Самарқанддаги боғчаларнинг бирида 4 октябрь куни ёнғин чиққанди. Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, ёнғин Самарқанд шаҳридаги Боғдод кўчасида жойлашган 27-сонли мактабгача таълим ташкилоти ошхонасининг том қисмида юз берган. Ёнғин бинонинг том қисмидан ўтган электр тармоғида қисқа туташув оқибатида содир бўлган. Воқеа жойига 3 та ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб бориб, ёнғин бартараф этилган.
Ёнғиндан фақат ошхона том қисмининг 25 квадрат метр майдони зарар кўрган. Бинонинг ички қисмига зарар етмаган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ, ташкилотнинг барча тарбияланувчилари ва педагог-ходимлари бинодан ўз вақтида эвакуация қилинган.
Моддий зарар миқдори 25—30 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бундан аввал Андижондаги боғчалардан бирининг ҳудудида ёнғин чиққани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ёнғин қурувчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида келиб чиққан.
Изоҳ (0)