Суратга олинганига 21 йил бўлишига қарамасдан «Сардор» сериали ҳозиргача ватанпарварлик руҳидаги сериаллар ичида миллионлаб инсонларнинг севимли фильми бўлиб қолмоқда.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад сериалда бош ролни ижро этган актёр ва актрисаларнинг 21 йилдан кейинги фаолиятига қизиқди.

«Генералнинг жияни» курсант Зафар Давлатназаров ролини маҳорат билан ижро этган Бобур Йўлдошев сериалнинг суратга олиш жараёнида 21 ёшда бўлган.

Фото: «Дарё»

«Сардор» сериалидан сўнг бирин-кетин «Дев билан пакана», «Осмондаги болалар 2», «Севинч», «Ватан», «Забаржад», «Омад», «Қўрғошин», «Тоға» каби фильмларда бош ролларни ижро этган.

Фото: «Дарё»

Актёр бугунги кунда «Дийдор» ёшлар театри раҳбари сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

«Сардор» сериалида сержант Замира ролини ижро этган актриса Нигора Каримбоева ўша вақтда 21 ёшда бўлган. Ушбу сериалдаги эпизод актрисанинг илк ролларидан бири ҳисобланади.

Фото: «Дарё»

Актриса ҳозирги кунга қадар «Алвидо», «Ватан», «Чашма», «Осмон яқин», «Дада», «Сабот», «Тоға» каби фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган.

Актриса бугунги кунда «Илҳом» театрида актриса сифатида, Ўзбекистон ва Zo‘r TV телеканалларида бошловчи сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

Актёр Улуғбек Юнусов «Сардор» сериалида курсант Ўктам ролини ижро этган. «Сардор» сериали актёрнинг илк ролларидан бири ҳисобланади.

Фото: «Дарё»

«Сардор» сериалидан ташқари «Қайтар дунё» сериалидаги Абдулла роли билан ҳам актёр мухлислар орасида машҳурликка эришган.

Фото: «Дарё»

Асли касби режиссёр бўлган, фильмларда роль ижро этишни хушламайдиган Улуғбек Юнусов «Муҳаббат синовлари», «Сарвиноз», «Фотима ва Зуҳра», «Жасур», «Бегоналар», «Муқаддас бурч» каби фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган.

Актёр ва режиссёр Улуғбек Юнусов бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

«Сардор» сериалида курсант Исмоил Қудратов ролини ижро этган Шомаҳмуд Шорасулов 31 ёшда бўлган.

Фото: «Дарё»

Ҳозирги кунда дубляж режиссёри бўлиб ишлаётган Шомаҳмуд Шорасулов «Сардор»даги ролининг катта қисми кесиб ташланганини ва шундан сўнг фильмларда роль ижро этмаганини маълум қилган эди.

Фото: «Дарё»

Шомаҳмуд Шорасулов моддий қийинчиликлар сабаб Исроил давлатида 10 ой давомида официантлик қилгани ҳақида ҳам гапириб берган эди.

Шомаҳмуд Шорасулов «Сарой жавоҳири», «Ёз ифори» (Корея), «Икки тақдир» (Ҳиндистон), «Оила ришталари» (Туркия), «Телба», «Жиноят ва жазо», «Ўсмир» (Достоевский асарлари асосида. Россия) «Уруш ва тинчлик» (BBC) каби сериалларга, «Ваня тоға», «Жамила» (Россия) «Илтижо», «Тазарру», «Орзу дарахти» (Грузия) «Самовий ёғду», «Ёмғир», «Тилла балиқча», «Чумчуқ қўшиғи» (Эрон) «Ёввойи нок» (Туркия) «Қўрқоқ», «Апу трилогияси», «Қизил қалампир» (Ҳиндистон), «Йўл», «Қизил саҳро» (Италия), «Расёмон», «Қумликдаги аёл» (Япония) каби бадиий фильмларнинг овозлаштириш жараёнига режиссёрлик қилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслоновнинг тўнғич фарзанди Жамшид Арслоновни кино ихлосмадлари аввало Ҳошим Арслоновнинг ўғли эмас, балки, «Сардор» сериалидаги жанжалкаш курсант Ботир Розиқов роли билан танишади.

Фото: «Дарё»

Жамшид Арслонов «Сардор» сериалига 22 ёшида суратга тушган. «Занжир», «Чемпионлик орзуси» сериаллари ҳамда «Отамдан қолган далалар» фильмида турли даражадаги ролларни ижро этган.

Фото: «Дарё»

Жамшид Арслонов бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланади.

Фаолиятини 1998 йилда «Шайтанат» сериалида эпизод ролдан бошлаган актриса Дурдона Турсунбоева 2000 йилда «Сардор» сериалида сержант ролини ижро этган.

Фото: «Дарё»

Актриса бугунги кунда АҚШда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланади.

Актёр Ўткир Менглиев «Сардор» сериалида старшина Эшжонов ролини ижро этган. Актёр ўшанда 23 ёшда бўлган.

Фото: «Дарё»

Ўткир Менглиев «Сардор»даги илк ролидан сўнг «Кичкина одамлар», «Тавба», «Адвокатлар», «Дада», «Зирапча», «Акажон, хизматингиздамиз», «Тақдирлар» каби бир қанча фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган.

Ўткир Менглиев бугунги кунда Ўзбек миллий академик драма театри актёри сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

«Сардор» сериали 2000 йилда режиссёр Шавкат Маҳбубов томонидан суратга олинган бўлиб, сериалда бош ролларни Улуғбек Юнусов, Шомаҳмуд Шорасулов, Бобур Йўлдошев, Жамшид Арслонов, Нигора Каримбоева, Дурдона Турсунбоева, Ёқуб Аҳмедов, Карим Мирҳодиев, Маҳмуд Исмоилов, Фотиҳ Жалолов, Ўткир Менглиев сингари актёр ва актрисалар ижро этишган.