Red Wings Airlines авиакомпанияси Екатеринбургдан Ўзбекистон ва МДҲнинг бошқа бир қатор шаҳарларига парвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Spot «Коммерсантъ»га таяниб.
Маълум бўлишича, Red Wings самолётлари Самарқанд, Бухоро ва Навоийга учиши кўзда тутилган. Умуман олганда, авиакомпания 30 та халқаро ва минтақавий йўналишга рейсларни режалаштирмоқда. Қозоғистоннинг Нур-Султон ва Олмаота шаҳарлари, Озарбайжон пойтахти Боку ва Арманистон пойтахти Ереван шулар жумласидандир.
Бу қарор Екатеринбургнинг Кольцово аэропортида Red Wings маркази ташкил этилганининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.
Авиакомпания бош директори Евгений Ключарёвнинг сўзларига кўра, рейсларни очиш бўйича якуний қарор эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
«ТАСС» хабарига кўра, 2021 йил апрель ойида компания Ўзбекистон билан Екатеринбург ва Челябинскдан парвозларни ташкил этиш бўйича музокараларни бошлади.
Илк марта Red Wings авиакомпанияси 2018 йилда Москва—Наманган, Москва—Фарғона ва Москва—Навоий йўналишларида рейсларни йўлга қўйганди.
Изоҳ (0)