Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилди. Бу спортчиларнинг вафоти ҳақидаги биринчи хабар эмас. Сўнгги йилларда бир қанча спортчилар қотиллик ёки бахтсиз ҳодиса қурбонига айланди. «Дарё» ушбу саҳифада сўнгги 3 йилда фожиали ўлим топган спортчилар ҳақида сўз юритади.

Элбек Раҳимов 

Элбек Раҳимов. (Чапда)

Фото: Telegram

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов 17 август куни соат 09:45 да ўлдириб кетилди. Раҳимов аввалига роса дўппосланган. Сўнгра пичоқланиб, яримжон ҳолатда машинага тиқиб олиб кетилган. Марҳумнинг жасади Чироқчи туманининг Еттитом қишлоғидан топилган.

Қотиллик бўйича гумон қилинган 7 нафар йигит Чироқчи тумани ва Қарши шаҳри ҳудудида қўлга олинган. Олий суд раиси чемпион ўлимида гумонланаётганлар иши очиқ судда кўрилишини, жараённи ёритиш учун ОАВ вакилларига шароит яратилишини маълум қилди.

Мурод Хонтўраев

Фото: Instagram

2021 йилнинг 19 июль санасида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Lacetti» ҳамда «BMW X5» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида «BMW X5» русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган. «BMW X5» машинаси ичида Ўзбекистон MMA ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев бўлган. MMA жангчиси воқеа жойида вафот этган. Кейинчалик ушбу ЙТҲ юзасидан жиноят иши қўзғатилди, айни вақтда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Асадбек Тўраев 

Фото: UzNews

Қашқадарёлик 17 ёшли футболчи Асадбек Тўраев 2021 йил 6 июль куни соат 13:00—14:00 орасида дўстлари билан Чимқўрғон сув омборига чўмилишга борган ва чўмилиш пайтида чўкиб кетган. Дўстлари унинг жасадини қирғоққа олиб чиққан.

Асадбек Тўраев тумандаги 83-мактабнинг 11-синф ўқувчиси бўлган. У тумандаги «Қамаши» футбол клуби ярим ҳимоячиси ҳисобланган. Жамоаси билан биргаликда 12−15 июнь кунлари бўлиб ўтган ДХХ раиси Кубогида чемпион бўлганди.

Гўзал Исматова

Фото: ЎзА

Бокс бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиби, кўп карра Ўзбекистон чемпиони Гўзал Исматова 2021 йилнинг февраль ойида 25 ёшида вафот этади. Спортчининг ўлимига саратон хасталиги сабаб бўлгани айтилганди.

Тимур Бердиев 

Фото: ПФЛ

2021 йил 28 февраль куни футзал бўйича ОКМК футзал жамоасининг 26 ёшли ўйинчиси Тимур Бердиев автоҳалокатга учраб вафот этди. Тимур 2021 йил 27 февраль, шанба куни Андижондан Тошкентга Matiz автомашинасида йўловчи сифатида қайтаётган бўлган. Қамчиқ довонида эса Matiz, Nexia ва Tico автомобиллари йўл транспорт ҳодисасини вужудга келтирган. Ушбу тўқнашув оқибатида футзалчи вафот этган.

Бекзод Нурматов 

Фото: Instagram

MMA жангчиси Бекзод Нурматов 2019 йил 7 октябрь куни Чеченистоннинг Грозний шаҳрида ўтказилган АCА 100 мусобақасидан сўнг вафот этди. 4 октябрь куни Нурматов мазкур мусобақа доирасида Беслан Исаевга қарши октагонга чиқиб, ҳакамлар қарорига кўра жангни бой беради.

Жангдан сўнг Бекзод Нурматов ҳушини йўқотган ва кома ҳолатига тушиб қолган. Шифокорлар унда инсульт (мияга қон қуйилиши) юз берганини маълум қилган. Икки кунлик комадан сўнг 7 октябрь санасида спортчи шифохонада вафот этган.

Муслимбек Омонов 

Фото: «Vesti.uz»

2019 йил 11 сентябрь куни MMA жангчиси Муслимбек Омонов муштлашувда олган жароҳати оқибатида вафот этди.

11 сентябрга ўтар кечаси соат тахминан 00:50 да Юнусобод туманида жойлашган кафеларнинг бирида бир-биридан алоҳида икки даврада ўтирган йигитлар ўртасида можаро келиб чиққан.

Томонлар кўчага чиқиб, Шайхонтоҳур туманига қараб йўл олган ва у ерда муштлашув келиб чиққан. Натижада уч киши тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилган, улардан бири — 23 ёшли Муслимбек Омонов шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этган.

Отабек Алиев 

Фото «Stadion.uz»

Аралаш жанг санъати жангчиси, халқаро мусобақалар ғолиби шаҳрихонлик Отабек Алиев 2018 йил 18 сентябрда рўй берган пичоқбозлик оқибатида вафот этган.

Отабек А.А. исмли шахс билан бир кун аввал жанжаллашиб қолади, жанжал эса муштлашувга айланади. Эртасига улар кўчада кўришиб қолади. Сўнг орани очиқ қилиш учун Отабекнинг Cobalt русумли машинасига ўтириб тумандаги «Саидхон фаровонлиги» МЧЖ қошидаги автотранспорт воситаларига метан-газ қуйиш шохобчасига йўл олади.

Орани очди қилиш ҳақоратга уланиб, шу пайтда А.А. ёнида бўлган хўжалик пичоғи билан қасддан Отабек Алиевнинг қорин қисмига бир маротаба уриб, унинг ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказади. Отабек Алиев оғир тан жароҳати олиб, 19 сентябрь куни шифохонада вафот этади.

Жамшид Кенжаев 

Фото: Instagram

2018 йил 9 август куни соат 00:25 ларда Юнусобод туманидаги Aurum 898 тунги клуби олдида жанжал оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси 25 ёшли Жамшид Кенжаев оламдан ўтади.

Кенжаев билан низолашиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган Шодали Қиличовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қаттиқ тартибли колонияда, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзилли колонияда ўташ белгиланган.