Афғонистон муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Амирхон Муттақий Кобулда Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмоновни қабул қилди. Бу ҳақда «Толибон» томонидан афғон ташқи сиёсий идораси вакили этиб тайинланган Абдул Қаҳор Балхий Twitter орқали маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Томонлар икки томонлама алоқалар, хусусан, Мозори-Шариф шаҳридаги аэропортни реконструкция қилиш ва авиақатновларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилди», — дейилади хабарда.
Амирхон Муттақий Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбарига миннатдорчилик билдириб, Тошкент ва Кобул ўртасида «икки томонлама муносабатларни келажакда ривожлантиришга чақирган».
Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонда «Толибон» томонидан муваққат ҳукумат тузилганини олқишлагани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг «Толибон» Ўзбекистоннинг Кобулдаги янги ҳукумат билан алоқа ўрнатишга тайёрлигини эътироф этган.
Изоҳ (0)