Самарқанд шаҳри Бағдод кўчасида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг ҳудудида содир бўлган ёнғин бартараф этилди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 4 октябрь куни соат 14:36 да Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Бағдод кўчасида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти ошхонасининг том қисмида ёнғин бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Шунга кўра, воқеа жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:40 да етиб борган ва ёнғин соат 15:06 да ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида ошхонанинг 30 квадрат метр майдонда том қисми ёнғиндан зарарланган бўлиб, жабрланганлар йўқ. Тарбияланувчилар бинодан ўз вақтида эвакуация қилинган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Чилонзордаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлагани, Қарши шаҳридаги мебель цехида содир бўлган ёнғин оқибатида уч нафар фуқаро вафот этгани, Андижондаги икки қаватли савдо марказининг ертўласида ёнғин юз бергани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)