Сўнгги йилларда афғон жамиятининг эркинлиги рамзларига айланган аёллар Афғонистонни тарк этди. Майдоншаҳр шаҳар мери Зарифа Ғаффорий, Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятидаги Чоркент уезди раҳбари Салима Мозорий ва Афғонистон парламенти раисининг собиқ ўринбосари Фаузия Куфий — афғонистонлик энг машҳур сиёсатчи аёллар. Улар ҳақида Fergana.Media ҳикоя қилади.

Энди уларнинг барчаси чет элда. Афғонистонда ҳокимият халқаро ҳамжамиятга қаратилган ваъдаларига қарамай, аёлларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиш ҳуқуқини чекловчи «Толибон» томонидан эгаллаб олингач, уларга ўлим хавфи таҳдид қилаётган эди.

Фаузия Куфий

Куфий 1975 йилда Тожикистон билан чегарадош бўлган Бадахшон вилоятида туғилган. Унинг отасининг етти нафар хотини бўлган. Оилада қарийб 20 нафар бола тарбияланган.

Куфий ўз сиёсий карьерасини 2001 йилда бошлаб, Афғонистонда аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган «Мактабга қайтиш» кампаниясини илгари сурган.

Фаузия Куфий (чапда) Кобулдан эвакуация қилинганидан кейин, 2021 йил сентябрь

Фото: Twitter

2002 йилда у болалар ҳимояси бўйича ходим сифатида ЮНИСЕФга ишга кирган, 2005 йилда эса биринчи марта Афғонистон парламентининг Бадахшон вилоятидан депутати сифатида сайланган. Депутатлик мақоми унинг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасидаги имкониятларини кенгайтирди, у Аёллар масалалари бўйича қўмитага раҳбар бўлди.

2000 йиллар бошида Куфий кетма-кет икки нафар қиз фарзандни дунёга келтирди. Унинг турмуш ўртоғи эса иккинчи фарзанди туғилганидан кейин кўп ўтмай, сил касаллигидан вафот этди, у бу касалликни «Толибон»га асир тушган вақтида орттирган эди.

Куфий Афғонистон парламенти раиси ўринбосари лавозимига тайинланган илк аёл кишига айланди. 2014 йилда у яна афғон аёллари орасида биринчи бўлиб мамлакат президенти сайловига ўз номзодини қўйди.

2020 йилда Куфий «Толибон» билан ярашув сулҳини тузиш ҳақида музокаралар олиб бориш учун 21 кишилик делегацияга бошқа таниқли афғон сиёсатчилари қаторида киритлди. «Толибон» билан маслаҳатлашувлар Қатарда олиб борилди, аммо натижа бермади.

Музокарачи бўлган вақтидаёқ Парвон вилоятидан Кобулга қайтиш чоғида Куфийга суиқасд уюштирилди. У синглиси билан пойтахтга кираверишдаги бозорда тўхтаганида номаълум шахслар ўқотар қуролдан ўққа тутди. Куфий енгил жароҳатлар билан қутулиб қолди.

«Толибон» вакили Забиулла Мужоҳид ҳаракатнинг ҳужумга алоқадор эмаслигини таъкидлади.

Фаузия Куфий Кобулдан Қатарга етиб келди, 2021 йил 31 август

Фото: Twitter

Толиблар Кобулни қамал қилишидан бир неча кун аввал, пойтахтда бўлган Куфий канадалик журналистларга жангарилар афғон армиясини уларга қарши жангларда қўллаб-қувватлаган Америка авиациясидан қўрқмаслигини, аммо аёллардан қўрқишини айтганди. «Толибон» Кобулни эгаллаб олганидан кейин уни уй қамоғига юборишди. Қуролланган толиблар унинг уйи дарвозаси ёнида соқчилик қилди.

31 август куни Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакиласи Лолва ал-Хотир Куфий Кобулдан Қатарга эвакуация қилинганини эълон қилди. «Мамнуният билан хабар қиламанки, Фаузия опа Қатарга аввалроқ эвакуация қилинган қизлари билан қайта бирлашиш учун Қатар Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётида келиб қўнди. Афғонистонда бунга ҳисса қўшганларнинг барчасига раҳмат», — деган эди ал-Хотир.

Айни пайтда Куфий турли халқаро тадбирларда қатнашмоқда ва музокаралар олиб бормоқда. Нафақат Қатарда, балки бошқа мамлакатларда ҳам. Анжуманлардан бирида у жорий йил ёзида афғон хавфсизлик кучларининг шиддат билан енгилишига ҳукуматнинг порахўрлиги сабаб бўлганини айтди.

Бироқ Куфий ҳокимият «Толибон» қўлида бўлган, аёлларнинг ўз озодлиги учун уюштирилган тинч намойишлари қурол билан тарқатиб юборилаётган Афғонистонга қайтиб, у ерда сиёсий ва жамоатчилик фаолияти билан шуғулланиш имкониятига эга бўлиш-бўлмаслиги бутунлай қоронғи.

Зарифа Ғаффорий

15 август куни, «Толибон» Кобулга кирган вақтда, афғонистонлик 29 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсатчи Зарифа Ғаффорий Британиянинг iNews нашрига Афғонистон пойтахтида қолиб кетгани ва толибларнинг қасос олишидан қўрқаётгани ҳақида сўзлаб берарди. «Бу ерда ўтириб, уларнинг қачон келишини кутяпман. Менга ёки оиламга ёрдам бера оладиган бирор кимса йўқ. Эрим ва оиламнинг бошқа аъзолари билан бирга уларни шунчаки кутиб ўтирибман. Толиблар менга ўхшаганларни топиб ўлдиради. Мен оиламни ташлаб кета олмайман. Ташлаб кетганимда ҳам қаёққа борардим?», — деганди у.

Зарифа Ғаффорий

Фото: Twitter

Зарифа Ғаффорий Кобулда туғилган ва Афғонистондаги фуқаролар уруши авжига чиққан вақтда ўсиб, улғайган. Унинг болалиги мамлакатни толиблар бошқарган 1990 йилларнинг охирларига тўғри келади. Ўша даврнинг қонун-қоидаларига кўра, аёллар кўчага бурқа кийиб ва фақат эркак қариндоши ҳамроҳлигида чиқиши мумкин эди. Аёллар ташқаридан кўринмаслиги учун биноларнинг биринчи ва иккинчи қаватдаги деразалари бўяб ташланар ёки ёпиб қўйилар, бу эса биқиқликни янада кучайтириб, руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни — тушкунлик (депрессия) ва ўз жонига қасд қилиш ҳолларини кўпайтирарди. Афғон аёлларига ўқиш, ишлаш ва сиёсат билан шуғулланиш тақиқланган эди. Улар муносиб тиббий ёрдамдан ҳам фойдалана олмасди — аксар шифохоналарда эркак шифокорлар аёлларни тўлиқ кийим-бошда бўлган ҳолида кўрикдан ўтказарди. Аёлларнинг бўйсунмаслиги қаттиқ жазоланарди: улар ё ўлгунича саваланиши, ё тошбўрон қилиниши мумкин эди.

2001 йили «Толибон» қулаб, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистонга кириб келиб, аёллар яна ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлган вақтда Ғаффорий 7 ёшда эди. У 16 ёшида Ҳиндистондаги Панжоб университети стипендиясини қўлга киритиб, у ерда иқтисодиётни ўрганди. У 2014—2015 йилларда инсон ҳуқуқлари ташкилотига ва Peghla FM радиостанциясига асос солди — уларнинг ҳар иккиси ҳам аёллар ҳуқуқи билан шуғулланарди.

Ғаффорий 27 ёшида Афғонистондаги энг ёш мерга айланди. У 2018 йили Вардак вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Майдоншаҳр шаҳрига бош бўлди — у ерда кўпчилик толибларни қўлларди. Ҳокимнинг ёши ва жинси, табиийки, маҳаллий аҳолининг танқиди ва норозиликларига сабаб бўлган. Ҳокимлик биносига таёқ ва тош кўтарган эркаклар бостириб киргани боис у биринчи иш куниёқ ўз хонасидан эвакуация қилинган эди. Ғаффорий орадан тўққиз ой ўтибгина мер ваколатларини бажаришга қайта олди, коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор амалдорларни ишдан ҳайдади, шаҳарсозлик ва экология бўйича лойиҳаларни бошлади ҳамда аёллар ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни сотиши мумкин бўлган савдо майдонлари режасини ишлаб чиқди.

Мерга мунтазам таҳдид қилинган, уни ҳатто бир неча бор ўлдирмоқчи ҳам бўлишган. 2021 йилнинг май ойида Time журнали Ғаффорийнинг учта суиқасддан омон қолгани ҳақида ёзганди — аёлнинг ўзи ушбу ҳужумлар ортида «Толибон» турибди, деб ҳисоблайди. Бошқа манбаларга кўра, суиқасдлар сони камида икки баробар кўп. 2020 йил октябрида АҚШ Давлат департаменти сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячисига қарши уюштирилган олтинчи суиқасдни қораловчи баёнот билан чиққан эди.

2020 йил ноябрида юқори мартабали афғон ҳарбийларидан бири ҳисобланган унинг отасини Кобулдаги уйи олдида отиб кетишган. Ғаффорийнинг фикрича, отаси айнан унинг фаолияти сабабли толиблар ўлжасига айланган. «Бу ‘Толибонънинг иши. Мен Майдоншаҳрда уларга керак эмасман. Шу боис улар отамни ўлдирди», — дейди у.

17 август куни Sydney Morning Herald мухбирлари билан суҳбатда Ғаффорий бутун оиласи қўрқув ичида қолганини тан олди. « ‘Толибон’ шаҳарни қуршаб олди. Улар одамларни ўлдириб, ҳаммаёқни вайрон қиляпти. Ҳаммамиз қўрқувдамиз. Онам қўрқяпти. Агар ўлиб қолсам, оилам ва эримнинг аҳволи нима кечади? Укам йиғлаб: ‘Опажон, кета олсанг, илтимос, кет!’, деб ёлворди», — дея ҳикоя қилади у. Зарифанинг айтишича, одамлар Кобулнинг бирдан босиб олинишига тайёр эмас эди, чунки улар «халқаро ҳамжамият афғонларни шундай ташлаб кетишини кутмаганди».

Ғаффорий «Толибон» етакчиларининг аёлларнинг ишлаш ва таълим олиш ҳуқуқларини сақлаб қолиш, хорижий ҳарбийлар ва Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилган шахсларни таъқиб қилмаслик ҳақидаги баёнотларига ишончсизлик билан қарайди. Унинг айтишича, толиблар «инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, қонунлар ва сиёсат ҳақида ҳеч нарса билмайди».

Охир-оқибат Ғаффорий Кобулдан Покистонга қочиб кетишга муваффақ бўлди, у ердан эса 23 август куни Германияга келди.

Ҳозир ундан европалик журналистлар тез-тез интервью олади, толиблар томонидан аёллар ҳуқуқларининг чекланиши борасидаги фикрлари билан қизиқади. Аммо бундай интервьюлар европалик сиёсатчиларнинг позициясига ҳеч қандай таъсир ўтказмаяпти, улар «Толибон»нинг Афғонистон ичкарисидаги репрессияларига бутунлай кучсиз муносабат билдирмоқда.

Салима Мозорий

У 14 август куни кечқурун Афғонистонни маршал, этник ўзбек Абдулрашид Дўстум билан биргаликда Дўстлик кўприги орқали тарк этиб, Ўзбекистонга ўтишга уринди. Бироқ ўзбекистонлик чегарачилар Дўстумни ва яна бир қатор юқори мансабли афғон сиёсатчиларини киргизиб, 2018 йилдан буён Балх вилоятидаги Чоркент уездига ҳамда ушбу ҳудудни толиблардан ҳимоя қилган маҳаллий халқ лашкарига раҳбарлик қилиб келган Салима Мозорийни киритмади.

Салима Мозорий ўз халқ лашкари орасида

Фото: Ижтимоий тармоқлардан олинган сурат / Fergana.Media

Мозорий Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келгунига қадар маҳаллий аёллар орасида «Толибон»нинг энг ашаддий душмани бўлган. Ҳатто жангариларга қарши операцияларга шахсан қўмондонлик қилган. Унинг раҳбарлиги остида 32 минг аҳолига эга уезд нисбатан хавфсиз бўлиб келган.

У 1980 йилда Эронда қочқин ҳазоралар оиласида туғилган, улар ота юрти —Балх вилоятини Афғонистонга собиқ иттифоқ қўшинлари киритилиши туфайли тарк этган. 1979 йилда Ислом инқилоби бўлиб ўтган шиалар Эрони томонидан фаол қўллаб-қувватланувчи шиа ҳазоралар Афғонистон ҳудудига собиқ иттифоқ қўшинлари киритилишига кучли қаршилик қилганлардан бири эди. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги охир-оқибат Эронга кетишга мажбур бўлди.

Теҳронда Мозорий олий маълумотга эга бўлди. 2001 йилда толиблар ҳокимияти қулаганидан кейин Афғонистонга қайтиб келди. Турли маъмурий лавозимларда ишлади. 2018 йилда Чоркент раҳбари лавозими бўшаганидан сўнг Мозорий ушбу лавозимни эгаллаш учун ариза берди.

Уезд раҳбарига айлангач, биринчи қилган ишларидан бири маҳаллий аҳолини террорчилик гуруҳлари жангариларидан ҳимоя қилиш учун маҳаллий халқ лашкарини тузиш бўлди. У жанговар операцияларда шахсан иштирок этарди. 2020 йилда «Толибон»нинг 100 нафар жангарисини асирга олиш ҳақида келишиб олди.

Афғонистондан чет эл қўшинларининг олиб чиқилиши фонида жорий йил май ойида «Толибон» оммавий ҳужумларни бошлаганидан кейин то август ўрталаригача Чоркент мудофаа кучлари толибларнинг қарийб 30 та ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлди.

14 август куни губернатор соқчилари югуриб кириб, шаҳар мудофааси қулаганини ва жангарилар даҳаларни эгаллаб олаётганини эълон қилган пайтда Мозорий Балх губернатори Муҳаммад Фарҳод Азимийнинг ишхонасида ўтирганди.

Азимий Мозорийга у билан бирга Амударёнинг Афғонистондаги қирғоғини Ўзбекистондаги қирғоқ билан бирлаштирувчи Дўстлик кўпригига бориб, сўнг Ўзбекистон ҳукуматидан бошпана сўрашни таклиф қилди. У Чоркентга қайта олмасди, халқ лашкари унга қўнғироқ қилиб, ҳамма томондан қамал қилинганларини маълум қилди.

«Курашни давом эттириш халқимизнинг манфаатларига зид келарди», — дея кейинроқ Time журналистларига изоҳ берди Мозорий. У ўз одамларига чекинишни буюрди ва Азимий билан бирга Мозори Шарифдан 75 км узоқликда жойлашган Дўстлик кўпригига боришга рози бўлди.

«Биз карвон бўлиб турмуш ўртоғим ва соқчиларим билан йўлга тушдик. Йўлда бизга бир нечта юқори мансабли раҳбарлар, шу жумладан, собиқ вице-президент ва ҳарбий бошлиқ Абдулрашид Дўстум ҳамда Балх собиқ губернатори ва тожик кўнгиллилар қўшини қўмондони Ато Муҳаммад Нур келиб қўшилди. Афғон ҳарбий бўлинмаларининг кўпчилиги ҳам Ўзбекистон чегараси томонга қараб йўл олди», — деди Мозорий.

Улар «Ҳайратон» чегара постига етиб келганида Дўстлик кўпригининг Афғонистон томони юқори мансабли амалдорлар ва ҳарбий хизматчилар билан тўлиб-тошган эди. Ҳамма саросимада эди. Мозорийга ўзбек чегарачилари чегарадан ўтишга рухсат бермади. Фақат Азимий, Дўстум, Нур ва яна баъзи юқори мансабли афғонларнинг Ўзбекистонга киришига рухсат этилган. Мозорий ва бошқа кўплар Афғонистон ҳудудига қайтишга мажбур бўлган.

Чоркент уездининг эндиликда собиқ раҳбари бурқа кийиб олиб, толиблар патруллик қилаётган Мозори Шарифда қариндошларининг уйида икки кун яшириниб юрди. Бу вақтда хорижликлар ва афғонистонликларни Кобул аэропортидан чет эл ҳарбий-транспорт самолётларида эвакуация қилиш бошланганди. Мозорий турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари билан эски машинада Афғонистон пойтахтига қараб йўл олди.

Уларга омад кулиб боқиб, асосий автомобиль йўлларига жангарилар томонидан ўрнатилган барча блокпостлардан муаммосиз ўтиб олди.

40 ёшли Мозорий толибларга жуда яхши таниш бўлгани сабабли Кобул аэропортига очиқдан очиқ бора олмасди — аэропорт атрофини толиблар ўраб олганди. У танишлари уни аэропортга етказиш ҳақида келишиб олгунича бир неча кун турли хонадонларда яширинишга мажбур бўлди.

24 август куни Америка ҳарбийлари Мозорий ва унинг қариндошларини олиб кетиш учун вертолётда белгиланган жойга етиб келди ва уларни аэропорт ҳудудига етказди. У бир кундан кейин ўз оиласи билан Қатарга, у ердан эса АҚШга учиб кетди. Буларнинг барчаси ҳақида 14 сентябрдагина, у журналистларга қандай қутқарилгани ҳақида интервью берганидан кейин маълум бўлди. Унгача эса толиблар ботир аёлни қўлга олиб, эҳтимол қатл қилгани ҳақида миш-мишлар юрганди.

«Айни пайтда ‘Толибонъга қарши қуролли кураш энди ечим эмас — биз мамлакатимизга ёрдам беришнинг бошқа йўлини ўѣлаб топишимиз керак», — деди Мозорий сўнгги интервьюларидан бирида.