Туркия Ўзбекистонга 200 минг дозада COVID-19 вакцинаси ва 20 минг қути «Фавипиравир» дори-дармонларини юбориши ҳақида хабар берилган эди, бироқ айнан қайси турдаги вакцина эканлигига аниқлик киритилмаганди. ССВ матбуот хизмати бу Хитойда ишлаб чиқарилувчи Sinovac вакцинаси эканлигини маълум қилди.
Бу борада Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида грант ёрдами тўғрисида битим имзоланган. Битимни Ўзбекистон номидан мамлакатнинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Туркия номидан эса соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Халил Элдемир имзолаган.
Ўзбекистонга Хитойнинг коронавирусга қарши Sinovac вакцинаси келтирилиши мумкинлиги ҳақида 2021 йилнинг май ойида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилганди. «Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, COVAX дастури доирасида Хитойнинг ‘Синофарм’ фирмасида ишлаб чиқарилган вакцина — Sinovac вакцинаси Ўзбекистонга олиб келиниши эҳтимоли бор», — деган эди у АОКАда ўтказилган брифингда.
Айни пайтда Ўзбекистонда 5 та турдаги вакциналаридан фойдаланилмоқда:
- AstraZeneca,
- ZF-UZ-VAC2001,
- «Спутник V»,
- Moderna,
- Pfizer/BioNTech.
Вазирлик маълумотларига кўра, шу пайтгача эмлаш жараёнларида 22 433 729 доза вакцина қўлланилган бўлиб, 5,1 миллион нафардан ортиқ аҳоли вирусга қарши тўлиқ эмланди.
Изоҳ (0)