«Толибон» Панжшерни — Афғонистондаги толиблар томонидан назорат қилинмаётган сўнгги вилоятни эгаллади. Юқори тоғли ҳудудда жойлашган Панжшер водийсини тўлиқ эгаллаш учун уларга уч кун етарли бўлди. Шу билан толибларнинг ҳали мустаҳкамланиб улгурмаган ҳокимиятини ағдариб ташлаб, Афғонистонда демократия қуриш орзусидаги афғон қаршилик ҳаракати ҳикояси амалда тугади. Meduza нашри мазкур ҳаракат тарихи ва энди нима бўлиши мумкинлиги ҳақида материал тайёрлади.

Панжшер губернатори қароргоҳига кириш жойи, вилоят толиблар томонидан эгалланганидан сўнг. 2021 йил, 6 сентябрь.

Фото: Reuters / Meduza

Қаршилик ҳаракати етакчилари нимага ишонганди? Дарвоқе, улар ким ўзи?

15 август куни Кобул қулагач, фақат Панжшер (Афғонистоннинг 34 вилоятидан бири) ва Боғлон вилоятининг унга қўшни туманлари толиблар ҳокимиятидан четда қолаётганди. Мамлакат шимоли-шарқидаги ушбу вилоятда асосан тожиклар яшайди (тожиклар Афғонистон жами аҳолисининг, тахминан, тўртдан бирини ташкил қилади).

Панжшер ва унинг атрофларида 1975 йилдан бери бутун Афғонистон сиёсатига таъсир ўтказиши мумкин бўлган кенг мухторият учун ҳаракат қилувчи ҳарбийлаштирилган миллий-диний ҳаракат фаолият кўрсатади. Дастлаб ҳаракатга панжшерлик Аҳмад Шоҳ Масъуд раҳбарлик қилган. 1980 йилларда у афғонларнинг энг машҳур дала қўмондонларидан бирига айланганди. Масъуд ўзининг бир неча минг жангчиcи билан бирга Афғонистоннинг коммунистик ҳукумати ва совет қўшинларига қарши муваффақиятли қаршилик кўрсата олган. Совет қўшинлари олиб чиқилиб, 1992 йили мамлакатнинг советпараст ҳукумати ағдарилгач, у Афғонистон фуқаролар урушидаги бошқа дала қўмондонларига қарши самарали курашган.

Аҳмад Шоҳ Масъуд Панжшерда совет армиясига қарши жанглар орасидаги танаффус вақтида, 1984 йил.

Фото: Jean-Luc Bremont / Associated Press / Meduza

1990 йилларнинг ўрталарида ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаган ва асосан радикал кайфиятдаги пуштунлардан иборат «Толибон» ҳаракати мамлакат жанубида ҳокимиятни қўлга олгач, Масъуд ушбу ҳаракатнинг энг асосий душманларидан бирига айланган. Оқибатда 1996 йилга келиб қарийб бутун Афғонистонни босиб олган толиблар Панжшерни барибир таслим эта олмаган.

2001 йилнинг 9 сентябрь куни Масъуд ҳудкуш томонидан ўлдирилган — у ўзини таниқли қўмондондан интервью олиш ниятидаги журналист сифатида таништирган. Маълумотларга кўра, Масъуднинг олдига видеокамерасига бомба яширилган қотил Усама бин Ладен томонидан юборилган. Орадан бир неча ҳафта ўтиб — АҚШдаги 11 сентябрь терактларидан сўнг — Афғонистонга Америка қўшинлари кирган. Уларни, жумладан, Масъуднинг сафдошлари ҳам қўллаб-қувватлаган.

2021 йили Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилгач, толиблар Панжшердан бошқа барча вилоятларда тезда эгаллаб олди. 15 августдан сўнг, Кобул қулагач, Панжшер дарасига Аҳмад Масъуд (Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли, бунгача у Ғарбда яшаб келаётган эди) ва Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ (Аҳмад Шоҳ Масъуднинг собиқ сафдоши) етиб келди. Улар Панжшер водийсини — 1980- ва 1990 йилларда Аҳмад Шоҳ Масъуд уддалагани каби — ўтиб бўлмас қалъага айлантиришлари, сўнг қаршилик ҳаракатини бутун Афғонистонга ёйишлари ҳақида баёнот берди.

Қаршилик ҳаракатидан кўзланган бош мақсад эса, кичик Масъуд The Washington Post газетаси учун ёзган мақоласида таъкидланишича, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган, барча миллатлар эса ўз мухториятига эга бўлган ва давлат бошқарувида иштирок этадиган янги Афғонистонни қуриш эди.

Кобул қулаганидан сўнг, Афғонистон армиясининг омон қолган бўлинмалари Панжшер дарасига кириб келмоқда. 2021 йил, 15 август.

Фото: Ahmad Sahel Arman / AFP / Meduza

Базарак манзилгоҳида толибларга қарши бўлажак жанг олдидан қаршилик ҳаракати кучларини кўрикдан ўтказиш жараёни. 2021 йил, 19 август.

Фото: Ahmad Sahel Arman / AFP / Meduza

Кичкина Аҳмад Масъуд.

Фото: Mohammad Ismail / Reuters / Meduza

Қаршилик ҳаракати нималар қилишга улгурди?

Қаршилик ҳаракати етакчилари маҳаллий аҳоли ва Афғонистон армиясининг толибларга таслим бўлишни истамаган қолган-қутган махсус бўлинмаларидан жангга шай кучларни ташкил этишга уринди.

Бундан ташқари, улар бошқа мамлакатлардан кўмак олишга ҳаракат қилди: аввало, Тожикистондан, Ҳиндистондан (ҳиндлар янги Афғонистонда Покистон таъсири кучайиб кетмаслигидан умидвор), Эрондан ва Ғарб мамлакатларидан. Улар, шунингдек, кўпчилиги қаршилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаган афғон диаспорасининг таъсир доирасидан ҳам фойдаланишни ният қилганди.

Ва ниҳоят, улар Ғарб ОАВларига бутун бошли мақолалар йўллаб, ижтимоий тармоқлардаги беҳисоб аккаунтларда «янги Афғонистон» ва «Панжшернинг ўтиб бўлмас қалъаси»ни тарғиб қилиб, фаол медиа-ташвиқот олиб борди.

Шу билан бирга, қаршилик ҳаракати етакчилари — оқсоқоллар, уламолар орқали ҳамда бевосита — толибларнинг ўзи билан ҳам музокаралар олиб борди. Айнан нималар муҳокама қилингани батафсил маълум эмас. Аммо «Толибон»га яқин одамлар ва Афғонистон бўйича экспертларнинг ёзишича, музокаралар вақтида гап панжшерликлар мамлакатнинг янги ҳукуматидан қандай ўрин эгаллаши мумкинлиги ва уларнин мухторияти қанчалик кенг бўлиши ҳақида борган. Бундай музокараларнинг ҳар бир раунди бир томон иккинчисининг таклифини рад этгани ҳақидаги хабар билан якунланди.

Қаршилик ҳаракатининг бош спикери (матбуот котиби) Фотиҳ Даштий «ТАСС» агентлигига берган интервьюсида асосий келишмовчилик толиблар Масъудга аниқ бир лавозим таклиф этаётгани, у эса мамлакат келажаги ва ҳукумат детцентрализациясини муҳокама қилишни талаб қилаётгани билан боғлиқлигини маълум қилганди. Ўз навбатида, «Толибон»га яқин одамлар Масъуд ўзини Афғонистондаги барча тожиклар вакили сифатида тан олинишини талаб қилаётганини таъкидлаётганди.

Толиблар қандай қилиб Панжшерни бунчалик тез қўлга киритди?

Август охирида Панжшер ва қўшни вилоятлардаги милиция бўлинмалари Боғлондаги бир неча туманни эгаллаб, стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланган Саланг довони томони ҳаракатлана бошлади. Толиблар томонидан эгалланган марказ ва уларга бўйсунмаётган Афғонистон шимолини боғловчи ягона туннел шу ердан ўтган. Бу 1980 йилларда Кобулдаги совет армияси таъминотини узиб қўйиш учун бир неча бор туннелга ҳужум қилган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг классик операцияларини ёдга солаётганди.

Толиблар дарҳол қарши ҳужумга ўтди — Боғлонда бунинг учун уларнинг етарлича кучи бор эди; қаршилик кучлари Панжшерга чекинди. Шу вақтдан бошлаб «Толибон» Панжшерни эгаллаш бўйича кенг миқёсли операцияга тайёргарлик кўра бошлади.

Операция 2 сентябрь куни, толиблар водийга бир вақтнинг ўзида ҳам шимолдан — Ҳиндикушнинг ўтиш қийин бўлган юқори тоғликларидан — ва жанубдан, Кобул тарафдан кириб боришидан бошланди. Шундан сўнг жанговар ҳаракатлар ҳудудидан дезинформация оқими отилиб чиқди: толиблар 3 сентябрдаёқ ғалабани байрам қилишни бошлаб юборди (ҳавога байрамона ўт очиш ҳатто Кобулда ўлимларга сабаб бўлди, шундан сўнг ҳаракат ўз тарафдорларига ҳиссиётларни бу йўсинда ифода этишни тақиқлаб қўйди).

Толибларга яқин ОАВ ва блогерлар вилоят тўлиқ эгаллангани, қаршиликнинг етакчилари эса вертолётларда Тожикистонга қочиб кетгани ҳақида хабар берди. Бунга жавобан қаршилик ҳаракати толиблар даранинг ҳам шимолий, ҳам жанубий дарвозасида қуршаб олингани, уларнинг минглаб аъзолари йўқ қилингани, кўплари асир олинганини маълум қилди. Бироқ бу хабарларга бошқа мамлакатлар (масалан, Яман)даги жангларнинг фото ва видеолари ёки Афғонистондаги урушнинг бошқа даврларига тааллуқли роликлар илова қилинди.

Панжшер шимолидаги қаршилик кучлари жангчилари. 2021 йил, 2 сентябрь.

Фото: Ahmad Sahel Arman / AFP / Meduza

Панжшер дарасига кириш жойида назорат тадбирини ўтказаётган толиблар. 2021 йил, 6 сентябрь.

Фото: Sayed Khodaiberdi Sadat / Anadolu Agency / Meduza

Панжшер губернатори қароргоҳи олдида байроқ кўтараётган толиблар. 2021 йил, 6 сентябрь.

Фото: @umar313afg / Twitter

Ҳақиқий бурилиш 4 сентябрь куни юз берди. Геолокация бўйича мутахассислар «Толибон» тарафдорлари томонидан эълон қилинган камсонли видеоларга таяниб, қаршилик ҳаракати аъзолари душман юришини даранинг жанубий дарвозаси яқинида, асосий йўл устидаги қояларни портлатиш орқали тўхтатиб қўйганини аниқлади (харита ва видеони кўринг).

Бироқ толиблар шу куннинг ўзида тоғ чўққиларига олиб борувчи йўлдаги тошлар уюми ва йўлдаги мина майдонларини айланиб ўтиб, бир неча танк ва зирҳли автомобиллар билан даранинг марказий қисмига чиқиб борган. Шундан сўнг қаршилик ҳаракатининг мудофааси тамом бўлган. 5 сентябрь оқшомига келиб толиблар Масъудлар уруғининг ватани ва вилоят маъмурий маркази ҳисобланган Базаракка етиб борган.

Қаршилик ҳаракатини сақлаб қолиш йўлидаги сўнгги уриниш Кобулда бўлди. У ерда тўпланган уламолар ҳар икки томондан урушни тўхтатиб, келишиб олишни, толиблардан эса дара қамалини тўхтатишни талаб қилди. Кичкина Масъуд бу ғояни дарҳол илиб кетди: у Facebook’даги саҳифасида агар толиблар Панжшердан кетса, жанговар ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга тайёрлигини билдирди. Водий марказига кириб улгурган толиблар, табиийки, урушни тўхтатиш ҳақида ўйламаётганди.

5 сентябрь куни бўлиб ўтган жангда қаршилик ҳаракати спикери Фотиҳ Даштий (у Аҳмад Шоҳ Масъуднинг қўлида ҳам ишлаган, 2001 йилги суиқасд вақтида қўмондон билан бир хонада бўлган ва портлаш оқибатида оғир яраланган эди), маҳаллий милициянинг бир неча қўмондони ва афғон армияси генераллари ҳалок бўлди. Толиблар кичкина Масъуд ва Амрулла Солиҳни Базаракдан топа олмаган.

6 сентябрга келиб Масъуд номаълум жойда ёзилган аудиони эълон қилди; у ўз мурожаатида афғонларни умумий исёнга чақирган.

Нима учун қаршилик ҳаракати бу қадар тез мағлуб бўлди? Энди толиблар хотиржам ҳукмронлик қила оладими?

Панжшер 2021 йилда исён кўтарган шароитда муваффақиятга эришиш имконияти, афтидан, бошидан йўқ эди.

1980- ва 1990 йилларда Аҳмад Шоҳ Масъуд Покистон, кейинчалик Тожикистон билан алоқа қилиш учун (қарийб) эркин йўлларга эга эди. Бу йўллар орқали у Панжшерда қазиб олинган қимматбаҳо тошлар билан савдо қилиши ва қўшни мамлакатлар унга бажонидил сотадиган қуролларни харид қилиши мумкин эди. Унинг ўғли эса 2021 йили ташқи дунёдан — Базаракдан учадиган бир неча Ми-17 вертолётлари ёрдамидаги ҳаво алоқасини ҳисобга олмаса — буткул узилиб қолганди. Тожикистон ва Покистон билан чегарадаги барча вилоятлар толиблар назорати остида қолаётганди.

Афтидан, кичкина Масъуд ва унинг сафдошларини дунёнинг бирор мамлакати на очиқчасига, ва на махфий тарзда қўллаб-қувватлади. Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ АҚШ унинг ёрдам ҳақидаги илтимосларига жавоб бермаганига ишора қилганди. Тожик ва ўзбек миллий озчиликларининг бошқа етакчилари 15 август куниёқ мамлакатдан қочган, кейинроқ эса уларнинг вакиллари ҳеч қанақасига ёрдам беролмасликларини, буни уларга Эрон, Туркия ва Ўзбекистон ҳукуматларидаги ҳамкорлари тақиқлаганини маълум қилганди.

Миллий масала эса («Толибон» асосини ташкил этувчи тожиклар ва пуштунлар ўртасидаги анъанавий рақобатга умид қилиш) бу сафар унчалик ҳам кучли аҳамиятга эга бўлмади. «Толибон»нинг амалдаги раҳбариятида тожиклар ҳам бор (худди қаршилик ҳаракатида собиқ афғон ҳарбийлари — пуштунлар иштирок этаётгани каби). Толибларнинг Панжшерга юришига Афғонистондаги машҳур тожик толибларидан бири Қори Фосихуддин раҳбарлик қилди.

Минтақадаги энг асосий куч — Покистон кичкина Масъуднинг рақибларини очиқчасига қўллаб-қувватлади. Тўғри, қаршилик ҳаракати покистонликларнинг можародаги иштирокига ортиқча баҳо бериб юборди: 5 сентябрь куни дарани гўёки Покистон самолётлари ва дронлари бомбардимон қилгани, Базаракка Покистон махсус хизмат кучлари ҳужум қилгани, операцияга эса атайлаб Кобулга учиб келган Покистон разведкаси бошлиғи раҳбарлик қилгани ҳақидаги даъволар ҳеч қандай тасдиғини топмади (масалан, қулаган F-16 самолётининг сурати Панжшерда эмас, Уэльсда олинган). Шуни ҳам қайд этиш жоиз — штурм арафасида Покистоннинг ИСИ разведкаси бошлиғи Файз Ҳамид ҳақиқатан ҳам Кобулга келганди.

Аммо Масъуд ва унинг сафдошлари мағлубиятининг энг асосий сабаби — Кобул эгаллангач, «Толибон» томонидан афғонларга таклиф этилаётган лойиҳанинг оммабоплигидир. Ушбу лойиҳанинг асосий икки жиҳати — урушнинг тугаши ва ҳаракатнинг ўзи қоидаларини бироз юмшатишидир. Кўплаб афғонлар Панжшердаги қаршиликни янги адоқсиз фуқаролар уруши хавфидек қабул қилаётганди. Бундан ташқари, кўпчилик «Толибон»нинг панжшерликлар ҳам «танимизнинг бир қисми, Афғонистоннинг бошқа аҳолиси каби ҳуқуқларга эга бўлган биродарларимиз» экани ҳақидаги тинчликпарвар баёнотларига ишонди.

Бу энди «Толибон» мамлакатдаги ҳокимиятни мустаҳкам эгаллаганини билдирадими? Бунга ҳозирча ишонч йўқ: ҳокимиятни ушлаб туриш қийин бўлади. Ғарбнинг молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш ҳақидаги қароридан сўнг, Афғонистоннинг иқтисодий аҳволи мутлақ фожиали ҳолатга келиб қолган. Толиблар Хитойнинг ёрдамидан умидвор бўлиб турибди, бироқ бу ёрдам ҳам тез келиши даргумон. Эрон Панжшердаги қаршиликни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватламаган бўлса-да, энди расман ушбу вилоятнинг босиб олинганидан норозилигини билдиряпти. Миллий озчиликларнинг Афғонистондан ташқаридаги етакчилари яна фаоллашиб қолган (тўғри, ҳозирча фақат сўзда). Буларнинг бари қаршиликнинг янги ўчоқлари пайдо бўлиши фақат вақт билан боғлиқ масала бўлиши мумкинлиги, афғонларнинг адоқсиз урушнинг охири ҳақидаги умидлари эса хаёлий пуч хаёл эканини англатиши мумкин.