«Ювентус» устози Массимилиано Аллегри 27 август куни Криштиану Роналдунинг кетишини эълон қилди ва ўша куни клубнинг бир дона акцияси 0,78 евро кўрсаткичда ёпилди — бу бир кун олдингидан 1,23 фоизга кўпроқ. Фонд биржаси Кришнинг Туриндан кетишини шафқатсиз баҳолади. Уч йил олдин унинг «Ювентус»га келиши (акцияларнинг 6 фоизга ошиши) фойдали бўлганди, кетиш ҳам шундай бўлди.

Фото: Getty Images

Россиялик таҳлилчи Андрей Клешченок Роналдунинг «Ювентус»даги фаолиятига назар солди.

Роналду «Ювентус»нинг жамоавий ўйинини «синдирди» ва голлари билан бу камчиликни ёпа олмади.

Уч йил аввал бу даражадаги юлдузнинг Туринга келиши катта сенсация бўлганди. Италия чемпиони ҳали «маҳаллий машина» мақомидан узоқлашмаган ва доимий грандларнинг финалларда қатнашишидан чарчаган нейтрал мухлисларнинг симпатиясига сабаб бўлганди. Роналдунинг харид қилиниши жамоа даражасини ҳам ўзгартирганди. «Ювентус» «клуб» сўзининг ёнига «супер» сўзини қўша олди.

Ўйин режасида жамоанинг мақсади аниқ эди: кучли жамоага ҳал қилувчи даражадаги дозани қўшиш ва ягона забт этилмаган чўққи — Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш. Бироқ бу амалга ошмади. «Ювентус» икки марта плей-оффнинг дастлабки босқичидаёқ мусобақани тарк этди ва ички чемпионат доминатори мақомини йўқотди.

Фото: «Дарё»

Трансферни муваффақиятсиз деб аташ учун негатив сабаблар етарлича эди ҳамда бу ёқимсиз ёрлиқ билан уни Иан Раш ва Марсело Салас қаторида «Ювентус» тарихининг чанг босган қисмига юбориш ҳам мумкин эди. Аммо барчаси оддий эмас. Роналду шахсиятига муносабат клубнинг бошқа футболчиларига бўлган муносабатдан фарқ қилади. Жамоа ўйлаган мақсадига эриша олмаган бўлса-да, Роналдунинг шахсий статистикалари ёмон эмас.

Португалиялик футболчининг натижалари унга ишонч билдириш учун таянч бўлади. 101 та гол клубнинг пасайишда айблаётганларга жавоб бўла олади, яна Роналдуни тўпурарлик кўрсаткичлари билан катта фойда бермаганликда айблаб бўлмайди.

Бу пайтда саволнинг умумий ва аниқ жавоби — Роналдунинг жамоага таъсири. Унинг даражаси сокин топ-клубни импулсив ва тизимсиз жамоага айлантирди. Ҳар доим синчков бўлган «Ювентус» кутилмаганда 5 йил ичида жамоага 11 та соврин олиб келган мураббийни истеъфога чиқарди, унинг ўрнига жамоани ўзига мослаб олиши учун узоқ вақт талаб қиладиган мураббийни олиб келди. Орадан бир йил ўтиб, мураббийлик фаолиятини энди бошлаган мутахассисга имкон бериш учун уни ҳам истеъфога чиқарди. Анелли 3 йилда 3 нафар мураббий алмаштирди, бу Роналду келгунига қадар охирги 8 йилдагидан ҳам кўп эди. Бундай ҳодисалар камда-кам тасодиф туфайли юз беради.

Португалияликнинг жамоа мураббийларининг муваффақиятсизлигига тўғридан-тўғри таъсири кўп муҳокама қилинди. Индивидуал мавсумлар бир-биридан фарқ қилади. Роналду Аллегри қўл остида ажойиб ўйин намойиш этди, Пирлонинг мураббийлик даврининг биринчи ярим йиллигида ёмон натижалар қайд этмади, Сарри даврида эса унинг омадсиз натижалари бошланди: тезкор қайта тўп оширишлар, бўш ҳудудларсиз тўпга эгалик қилишлар фикр ва техника етишмаслигига олиб келди. Тактик жиҳатдан чегараланган тўпурар иккала фазани ҳам бузди — тўп билан ва тўпсиз: Аллегрининг тотал ҳимоясини эътиборсиз қолдирди, Саррининг юқори босими ва Пирлонинг қарама-қарши прессингини, Саррининг қаттиқ ҳужумкор тизимини ва Макснинг олдиндан айтиб бўлмайдиган мослашувчанлигини йўққа чиқарди.

Фото: Getty Images

Роналдунинг камчиликларини бутун Италия футболи муҳокама қилди. Сарри португалияликнинг Дибала билан келишиб ўйнамаслигидан шикоят қилди: «Рон билан ишлаш осонмас. У халқаро бренд, унинг шахсий қизиқишлари жамоа билан мос келмаслиги мумкин».

Аллегри эса Sky Sport эфирида: «Жамоадошлари Роналду ташлаб кетадиган зоналарни тўлдириши лозим. Бир йил ичида бечора Манжукич бутун фаолияти давомидагидан кўпроқ масофа босиб ўтди».

Кассано ўз одатига кўра кескин танқид қилди: «Туринликлар охирги 20-30 йилда Италияда энг яхши футболни намойиш этаётган мураббийни истеъфога чиқарди. Унинг биттагина муаммоси бор эди — у ҳам бўлса Криштиану Роналду. Сарри ва Пирло билан ҳам шу ҳол юз берди. Ўтган мавсумда «Юве» раҳбарларининг Сарри Роналду ва бир-икки футболчи билан тил топиша олмагани учун жаҳли чиққанди. Клуб нима қилди? Яна бир футбол ўйнашни хоҳлайдиган мураббийни олиб келди, Роналдуни эса жамоада қолдирди. У алоҳида бир услубга мослашмаган. Роналду рекордларини янгилашда давом этиши керак, бунинг учун сиз унга тўп узатиб беришга мажбурсиз. Роналду тўрт йил олдинги футболчи эмас».

«Реал»да тактик жиҳатдан камчиликларини Роналду юзлаб голлари билан ёпарди. «Ювентус»да ҳам у доимий ва кўплаб гол урарди, лекин ўзининг мадридча версиясидан камроқ. У гўёки жамоани етаклаётгандек туюларди. Аслида эса ундай эмасди.

Юқорида келтирилган савол — нега унинг тўпурарлик натижалари тактик негативни келтириб чиқарди — Кришнинг Италиядаги фаолиятидан келиб чиқиб икки далил кўзга ташланади.

Биринчиси — уч мавсумда 101 та гол. Роналду ҳар мавсумда ўртача 30 та гол урди. Лекин 29 фоиз голлар пенальти ҳисобига тўғри келмоқда. Муваффақиятининг деярли учдан бири янги қоида туфайли урилган. (Бу ерда бир нарсани айтиш мумкин. Статистик маълумотларга кўра, Роналду «Ювентус»даги энг яхши пенальти ижрочиси эмас, шунинг учун унинг аниқлиги жамоага ҳеч нарса бермади — усиз ҳам ўн бир метрлик жарималар кам бўлмасди).

Пенальтиларни ҳисобга олмаса, Роналду бир мавсумда ўртача 24 та гол урган — энг кам гол урган мавсумида 22 та, энг кўпи — 27 та. Криштиану «Ювентус»нинг аввалги тўпурарларидан кўп гол урмаган.

Фото: «Дарё»

Роналдунинг охирги икки йилда Пирло ва Сарри қўл остида ўзгарган Италия футболида ўйнаганини ёдга олиш фойдасиз, шундай «фора» билан ҳам у аввалги ҳужумчилардан яхшироқ натижа кўрсата олмаган. Игуаин ва Дибала ҳужумда келишиб ўйнай оларди ва жамоанинг кўплаб ҳужумлар уюштиришини таъминларди. Лекин айнан Роналду туфайли Гонсало сотиб юборилди, Дибала четга сурилди. Роналду шуларга қарамасдан жамоага катта фойда келтира олмади. Аргентиналик футболчилар икки мавсумда пенальтиларсиз 87 та гол урганди.

Роналду тўпсиз ўйнаш услубини шунчаки бузиб қўйди. Дибала 90 дақиқалик ўйин давомида ўртача 15,6 марта прессинг уюштирган. Игуаин эса 13,3 марта. Криштиану икки баробар камроқ — 7,23 марта. У ҳужумни якунлашга куч сақлаб қолиш мақсадида тўпни олиб қўйишга уринмасди.

Иккинчи далил — Роналду ўрта чизиқ томонидан керакли қўллаб-қувватланмаган. «Реал»даги охирги мавсумида бир ўйинда ўртача 9,7 марта рақиб жарима майдонида тўпга тегинган. Туриндаги энг яхши натижаси 7,5 мартани ташкил этади.

Фото: Getty Images

Португалиялик футболчининг ҳужумдаги хавфлилигини ошириш ва камчиликларини тўлдириш учун ҳақиқатан ҳам сифатли ярим ҳимоя чизиғи етишмади. Бу ерда яна бир нарсага эътибор қаратиш керак. Худди шундай ҳолатда Дибала ва Игуаин кўпроқ гол урган бўларди. «Ювентус» Роналдунинг фақат муҳим паллаларда керакли бўлишини билган ҳолда харид қилган — муаммоли зоналарни ёпиш ўрнига идеал ишлаб турган чизиқни барбод қилган.

Роналдунинг Италиядаги уч мавсуми — у ва клуб менежментининг тотал муваффақиятсизлиги. У «Ювентус» учун ўзгаришни истамади. Турин жамоаси эса у учун бир неча бор ўзгарди ва ўзини йўқотиб қўйди. Жамоа Дибала ва Игуаиннинг телепатик боғламини йўқотди, Аллегрининг мосланган тактикасини бузди, Саррининг юқори даражадаги режасига қулоқ солмади — барчаси Игуаиндан ортда қолган (Гонсало асосий таркибда тушган мавсумларида 26 та гол урган) футболчи учун қилинди.

Агар «Ювентус»га Роналдусиз ҳам яхши бўлса, нега усиз ўтган ўйинларда ёмон натижалар қайд этди, энди бундай бўлмаслигига ким кафолат беради?

Португалиялик футболчисиз ўтган ўйинларда қониқарсиз натижалар — Роналдунинг камчиликларини ёпиш учун яхши далил бўла олади.

«Ювентус»нинг Роналдусиз ожизлиги яққол кўринарди. Айниқса, Пирло даврида бу яққол сезиларди. Бошқа вақтларда бу унча сезилмаган:

  1. Аллегри қўл остидаги биринчи мавсумда португалиялик 8 та ўйинни ўтказиб юборди — «Ювентус» уларнинг 5 тасида ғалаба қозонди ва 3 тасида мағлуб бўлди. Унутмаслик лозим, мағлубиятларнинг биттаси туринликлар аллақачон чемпионлик масаласи ҳал этган, таркибга ёшлар жалб этилган ўйинда содир бўлганди. Бошқа уринишлардан Роналдусиз жамоа ўртача ҳар бир ўйинда 2,14 очко жамғарган. У билан эса — 2,2. Устунлик у томонда, лекин баъзи ўйинларда у захирадан майдонга тушгани, жамоа усиз ҳам натижага эришиб бўлганини унутмаслик лозим.
  2. Иккинчи йили эса у 6 та ўйинда майдонга тушмади. «Ювентус» 4 та ўйинда ғалаба қозонган ва битта, шу ҳам чемпионатнинг охирги турида иккинчи таркиб билан мағлубиятга учраган. Сарри ҳар бир ўйинда ўртача 2,6 очко жамғарган. Роналду билан эса бу кўрсаткич 2,15 ни ташкил қилади. Маурицио Криштианусиз яхшироқ ҳаракат қилган экан.
  3. Пирло даврида эса жамоа Роналдусиз ўртача 1,5 балл тўплаган. Андреа бутун ўйинни Роналду атрофида қурарди. Шунинг учун ҳужумчи Пирло даврида кўпроқ гол урган. Аммо бу ярим мавсум давом этган. Чемпионлар Лигасидаги «Порту»га учралган мағлубиятдан сўнг Андреа услубни ўзгартирди ва бир футболчига боғланиб қолишни камайтирди. Баҳорда туринликлар Роналдусиз яхшироқ ўйнади. Пирло «Интер»ни мағлуб этди, Кубок баҳсида «Аталанта» таслим этилди, «Болонья» ва «Лацио» ҳам Роналдусиз мағлуб этилди.

Фото: Getty Images

Умумий олганда далиллар реалликдан сал узоқлаштирилди. Уч йилнинг кўп қисмида «Ювентус»  Криштианунинг йўқлигини сезмади баъзида эса унинг йўқлиги ўсишга ҳам олиб келди. Бу яхши аломат. Агар туринликлар Роналдусиз ҳаракат қилишни қисқа муддат ичида яхши эплаган бўлса, у ҳолда узоқ давр мобайнида уларни ривожланиш кутиб турибди — ахир тизимни йўл-йўлакай ўзгартиргандан кўра, уни нолдан қайта қуриш осонроқ.

Аллегрининг «Ювентус»и ўзига хос эди. Энди унинг аналогини яратиш мумкин

«Ювентус» қандай бўлишини ҳозир айтиш қийин. Камида қишгача кутиш керак. Энди Макс ўтган галгидек бутун Европани қўрқита оладиган жамоа тузишда ҳеч қандай тўсиққа учрамайди.

«А Серия қойилмақом ижрочини йўқотди. Балки, энг зўрини. Лекин футболни ўн бир киши ўйнайди. ‘Ювентус’ кучсизландими? Агар сиз футболни индивидуал спорт тури десангиз, ҳа. Лекин уни жамоавий ўйин десак, бу трансфер жамоага ёрқинроқ келажак ваъда қилади. Роналдусиз қолганлар масъулиятни ўз бўйнига олишига тўғри келади. Бу ‘Ювентус’ учун яхши. Энди уларда футболчилар ривожланиши учун ҳамма нарса бор, улар ҳақиқий жамоага айланиши учун имконият пайдо бўлди. Фақат мана шу йўл билан Еврокубокларда етакчилик қилиш мумкин», — деди Арриго Сакки Роналдунинг трансфери ҳақида.

Аллегри — мукаммал мураббий. У Саккига ўхшаб итальянча фикрлашни илгари сурмади, Гасперини сингари ултраҳужумкор услуб деб бош қотирмади, Сарри руҳида авангард суратини яратмади. Унинг жамоаси бошқаларникига қараганда оддийроқ кўринади.

Эҳтиёж топқирликни кучайтиради ва Аллегри буни бошқалардан кўра кўпроқ билади. Ҳар йили у Мароттадан таянч ярим ҳимоячиси ва «ўнинчи рақам» сўрар, эвазига навбатдаги етакчисини йўқотарди, лекин матбуот анжуманида шикоят қилишнинг ўрнига, ўша вазиятда ғалаба қилишга ўрганди. Унинг «Ювентус»и ўйин давомида схемани мунтазам ўзгартириб турарди, уч ҳимоячи тўрт—беш ҳимоячига ўзгаради ёки аксинча. Бу эса рақибларга жумбоқни келтириб чиқаради. Футболчилар ҳам ўйин давомида ролларини ўзгартириб туради. Аллегри Чемпионлар Лигаси ярим финалини Стурарони асосий таркибда тушуриб ютиб кетди, чунки ҳар бир босқичда у позицион устунликни сақлаб қолди: жамоа ижрочиларнинг устунлигидан фойдаланиб, заиф жиҳатларни яшира олди.

Фото: Getty Images

Макснинг ҳикояси — мавсум бошида ҳеч кимдан фарқ қилмайдиган, лекин якунда муваффақиятга эришишдир. У асосий футболчисини йўқотди, жамоани қайта қуриши керак. Ҳар доимгидек. Авваллари мураббий биринчи даврани тажриба сифатида ўтказиб юборарди ва қишга яқин енгилмас жамоани яратарди, лекин бу сафар қийин бўлади. Аллегри пляжда жуда кўп вақт ушланиб қолди. Италия футболи ўзгарди, сифатли ва агрессив кўриниш олди, энди унинг асосий эътибор қаратадиган позицияси — ҳимояни тузатиш учун ҳам анча вақт кетади.

Бу чақириқ эса Роналду трансферидан ҳам жиддийроқ. Лекин Аллегрида Дибала ва Кьеза, яна Локателли бор. Макснинг навбатдаги кураши мавсумнинг асосий интригаларидан бирига айланиши мумкин.