Президент 11 октябрь куни бўлиб ўтган «Сантос» — «Гремо» учрашувида қатнашмоқчи эди.
«Менга эмланганлик паспорти нимага керак? Мен шунчаки «Сантос»нинг ўйинини кўрмоқчи эдим, улар эса менга эмланиш кераклигини айтишди. Нима учун? Мендаги антитаналар вакцина олганларникига қараганда кўпроқ», — таъкидлади президент.
11 октябрь куни «Сантос» коронавирус пандемияси туфайли узоқ танаффусдан сўнг томошабинлар қаршисида биринчи ўйинини ўтказди. Бразилиянинг аксарият штатларидаги футбол ўйинларига фақат эмланганлик паспорти билан кириш мумкин.
Болсонару бир неча бор оммавий эмлаш ва карантинга қарши чиққан. Пандемия бошида у коронавирус хавфини рад этганди. Эмланганлик сертификати йўқлиги сабабли аввалроқ президентга Нью-Йоркдаги пиццахонага киришга рухсат берилмаганди.
ЖССТ иммунитети заиф кишиларни қўшимча доза билан эмлашни тавсия қилдиЖаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари иммунитети заиф кишиларга коронавирусга қарши вакцинанинг қўшимча дозасини беришни тавсия қилди.
ЖССТнинг Стратегик маслаҳатчи гуруҳи хулосасига кўра, ушбу тоифадаги кишиларга қўшимча вакцина таклиф қилиниши зарур, чунки улар учун «стандарт вакцинация» етарли бўлмаслиги мумкин ва уларда COVID-19 нинг оғир шакли билан касалланиш хавфи бор.
Мутахассислар, шунингдек, Хитойнинг Sinovac ёки Sinopharm препаратлари билан эмланган 60 ёшдан катталар учун қўшимча доза олишни тавсия қилди. Уларнинг изоҳлашича, бир қатор тадқиқотлар катта ёшли кишиларда мазкур вакциналар вақт ўтиши билан ўз кучини йўқотишини кўрсатган.
Шу билан бирга, маслаҳат гуруҳининг таъкидлашича, мамлакатлар биринчи навбатда, иложи борича кўпроқ кекса одамларни иккита доза билан эмлашга эътибор қаратиши, шундан кейингина учинчисига ўтиши керак.
ЖССТ илгари қўшимча доза билан эмлаш ғоясини танқид қилганди. «Баъзи мамлакатлар бустер (кучайтирувчи) вакцинацияларни амалга оширишга қодир бўлсаю, бошқалар эмлашнинг биринчи ва иккинчи босқичларини ҳали тугатмаган бўлса, бу ахлоқий жиҳатдан номақбул», — деган эди ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус.
Францияда эмлаш COVID-19 дан ўлим хавфини кескин камайтирдиCOVID-19 га қарши эмлаш Францияда вакцина олганларнинг коронавирус билан касалхонага ётқизилиши ва инфекция оқибатида вафот этиши ҳолатларининг олдини олишда юқори самарадорлик кўрсатди. Бу ҳақда Франция ҳукумати билан ишлайдиган Epi-Phare тиббиёт гуруҳининг тадқиқотига асосланиб, француз матбуоти хабар берди.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, вакцинанинг иккинчи дозасини олганидан 14 кун ўтгач, эмланганлар орасида коронавирус юқтириб олган тақдирда касалхонага тушиш ёки вафот этиш хавфи 90 фоиз камайган. Шу билан бирга, дельта штаммидан зарурий ҳимоя эффекти 75 ва ундан катта ёшдаги одамларда 84 фоиз, 50—75 ёшли одамларда 92 фоизни ташкил этган.
ОАВ аниқлик киритишича, COVID-19 оғир кечишининг олдини олишга қаратилган ушбу тадқиқот АҚШ, Буюк Британия ва Исроилдаги вакцинация самарадорлиги ҳақидаги маълумотларни тасдиқлайди. Бироқ, Франциядаги тадқиқотчилар, уларнинг иши мисли кўрилмаган миқёсда эканини даъво қилмоқда.
Тадқиқотчилар Францияда эмлаш кампанияси бошланган 2020 йил декабридан бошлаб тўпланган маълумотларни таҳлил қилган. Мутахассислар 50 ёшдан ошган 22 миллион одам ҳақидаги маълумотларни солиштирган — уларнинг 11 миллиони эмланган яна 11 миллиони вакцина олмаган эди. Мутахассислар эмланган ва эмланмаганлардан ёши, жинси, яшаш жойи бир хил бўлган «жуфтлар» тузди ҳамда препаратнинг иккинчи дозасини олган пайтдан бошлаб 20 июлгача уларнинг ҳаётини кузатди.
Тадқиқот Pfizer/BionTech, Moderna ва AstraZeneca вакциналари билан эмланган кишиларда ўтказилган.
ОАВ хабар беришича, илмий иш натижалари беш ой мобайнида — ушбу тадқиқотнинг хронологик даврида — COVID-19 нинг оғир шаклидан вакцина ҳосил қилган ҳимоя даражаси пасаймаганини кўрсатди.
Шунингдек:- Коронавирусга қарши эмланишни истамайдиган ёки бу борада бир қарорга кела олмаётган фуқароларни уйқуда эмлаш мумкин. Филиппин президенти Родриго Дутерте шундай таклиф билан чиқди. «Биламан, кўпчилик ҳалиям эмланишни истамайди. Келинг, уларни уйига борайлик ва улар ухлаётган пайтда эмлайлик», — деди Дутерте. У ўз ташаббусига шахсан раҳбарлик қилишга тайёрлигини қўшимча қилди. Шунингдек, давлат раҳбари ҳимоя ниқобини тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш зарурлигини яна бир бор эслатди. Филиппинда 23 миллиондан ортиқ одам эмланган. Расмийлар йил охиригача 70 миллионгача фуқарони эмлашни режалаштирмоқда
Изоҳ (0)