Вашингтон Грузия ҳукуматини мамлакатда ҳибсга олинган собиқ президент Михаил Саакашвилига нисбатан адолатли муносабат кўрсатишга чақирмоқда ва вазиятни диққат билан кузатмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайсга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Михаил Саакашвили

Фото: EPA

«Биз Грузия расмийларини Саакашвилига нисбатан Грузия қонунлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича Грузиянинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ адолатли муносабатда бўлишни таъминлашга чақирамиз», — деди Прайс.

Саакашвили 1 октябрь куни Тбилисида ҳибсга олинганди. У ҳозир Рустави шаҳридаги қамоқхонада. Грузияда Саакашвили бир нечта жиноий ишларда иштирок этмоқда. Грузия ҳукумати вакиллари Саакашвили чегарани кесиб ўтиши билан ҳибсга олиниши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Ҳибсга олингандан сўнг, Саакашвили очлик эълон қилди ва қандай шарт бўлмасин уни тугатиш нияти йўқлигини билдирди.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат расмийлари Саакашвилини Украинага қайтариш учун бор имкониятини ишга солишини айтганди, чунки у Украина фуқаролигига эга. Аммо Грузия Саакашвилини Украинага топширмаслигини маълум қилди.

Михаил Саакашвили 2008—2013 йилларда Грузия президенти бўлган. У президентлик муддати тугашига оз қолган вақтда мамлакатдан чиқиб кетган. Шундан кейин унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда суд ҳукми ҳам ўқилган.