Мигрантларга ёрдам берадиган нотижорат Tong Jahoni ташкилоти раҳбари Валентина Чупик 25 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг Шереметьево аэропортида ҳибсга олинди. Чупик Россиядан ҳайдаб чиқарилмоқда, дея маълум қилди «Новая газета»га таяниб «Gazeta.uz».

Фото: Kloop

«Мен Шереметьево аэропорти, F. терминалидаги махсус ҳибсхонада ўтирибман. Ҳужжатларни олиб қўйишгани учун улар мени қаерга олиб кетишлари номаълум», — дея нашр Валентина Чупик иқтибосини келтиради.

Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари ҳуқуқ ҳимоячисига Россияда қочқин мақоми олиб қўйилгани тўғрисида хабар беришди. Шунингдек, унга 2051 йилгача мамлакатга кириш тақиқланди. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳуқуқ ҳимоячисининг энди ўз мамлакатига депортация қилиниши хавфи бор, дейилади хабарда.

«Медиазона» маълумотларига кўра, Валентина Чупик «Қочқинлар тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддаси (қочқин деб тан олиш учун била туриб ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш) асосида қочқинлик мақомидан маҳрум қилинган.

«Паспорт назоратида ўтказмадилар, қочқин гувоҳномаси ва йўл ҳужжатини олиб қўйиб, махсус ҳибсхонага қамаб қўйишди. Бу ер кеча-ю кундуз ёруғ, сув ва ҳожатхона бор, лекин мобил телефон учун қувватлагични беришмаяпти, унинг «заряди» эса анча ўтирган.

Менга ‘Ички ишлар вазирлигидаги тизимли коррупция ҳақида жуда фаол гапирганимни ва мигрантларнинг ноқонуний ҳибсга олиниши тўғрисида жуда кўп шикоят қилганимни’ тўғридан-тўғри айтишди. 24 соат ичида Ўзбекистонга депортация қилишмоқчи, шунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди [IHES регламенти]нинг 39-қоидасини қўллашга улгурмайди», — деди Чупик «РБК»га.

Унинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон била туриб ўзи ҳақида ёлғон маълумот бермаган ва сохта ҳужжатлар тақдим этмаган.

«Аммо мен депортациядан сўнг апелляция бериш имкониятига эга бўламан», — дея у Ўзбекистонга, тўғри «МХХ подвалига» (Миллий хавфсизлик хизмати, 2018 йилда Давлат хавфсизлик хизмати номига ўзгартирилган) депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида таъкидлади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Андижон воқеаларидан кейин Россияга кўчиб кетган. У кўп йиллардан буён Москвада яшайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг босими ва бошқа муаммоларга дуч келган мигрантларга бепул юридик ёрдам кўрсатади.