Ўзбекистонда 2021 йилнинг июль—сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, шундан 285 нафар келин-куёв бир-бирига нисбатан холавачча, 276 нафари тоғавачча ва аммавачча, 114 нафари эса амакивачча ҳисобланади.
Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё (268 та), Қашқадарё (179 та) ва Сирдарё (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.
Мутахассислар фикрича, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ юрак-қон томир касалликларининг туғма турлари келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Изоҳ (0)