Ўзбек мусиқа ва кинооламининг энг машҳур вакиллари ижоди ва ҳаётидаги турли қийинчиликлар сабаб санъат оламини тарк этишга бел боғлайди. Аммо ишлари юришмаган шогирдлар устозининг қўллаб-қувватлаши натижасида катта ютуқларга ва машҳурликка эришади.

«Дарё» 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан анча йил олдин тушкунликка тушиб, чет элларга кетишга чоғланган, бугунги кунда устози сабаб машҳурликка эришган инсонлар ҳикоясини тақдим этади.

«Онам автоҳалокатга учради, мен ўқишни ташлашга мажбур бўлдим».

Фото: «Дарё»

Иккинчи курсда ўқиётган вақтимда онам автоҳалокатга учраб юролмай, ётиб қолдилар. Дадам ишда, акаларим чет элда. Онамнинг ёнида қолиб, уларнинг ҳолидан хабар оладиган одам қолмади. Ўзбекистон давлат консерваториясининг Эстрада хонандалиги факультетида ўқирдим. Боз устига гуруҳ сардори эдим. Онамнинг ёнида бошқа одам бўлмагани туфайли ўқишни ташлаб, Бухорога қайтишга мажбур бўлдим.

Деярли бир йил мобайнида Бухорода қолиб, онамга қарадим. Аллоҳга шукр, бир йилча вақт ўтгач, онам оёққа туриб, соғайиб кетдилар. Кейин ўқишни қайта тиклаш учун ариза топширгани консерваторияга келдим. Ариза топшириш муддати тугаганига икки кун бўлди, энди кейинги йил ҳаракат қилиб кўрасиз, деган жавобни олдим.

Устозим — Ўзбекистон санъат арбоби Дилором Омонуллаева кафедра мудири эдилар. Айнан улар бу талабам менга керак, унинг ўқишини тиклаб беринг, дея бутун консерваторияни оёққа турғизган эдилар. Бу воқеани умуман унутиб бўлмайди. Балки, Дилором Омонуллаева ўша вақтда аризамни қабул қилдириб, ўқишимни тиклашга ёрдам бермаганларида ўқишни бутунлай ташлаб кетармидим. Бугун, балки, умуман санъат соҳасидан кетмаслигим ҳам мумкин эди. Яна билмадим.

Дилором Омонуллаева нафақат ўқишимиздан, ижодимиздан, балки ҳолимиздан, ҳаётимиздан доимий хабар оладиган, инсонийлиги ҳам, ижоди ҳам ҳавас қилса арзийдиган устоздир.

Имрон, хонанда

«Шоу-бизнесдаги омадсизлик сабаб Швецияга кетиб, қора ишчи бўлмоқчи эдим.»

Фото: «Дарё»

Бир қанча қўшиқларим кутилганидек оммалашмади. Иқтисодий қийинчиликлар бошланди. Охир оқибат 2013 йилда ҳаммасига қўл силтаб, Швецияга кетишга қарор қилдим. Санъатдан бутунлай кетиб, Швецияда қора ишчи бўлиб ишламоқчи эдим.

Ҳар қандай фикримизни устозимиз билан маслаҳат қилиб, кейин унинг ҳаракатига тушардик. Устозимга «Швецияга кетаман», деганимда, уларнинг «Балки, сен кутган кунларга жуда оз қолгандир, умидсизликка тушма, яна озгина сабр қил», деган мазмундаги гаплари билан кетиш фикридан қайтдим.

Устозим Озодбек Назарбековнинг яна озгина сабр қилиб, ўз устингда тинмай ишла, деган гапларидан ҳеч қанча ўтмасдан «Айрилдим» деб номланган қўшиғим оммалашиб кетди. Бу жуда узоқ кутилган, айни вақтда умуман кутилмаган ҳолат эди. Ҳаттоки ушбу қўшиғим 2014 йилдаги энг оммалашган тарона сифатида «Йил қўшиғи—2014» мукофотига ҳам лойиқ кўрилган.

Устозимга ҳавас қилиб, улардек инсон бўлсин, деб ўғлимнинг исмини Озодбек қўйганман. Ҳозир ҳам ҳар бир ишни улар билан маслаҳатлашаман. Ҳаёт ва ижод йўлларимда менга шундай устозни пешонамга ёзгани учун Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин.

Баҳром Назаров, хонанда

«Ҳаётимдаги энг оғир пайтда фақат битта устозимга мурожаат қиламан».

Фото: «Дарё»

Табиатан бир нарсадан жуда тез ҳафсалам пир бўлиб, уни тез ташлаб кетиб, қийинчилиги чиқса, сабрсизлик қилиб, ўша ишни охирига етказмаслик одатидан йироқман. Бир ишни бошладимми, албатта, қанақа қийинчилиги бўлишига қарамасдан, охирига етказишга ҳаракат қиламан. Осон ишлардан кўра, ўзимни энг қийин ишларга ургим келади. Чунки касбим нуқтаи назаридан энг оғир ишни уддалаган пайтимда ўзимга нисбатан ишонч ва ғурурни ҳис қиламан.

Лекин шундай бўлса ҳам ҳафсалам пир бўлиб, «Бўлди энди, бошқа иш билан шуғулланаман», деган пайтларим ҳам бўлган. Кўп эмас, дейлик шу вақтгача бир ёки икки марта, бир мартаси аниқ эсимда. Бунга соҳа билан, касб билан боғлиқ турли тўқнашувлар сабаб эди.

Ўзи кинонинг бошида қизиқ бир тақдир бор экан-да. Ҳар доим уни тўғриламоқчи бўлишади, ҳар доим. Аввал ғоянгни тўғриламоқчи бўлишади, кейин сценарийингни тўғриламоқчи бўлишади, кейин кинойингни ўзини тўғриламоқчи бўлишади, кейин ўзингнинг суробингни тўғриламоқчи бўлишади. Касбларнинг ичида кино ва киночиларни ҳар доим тўғриламоқчи бўлишади. Тушунмайман.

Тўғриланавериб, тўғриланмоқчи бўлавериб, бўлавериб охири белинг синиш даражасига келади. Ҳадеб букиб, қайиришганидан сўнг синмай нима қиласан?! Ўша «Дод, бўлди, етар, кетаман, бу соҳани қилмайман», деган пайтим бўлган.

Нафақат кинода, балки ҳаётимдаги энг оғир пайтда фақат битта устозимга мурожаат қиламан. Ҳеч иккиланмасдан, шартта олдиларига бораман. Бу менинг отам. Одилхўжа Аҳмедов менинг отам бўладилар. Олдиларига бориб, бор гапларимни гапираман. Ортиқча насиҳат ҳам бермайдилар, унақа қилмагин, ҳам демайдилар. Фақат ўзларининг бошидан ўтган қийинчиликлар ҳақида гапириб берадилар. Шундан ўзимга куч олиб қайтаман.

Ўшанда ҳам шунақа бўлган, одам ўзидан уялиб қолган вазият бўлади-ку, менда ҳам шундай бўлган.

Жаҳонгир Аҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр.

«Алишер Узоқов — менинг отам»

Фото: «Дарё»

Алишер ака Туркияга «съёмка»га кетганларидан сўнг Тошкентда карантин эълон қилинди. Карантин вақтида тиктокер, блогерлигимни бошладим. Етти ойдан сўнг Алишер ака Тошкентга келдилар. Карантин ҳам енгиллаштирилди. Бир куни номаълум рақамдан қўнғироқ бўлиб «Қаердасан?», деган овоз келди, «Ким бу?», десам «Мен Алишер акангман, Тошкентга келдим, тез офисга кел», дедилар.

Уларнинг олдиларига боргунча «TikTok’даги видеоларимни кўрган бўлсалар, нима бўлади, майли, ҳаммаси пешонадан», деб ўйлаб бордим. Борганимда «Ҳаммаси яхши, ўзларингни ўзларинг эплаётган экансизлар», дедилар. Алишер ака янги лойиҳалар бошлаётган эканлар. Бизни ҳам шу лойиҳаларга таклиф қилдилар. Ўша вақтда АҚШга ўқишга кетишга ҳаракат қилаётгандим. «Устоз Америкага кетмоқчиман. У ерда ҳам ўқиб, ҳам ишламоқчиман», дедим. «Яхшилаб ўйлаб кўр», деб хайрлашдилар. Иккинчи куни яна кўришдик, «барибир АҚШга кетаман, устоз», дедим. Яна «ўйлаб кўр», деб хайрлашдилар.

2020 йилнинг ноябрь ойида виза олишим керак эди. Виза олиш кунимиз аниқ эди. Алишер аканинг уйларига уйимиз яқин. Дўконга чиққанимда уларни кўриб қолдим. Улар мени кўриб «Ўйлаб кўрдингми?», дедилар. «Ҳа, ўйладим, кетмасам бўлмайди», дедим. «Озод, ойингга тушунтир, бир йил қийналсанг ҳеч нима бўлмайди, лекин кетсанг, ҳеч қачон мени устоз деб олдимга келма. Қолсанг, Худо хоҳласа, афсусланмайсан. Ортингга қара, сен нималарни ташлаб кетаётганингни яхшилаб ўйлаб кўр, агар кетсанг актёр бўламан деган мақсадинг ўлади», дедилар. Шу гаплардан сўнг шартта уйга кириб «Ойи, мен кетмайман», деб Алишер ака айтган ҳамма гапни ўзимнинг гапларим сифатида уларга гапириб бердим. Кейин ойим «Сен шуни хоҳладингми, яхши бўлади, деб ўйлаяпсанми, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади», дедилар. Худога шукр, яхшиям кетмабман. Ҳозир кетмаганимдан умуман афсусланмайман. Уларга катта меҳрим сабаб, ҳурматим сабаб ҳамиша «Алишер Узоқов менинг отам», дейман.

Озод Хуррамов, актёр, блогер

«Мусиқа мактабига қатнашга имконим бўлмагани учун эшик тирқишига қулоғимни қўйиб, дарсни тинглардим». 

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига берган интервьюсида унинг мусиқага қизиқишини пайқаб, тўғри йўл кўрсатган устози ҳақида сўзлаб берди.

Мени мусиқа фанини ўзлаштиришим жуда ҳам ўзига хос, жуда ҳам қизиқ шаклда ўтган. Жуда катта оила бўлганмиз, оиламизда етти фарзанд эдик. Деярли ҳаммамиз вояга етмаган пайтимизда онам дунёдан ўтиб қолдилар. Ҳаётимизда жуда катта иқтисодий қийинчилик даври бўлди. Яхши эслайман, мусиқа мактабимизга 12 сўм бадал пули тўлаш керак эди, ўшани тўлаш ҳам оиламизга оғирлик қилар эди.

Рубоб олиш катта орзум бўлган. Акмалжон деган синфдошим бўлган. У ўша мусиқа мактабига борарди. Акмалжоннинг мусиқа мактабида дарси бўлган куни мактабга рубобини кўтариб келарди. У рубобини олиб келган кун мен учун байрам эди. Мени мусиқа мактабининг синфига киргизишмас эди. Калитнинг тирқишига қулоғимни қўйиб, берилган дарсларни ёдлаб олиб, ёдлаган куйларим эсимдан чиқиб қолмаслиги учун мактаб коридорида у ёқдан бу ёққа ғинғиллаб, такрорлаб ўтирардим. Синфдошим дарсдан чиқиши билан рубобини олиб, хотирамдаги куйни рубобда чалиб кўриб, қўлимга кўчирардим. Дарсдан сўнг уйга қайтардим, уйга қайтгач маҳалламиздаги бошқа бир боланинг рубобини олиб, унда шуғулланиб, дарсларни ўзлаштирардим.

Ҳатто охирги вақтлар шундай бўлдики, мусиқа мактабидаги Собиржон ака деган устозимиз мактабга пул тўлолмаганимга ҳам кўз юмиб, «Кириб, охирги партада бўлса ҳам ўтиравер», дедилар. Ўша вақтда шунақа бахтли эдимки, мен уни бюрократияси билан нима ишим бор, мен ўқияпман, менга шу керак эди. Шанба ва якшанба куни устознинг уйларига борардим. У кунларни кутиб яшардим. Чунки устозимнинг уйларида барча мусиқа асбоблари бўларди. Устозларимиз беҳикмат инсонлар бўлишмаган. Аввал бир иш берардилар, ўша ишни бажарганимиздан кейин икки соат соз чалишга рухсат берганлар. Ўша куни мендан бахтли инсон бўлмаган.

Бугун имконият йўқ, дейиш учун уялиш керак. Инсон олдига катта мақсад қўйиб интиладиган бўлса, бугун ҳамма шарт-шароитлар бор.

Устоз қайсар бўладими, у жиддий одам бўлиши мумкин, феъли оғирроқ бўладими, шогирд учун ундан билим олиш олий мақсадми, қай йўл билан бўлса ҳам устозларни тилини топишимиз керак.

Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши учун ўзига ўзи ёрдам берганчалик ҳеч ким унга ёрдам бермайди, ҳаттоки ота-она ҳам унга бу масалада ёрдам бера олмайди.

Озодбек Назарбеков, маданият вазири