Нуқсон билан дунёга келиш — ҳаёт сен учун тугади дегани эмас. Ҳатто эшитиш ва гапириш имконияти чекланиш ҳам бу дунёда ўз оҳангини яратиш учун тўсқинлик қилолмайди. «Дарё» қулоқлари эшитмаса, гапиролмаса ҳам меҳнати ортидан ҳаётда нафақат ўз ўрни, балки бахтини ҳам топган Мадина Сахапова ва Кирилл Бирюков ҳақида ҳикоя қилади.
Мадина Сахапова, 31 ёшда. Туғма эшитиш ва гапириш имконияти чекланган. Ўз номидаги аёллар сартарошхонасини очиб, 6 қизни иш билан таъминлаган. Улардан 4 нафарининг эшитиш ва гапиришида нуқсони бор.
Эшитиш ва гапириш имкониятисиз туғилганман. Аммо бунга оила аъзоларим, ота-онам томонидан ғайритабиий қайғу сифатида қаралмаган. Шунданки, ўзимнинг эшитолмаслигим, гапиролмаслигимни ҳар доим ҳам нуқсон сифатида қабул қилмасдан доимий ҳаракатда бўламан. Ўзим хоҳлаган инсон билан турмуш қурганман. Бир ўғлимиз бор. Ота-онамнинг ҳам эшитиш ва гапириш имконияти чекланган (кейинги ўринларда — ЭВГИЧ). Уларнинг танишуви ва турмуш қуриши қизиқ бўлган. Отам асли Россиянинг Самара шаҳридан бўлиб, татар миллатига мансуб, онам эса Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. Отам бир касаллигининг давосини Бўстонлиқдаги гиёҳ билан даволовчи табибдан топишини эшитиб, Ўзбекистонга келади. Табибга кўриниб, даволаниб юрган пайтлари онам билан танишади. Буни қарангки, онам ўша табибнинг қўшниси бўлган.
Табиб Бўстонлиқнинг ҳавоси отамнинг касалини қўзғамаслигини айтгач, у шу ерда қолиб, ҳовли-жой қилади. Шундан сўнг бир қанча вақт ўтиб, ота-онам турмуш қурган. Аввал мен, бир неча йил ўтиб укам туғилган. Укам соғлом. Эшитади ва гапира олади. Ота-онамиз ҳам кўп қийинчиликлар кўрган. Аммо оддий меҳнатнинг ортидан бўлса-да бизни бировдан кам қилмай, зориқтирмай катта қилишди. Мен гапиролмасам ҳам ҳеч қачон укамдан кам кўрилмаганман. Онам жуда меҳнаткаш, тиниб-тинчимас аёл. Кўп хислатларим, феъл-атворим қуйиб қўйгандек уники. Онам қийналса ҳам бир оналик, аёллик вазифасини бажар оляпти-ку, нега мен тақдиримдан нолирканман, деб ўзимга кўп савол берардим. Шунинг учун ҳам иродамни бутун қилиб, фақат олдинга интилганман.
Боғча, мактаб, коллежнинг қай бирида ўқишни бошласам, ўша йиллар биз учун байрам бўлган. Ота-онам бизнинг қизимиз ҳам ўқияпти деб суюнарди. ЭВГИЧлар учун алоҳида боғча ва мактабда ўқиганман. Танлашга келганда имконияти чекланганларнинг тикувчилик коллежида тўхтаганман. Илм олишдан кўра қўл меҳнати билан буюмлар ясаш, кийимлар тикиш, расм чизиш мен учун қизиқроқ туюлган. Коллежда тикиш-бичиш ишларини ҳам ўрганиб, ҳам амалиётда синаб кўриш шароити бор эди. У ерда фақат ЭВГИЧлар ўқимасди. Жисмоний имконияти чекланганлар ҳам, бошқа ногиронлиги бор тенгдошларимиз ҳам бор эди. Шу сабабдан ҳам ўқувчилар бир-бирига жуда тез мослашиб кетарди.
Нуқсонимиз ҳадеб кўрсатилаверганидан биз жамиятга сингиб кетолмаймиз
Сизлар (эшита ва гапира оладиганлар — изоҳ «Дарё») кўпинча шошиб, стрессда юрасиз. Юз ифодангизда доимий хавотир акс этган. Кўрганда нега бунақа экан деб ҳайрон қоламан. Чунки бизнинг дунёмиз тинч. Тўғри, ўта сокин демоқчимасман. Вақти-вақти билан тошиб ҳам турамиз. Аммо сизлардек доимий ташвишда эмасмиз. Масалан, мен эшитолмайман, кимдир юролмайди. Яна бировнинг яхши иши йўқ, бошқа одам нимжонроқ. Нима қилибди? Ҳаммасини борича қабул қилиш керак. Нафақат ўзимизнинг, балки бошқаларнинг камчилиг-у нуқсонларини ҳам. Кўча-кўйда одамларнинг қараши, ўзаро имо-ишораларига иложи борича эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Аммо кўпинча аҳволингни кўриб, қўй, сен шунақасан дегандек ҳаракат қилишади.
ЭВГИЧ дўстларимиз билан имо-ишора орқали гаплашиб турсак, четдан ўтиб кетадиган одамлар ҳамроҳларига қўли билан бизни кўрсатишлари, тикилиб қараб туришлари жуда оғир. Буни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Тўғри, кимнингдир нуқсонини кўрганингизда шунақа экан деб ўйлаш табиий. Аммо фарқли эканлигимиз, камчилигимиз борлигини яққол кўрсатиш шарт эмас. Гапиролмаганимиз учун ҳиссиётларимиз, руҳий ҳолатимизни ҳаммага ҳар доим ҳам очолмаймиз. Кўп нарсани ичимизга ютишга мажбурмиз. Шундандир жуда таъсирчанмиз. Уч-тўрт одам бир бўлиб кулишганда ўша атрофда биз ҳам бўлсак, худди бизнинг устимиздан кулишаётгандек ҳис қиламиз. Улар ҳатто бизни танимаса ҳам, ЭВГИЧ эканлигимизни билмаса ҳам шундай туюлаверади. Гавжум жойларда ўзимизни ноқулай ҳис қиламиз. Кўпчиликнинг орасига сингиб кетолмаймиз.
Миллат ва оилаларимиз фарқли бўлишига қарамасдан турмуш қуришимизга тўсқинликлар бўлмаган
Коллежни битиргач, сақич ишлаб чиқариш корхонасига ишга кирдим. Икки ой ишлаб ўзимни бу соҳада кўролмаганимдан кейин, тикувчилик билан шуғулланмоқчи бўлдим. Яхши иш тополмаганимдан сўнг официантлик қилдим. Кейин шоу-балетга таклиф қилишди. Бу вақтда турмуш ўртоғим билан муносабатларимиз жиддийлашди. Турмуш қуришга қарор қилганимизда эса улар « бу иш бизнинг оилага тўғри келмайди» деб раққосаликдан бўшатиб олди. Кейин тўйимиз бўлди. Очиғи, бизнинг миллатларимиз, оилаларимиз фарқли эди. Аммо на менинг ва на уларнинг оиласи бунга қаршилик қилди. Келин бўлиб борганимдан кейин қайнонам оиланинг қизидек қабул қилган. Улар ҳам рус миллатига мансуб бўлса-да ўзбекистонлик. Одатий рус оилаларидан фарқли равишда қайнона-қайнотам билан биргаликда катта оила бўлиб яшаймиз. Ўйлашимча, алоҳида яшаш учун бирор сабабимиз ҳам йўқ.
Боламнинг тарбияси, уни соғлом катта қилиш жараёнида эътиборимдан четда қолган нарсалар бўлиб қолиши мумкин. Аммо қайнонам ҳар бир жиҳатга эътиборга бериб, мендан ҳам зиёда қарайди. Исмини ҳам ўзи бу менинг севимли неварам бўлади, ўзим тарбиялайман деб Егор қўйган. Боламни катта қилиш жараёнида аёллар сартарошлигига қизиқиб қолдим. Вақт ўтиб ўзимга таниш бўлган бир опадан ушбу касбнинг сир-асрорларини ўрганишни бошладим. Буни шогирдлик ҳам деб бўлмайди. Сабаби у ердагиларнинг барчаси эшитиб, гапира олгани учун мен ҳамма нарсани шунчаки кузатиб ўрганганман. Қизиқишимни кўриб, қайнонам алоҳида курсда ўқитди. У ерда ҳам аста-секин мижозларга хизмат кўрсата бошладим. Салондаги мижозлар кўпаявергач, ўзимга алоҳида иш беришди ва мен ижара пули тўлай бошладим.
Кейин уйимнинг бир хонасида ўз сартарошхонамни очдим. Ҳаракатим, меҳнатимни кўриб, қайнонам бошқа жойда бир нечта одамни иш билан таъминлайдиган каттароқ гўзаллик салони очишни таклиф қилди. Ўшанда жуда суюниб кетгандим. Жой танлаш, ҳужжатлаштириш ишларининг барчасини қайнонамнинг ўзи қилган. Янги жой бўлгани учун мижозларни топишда ҳам қайнонамнинг ҳиссаси катта бўлди. Интернетда эълон ва рекламалар беришми, телефон қилганларга жавоб беришми, ҳаммасини ўзи ҳал қилган.
Соғлом қизларни ишга олиш эълонида нуқсоним бор эканини айтмаганман…
Гўзаллик салонида ўзим бажарадиган вазифам тирноқлар маникюри. Қўлимда ишлайдиган қизларнинг 3 нафари ҳам ЭВГИЧ. Иккинчи хонада сартарошлар ишлайди. Сартарошликка эшитиш ва гапириш имкони бор қизларни олганман. Сабаби соч турмаги инжиқроқ. Мижозларнинг таъбига кўпроқ қараш керак бўлади. Дазмол қилиш, соч кесиш жараёнларида улардан турмак қандай кетаётганини сўраш ва жавоб олишга ҳам тўғри келади. Салонда ишлайдиган қизларнинг барчаси аввал шогирд бўлиб келади. Уларга ҳамма ишни ўргатаман. Яхши эплаб кетишса, ишда қолишади. Шунингдек, уларнинг феъл-атвор, ҳаётий принциплари ишхонага, доимий мижозларимизга ҳам мос келиши керак.
Икки сартарош қизни ишга олиш жараёнида берган эълонимда ўзимнинг ЭВГИЧ эканлигим айтмаганман. Боғланиш учун рақамга сурдотаржимонники берилган. У қизлар билан гаплашиб, маъқул тушганини, ишхонага олиб келгандан кейин салоннинг раҳбари мен эканим ва ЭВГИЧлигимни айтган. Улар аввал эсанкираб, эшитолмайдиган ва гапиролмайдиган қиз салон очиб, раҳбарлик қиляптими деб ҳайрон қолган. Мен ўзимга ходим келмаслиги ёки нуқсонимдан уялганимдан эмас, ЭВГИЧлигимни билиб, ҳар қанақа қиз келиши, алдаб кетишидан қўрққанман. ЭВГИЧ одамларнинг аксари бирор иш қилаётганда ўта ҳушёр бўлади. Чунки эшитолмайди, гапиролмайди деб аксар одамлар уларни алдаб, ўмариб кетиш ҳоллари кўп бўлади. Келган қизлар ўрганиш ва ишлашга рози бўлди. Вақт ўтиб уларнинг меҳнати, ўзини тутиши менга ҳам, оиламга ҳам маъқул тушди.
Қайнонам қизларга мен билан ишлаётганидан хурсандлиги, аммо агар эшитмас, гапирмас экан деб яширинча бирор иш қилиб, гапиргудай бўлишса, тепада Худонинг кўриб, эшитиб туриши, қолаверса, камералардаги ёзувларни ўзи ҳам текшириб туришини айтган. Ўша икки қиз билан ҳалигача гапимиз қочмасдан ишлаб келамиз. Мижозлар билан одатда хизмат тури ва ҳақини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали ёзма тарзда гаплашиб, келишамиз. Ушбу жараёнда қўшимча сифатида ўзимизнинг эшитиш ва гапириш имкониятимиз чекланганини ҳам айтамиз. Шундан сўнг ўз хоҳишларига кўра бизни танлашса, қандай маникюр ёки турмак хоҳлашларини ёзиб жўнатишади. Агар бунга қийналишса, ўзимизнинг каталогимиздан танлашлари ҳам мумкин. Мижозларимиз кам эмас. Буни яширмайман. Эрталабки соат 09:00 дан — 19:00 гача ишлаймиз. Мижозлар ўзларига қулай бўлган ва биз бўшаган пайтимизда навбат орқали келади. Ишимиз эркин. Агар ходимларимнинг бирор муаммоси бўлса, ўрнида ишлаб ҳам тураман. Аммо иш жараёни бошландими, жиддий ёндашишлари, мижозга сифатли хизмат кўрсатишлари шарт.
Вужудингда ўзингникидан бошқа жажжи юрак ураётганда маъсулият икки ҳисса ортади
Ҳомиладорлик пайтимда кўп қийинчиликларга учрамаганман. Одатда врач қабулига ёлғиз ўзим борардим. У эса текшириб, аҳволим жойида бўлса, яхши белгисини берар, агарда бирор камчилик чиқиб қолса, қоғозга ойинг ёки қайнонанг келсин деб ёзиб берарди. Умаман олганда, соғлиқ нозик нарса. Айниқса, жажжи бир бошқа одамни дунёга келтираётган бўлсанг, масъулият икки ҳисса ортади. Мабодо текшираётган шифокорнинг синчиклаб ташхис қўймаётганини сезсам ҳам уйга қайтиб онам, қайнонам, агар улар ҳам бўлмаса, бирор сурдотаржимон билан борардим.
Туғруқ жараёнида қайнонам, онам бошимда турган. Бундан ташқари сурдотаржимон ҳам чақирганмиз. Қўрқинчли нарса бўлмаган. Ўғлимни операция орқали дунёга келтирганман. Бола туғилгандан кейин ҳам қайнонам хонадан дарров чиқиб кетмаган. Боланинг йиғисини кимдир эшитиб, кўнгли тинчиши, бошқаларга ҳам етказиши керак-ку. Мен эшитмаганим учун бу вазифани қайнонам бажарган. Мана ўша жажжи гўдак ҳозир 7 ёшга тўлди. Вақт тез ўтар экан. Яқинда ўзим мактабда ўқиб юргандим. Энди эса болам биринчи синфга чиқди.
Имконияти бор, имконияти чекланган — бир пайтда ҳаммани ўқита оладиган курс очаман
Яқинда маникюр курсини очаман. Имконияти чекланган, соғлом фарқи йўқ — бир пайтда ҳаммага ўрганиш имкониятини беришни режалаштиряпман. Бунинг учун битта сурдотаржимонни ҳам ишга оламан. Мен имо-ишора тилида ўргатавераман. Жараённинг ўзида таржимон уни эшита ва гапира оладиган қизларга таржима қилиб туради. Курс деярли ишга тушиш арафасида. Бу инклюзив курс бўлади. Шу билан ЭВГИЧларнинг ҳам жамиятга сингиб кетиши, уларга ҳам одатдагидек қаралишига бироз бўлса-да ҳисса қўша олишим мумкин.
Қачонгача имконияти чекланганлар ниманидир ўрганиши учун тўсиқ бўлади? Қачонгача бизни ерга урадиган «айрим» гапира оладиган «одам»ларнинг оғзига қарашимиз, уларнинг даврасида ўзимизни ноқулай ҳис қилишимиз керак? Олдимиздаги тўсиқларни ўзимиз енгамиз. Турли машғулот, тренингларда биз каби инсонларнинг борлигини инобатга ҳам олишмайди. Ҳатто сурдотаржимон чақиришмайди. Менинг курсимда бундай дискриминация бўлмайди. Гапира оладиганлар учун таржима хизмати йўлга қўйилади.
Кирилл Бирюков, 34 ёшда. Мадина Сахапованинг турмуш ўртоғи. Эшитиш ва гапириш имконияти чекланган. Шунга қарамасдан, ўз мебель фабрикасини очиб, кўплаб одамларни иш билан таъминлаган. Улар орасида 3 нафар ЭВГИЧ ҳам бор.
Дурадгорлик менга бобо мерос
Бобом — онамнинг дадаси дурадгор бўлган. Болалигимда уларникига кўп бориб юрардим. Бобомнинг ишига ўзим хоҳлаганда қарашиб юриш билан бирга у мени ёғочдан нимадир қилишга, синаб кўришимга ундарди. Қўлингда ҳунарнинг бўлса, ҳеч қачон иложсиз қолмайсан дерди. Эшитиш ва гапириш имконияти чекланганлар махсус мактабини тугатганимдан сўнг ҳам ишсиз қолмасин, ўзининг йўлини топиб кэтсин деб, гарчи ўзим хоҳламасам-да коллежга олиб борган. Коллежни аранг битириб олдим-у мебель ишлаб чиқарувчи бир цехга ишга кирдим. Аслида, кўп мебелларни мустақил қила олсам-да, ишонч учун икки ой текинга ишладим. Ўшанда 18 ёшда эдим. Мана, 16 йилдан бери шу соҳа қозонидаман. Кейинчалик ўзимнинг мебель ишлаб чиқарувчи корхонамни очдим.
Ошхона, ётоқхона, офис-у дарсхона — барча турдаги мебелларни бошдан-оёқ бемалол тайёрлай оламан. Рақобат катта бўлган бу соҳада ўзимни топиш осон бўлмаган. Ишимни энди бошлаганимда кўпчилик уддалашимга ишонмаган. Келган харидорлар менга буюртма беришга жуда иккиланарди. Буюртма берсам-у ўхшатолмасанг, вақт, пулдан куйиб қолсам-чи дейишарди. Агар ўхшамаса, бир сўм ҳам олмайман, бир-икки куннинг ичида тайёрлайман, вақтингиз кўп кетмайди деганимдан сўнг, майли қилиб кўр-чи дейишган пайтлар кўп бўлган. Ишни битириб кўрсатганимда маъқул тушганлар бугунги кунда доимий мижозларим.
Ҳар қанақа ишда ҳам меҳнатингиздан фойдаланган одамнинг ўзи сизни реклама қилиб беради. Яхши ишлаган бўлсангиз яхши, наридан-бери, қўл учидаги меҳнат бўлганда эса акси. Корхонамни очишгача бўлган жараён ҳам осон ўтмаган. Тошкентдаги деярли барча мебель дўконларига бирма-бир кириб, қандай сифат ва услубдаги мебелларга талаб кўплигини кузатар, дўкондорлардан сўрардим. Корхона очишнинг ҳам югур-югурлари бор. Уларнинг барчасига дадам бош-қош бўлган. Буни эшитган кўпчилик, қўйсанг-чи, Кирилл, сен корхона очасанми деб кулиб кетарди. Мана уддаладим. Меҳнатда гап кўп.
Меҳрибон ота ва масъулиятли турмуш ўртоқман
Аёлим билан аввалдан таниш бўлганмиз. 2012 йил тақдирнинг тасодифи билан яна кўришиб қолдик. Дўстона муносабатдан муҳаббат пайдо бўлиб, 2014 йил тўйимиз бўлган. Ўзимни меҳрибон ота ва масъулиятли турмуш ўртоқ деб биламан. Оилага жавобгарлик, нимадир керак бўлганда, югуриш ҳаммаси ўз бўйнимда. Муроса-ю мадорада эркак киши қадам ташламаса, аёллар қайсарликда давом этаверади. Аёлимнинг сартарошхонаси учун керак бўладиган барча нарсаларни олиб бериш ҳам ўз бўйнимда. У эрталабдан кечгача иш билан, болага қараш билан банд. Вақти бўлмайди. Боламнинг тарбиясига онаси жиддийроқ ёндашади. Унда ўзимни — Кириллнинг болалигини кўраман.
«Дубай Тошкент эмас, адашиб қоласизлар». Оилавий саёҳат учун ота-онам қарши бўлган
Карантиндан олдин аёлим ва ўғлим билан саёҳат учун Дубайга борган эдик. Бу таклиф ўзи аёлимдан чиққан. Биз ҳам бирор ерга саёҳатга борайлик. Мана бир неча йилдан бери ишлаб, ўзимизни оёққа турғиздик. Энди бизга маънавий ҳордиқ ҳам керак деганди. Ўйлаб кўрсам, унинг гапида жон бор. Ишласанг-у мақсадинг фақат пул топишдангина иборат бўлса, нимаси қизиқ ҳаётнинг? Мен-ку иш билан Хитой, Россияга борганман. Аммо аёлим ва болам ҳали бирор давлатга бормаган. Қатъий қарорга келиб, ота-онамга буни айтганимизда икки тарафдан ҳам қаршилик бўлди. У ер Тошкент эмас, адашиб қоласизлар деб норозилик билдиришди. Нима, бизнинг дунё кўришга ҳақимиз йўқми? Эшитолмаслигимиз, гапиролмаслигимиз тўсқин бўладими бунга деб тўполон қилганман.
Онам ўзларинг-ку майли, неварамни ҳам олиб кетасанларми деб йиғлаган. Саёҳат агентликлари бор пайтда адашиш ёки бирор мамлакатни тополмай қолиш мумкин эмас. Биз ҳам саёҳат агентлиги орқали кетдик. Агентлик томонидан сурдотаржимон хизмати ҳам тақдим этилди. Дубайга учиб етгач, уйга телефон қилганимизда кейин кўнгиллари бироз бўлса-да хотиржам бўлган. У ердаги саёҳат маршрути, меҳмонхона, қайтиб келиш — ҳамма шароитларни бериш саёҳат агентлигининг зиммасида бўлди. 10 кундан сўнг Ўзбекистонга қайтдик. Худо бизни шунақа қилиб яратган. Тақдиримиздагини борича қабул қилишга кучимиз етади. Аммо эшитиш ва гапириш имкониятимизнинг чекланиши бошқа имкониятлардан ҳам маҳрум дегани эмас.
«Бизда имконияти чекланганлар учун иш ўрни йўқ»: Мебель корхонасини шунинг алами ортидан очдим
Бекорга ўз бизнесимни қурмадим. Цехда яхши ишлаганим учун озмунча [маош] беришмасди. Аммо ўзимга ўхшаган ЭВГИЧлар кўплаб цех, фабрика, заводларга иш сўраб борганда, бизда ҳозир имконияти чекланганлар учун иш йўқ деб улар учун эшикларини ёпиқ қўйишларини кўп эшитаман. Гувоҳ бўлганман. Уларнинг бундан қийналганини кўриб, ичимдан сиқилиб кетардим. Корхонамни ана шу аламнинг ортидан очдим. Ҳали ЭВГИЧларга паст назар билан қарайдиганларнинг ўзи биздан иш сўраб келади, ишсиз ЭВГИЧларни эса иш билан таъминлайман деб мақсад қўйганман.
Мана, уддаладим. Энди ўзимни ҳамма билан тенг кўраман. Бировдан кам ёки кўнглим ўксийдиган жойим йўқ. Бунинг учун асосларим жуда кўп. Ота-онамга боқиманда эмасман. Уларга ёрдамим тегаётганда ҳар сафар яхши фарзанд эканимни ҳис қиламан. Кўпчилик ЭВГИЧлар атрофдагилардан ҳам олдин ота-онаси томонидан дискриминацияга учрайди. Уларни ҳар томондан чеклашади. Аммо менинг илк қўллаб-қувватловчим ота-онам бўлган. Оилада мендан ташқари акам ҳам бор. У соғлом. Бирор жойда акамдан ажратишмаган. Умуман, авлодимизда мендан бошқа ҳеч кимда бундай нуқсон йўқ.
Машина бошқараётганимда тўхтатган ЙПХ ходимлари ЭВГИЧ эканимга ишонишмайди
Ёнимда доим турадиган инсонлар бўлмаганда, эҳтимол, мен ҳам журъатсиз, ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бўлиб улғаярдим. Бобом мажбурлаб дурадгорликни ўргатиб, касб-корлик қилган бўлса, 14 ёшимда акам мажбурлаб машина рулига ўтқизган. 18 ёшимгача ҳовлимизнинг яқинидаги бозорча, дўконларга бориб-келиб ҳайдашни ўргангандим. 18 ёшимда автомактабга бордим. Орадаги тўрт йил менга ҳамма қоидаларни ўргатиб бўлганди. Ҳайдовчилик курсида эшита ва гапира оладиганлар билан бирга ўқиганман. Алоҳида сурдотаржимон ажратилмаган. Кейин машина олдим. Мана ўн олти йилдан бери машина бошқараман.
Йўлдаги бошқа машиналар овозини қулоғимдаги махсус эшитиш мосламаси билан эшитаман. Ҳаракат давомида ЙПХ ходимлари тўхтатса, ЭВГИЧ эканимга ишонмайди. Шунда ногиронлигим борлиги тўғрисидаги гувоҳномам, машинамдаги махсус белгини кўргач, бироз иккиланиб ишонишади. Агар бирор муаммо, тушунмовчилик бўлса, ёзишиб мулоқот қиламиз. Лекин хурсанд бўладиган тарафим — айрим ЙПХ ходимлари имо-ишора тилини билади. Улар ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилганда бизнинг ҳам тилимизни билишаркан деб қувонаман. Кўча-кўйда, бирор ташкилотда одатий ҳолларда бизни ҳеч ким тушунмайди. Биз эса бошқаларни.
Нега тилимизни кеч ким билмайди деган ўкинч ҳам бўлади ичимизда. Агар шахсий машинамдан фойдаланмай қолсам, «Яндекс» таксиларида юраман. Йўлда юриш учун шароитлар ҳозир анчагина қулай. Авваллари таксига чиқсам, йўлни ёзиб тушунтиришимга тўғри келган. Бир бурилишга келганда тўхтатиб, қаерга юришини ёзиб кўрсатиб турардим. Бу анча вақт ва асабларни олиб қўярди. Ҳозир эса манзилингизни белгиласангиз, таксининг ўзи олиб бориб қўяди.
Москвада авиасозлик бўйича ўқимоқчи эдим, аммо…
Корхонам учун зарур моллар олишга унчалик қийналмайман. 12 йилдан бери мол оладиган доимий ҳамкорларимиз бор. Уларга биз учун керак нарсаларнинг рўйхатини ташлаб кетсам, ўзларида йўғини топиб, тайёрлаб қўйгач, мени чақиради. Сурдотаржимон хизматидан одатда шифокорга борсамгина фойдаланаман. Қолган пайтларда ишимни ёзишиш орқали гаплашиб, битиришга ҳаракат қиламан. Келгусида бизнесимни катталаштириб, корхонамни мебель ишлаб чиқаришда етакчилардан бирига айлантирмоқчиман. Бир неча йилдан кейин улгуржи мол сотадиган йирик дўконларни очиш режам бор. Мебельчилик ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи соҳам бўлиб қолаверади.
Оёқ-қўлим бутун, кўзим кўради. Бировнинг ёрдамига ҳар кун муҳтож қилиб қўймаганига шукур. Бир армоним — Москва давлат университети авиасозлик йўналишида ўқиёлмаганман. У ерда инклюзив таълим учун шароитлар етарли бўлиб, ЭВГИЧларни ҳам ўқишга қабул қиларди. Аммо бизнесимни бошлаганимдан ўқиш ҳам қолиб кетди. Дадам ҳам бу учун кўп ҳаракат қилган. Ўша пайт ўқиб олсам бўларкан. Энди шунча қилганларимни ташлаб, ўқишга кетгим ҳам келмайди. Балки ишда ўз ўрнимни тополмаганимда ўқирмидим. Майли, насиба дейди-ку. Худо менга эшитиш ва гапириш имконини бермаган бўлса ҳам касб-ҳунар берди. Ҳаётда ўз ўрнимни топиб яшаяпман.
Зиёда Рамазанова суҳбатлашди.
Қаҳрамонларнинг гапларини сурдотаржимон Гулнора Маҳкамова таржима қилди.
Изоҳ (0)