Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров ўз хизмат хонасини олимпиада терма жамоаси ёшларига бўшатиб берди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, туман ҳокими Шерзод Ашуров ҳокимлик биносида ўзига ажратилган катта ва кенг хонани ёшларга бўшатиб берган.
«Бундан кейин туман ҳокими хонасида 30 нафардан иборат олимпиада терма жамоаси ўқувчилари физика ва математика фани бўйича махсус дастур асосда ўқитилади. Мақсад физика ва математика фанлари бўйича вилоят, мамлакат ҳамда халқаро миқёсда ўтказиладиган олимпиадаларда уларнинг муносиб иштирок этишини таъминлашдир.
Қисқа фурсатда ушбу хона икки фанга мос тарзда энг сўнгги русумдаги ахборот технологиялари, ўқув ва лаборатория ускуналари, зарур адабиётлар ҳамда кўргазмали қуроллар билан тўлиқ жиҳозланади. Шу ернинг ўзида уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланишади.
Ўқитувчилар ҳар ойда маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан рағбатлантирилиб борилади. Халқаро олимпиадалар ғолиби бўлган ўқувчи ва ўқитувчиларга алоҳида пул мукофотлари ажратилади», – дейди Шерзод Ашуров.
Туман ҳокимига кўра, айни пайтда хонани мос тарзда жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилган.
«Ҳоким фаолиятда яхши натижа кўрсатиши, одамлар оғирини енгил қилиши учун ҳашаматли ва ҳайҳотдай хоналарда ўтириши шартмас», – деди ҳоким.
Мавзуга доир:
- Сирдарёда туман ҳокими 800 дан ортиқ дарахтни кесишга рухсат берди
- «Эътиборсизлигим сабаб бўлди», «Барча муаммони туманда ҳал қилиб бўлмайди», «Янгилигимдан фойдаланишди» — Бухоронинг жазоланган ҳокимлари ҳайфсан олишига сабаб бўлган масалалар ҳақида
- Биринчи маошини камбағалларга ҳадя қилган Ғузор ҳокими 5 млн сўм пул мукофотини ҳам уйсиз аёлга берди
Изоҳ (0)