Халқ депутатлари Бўстон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Бўстон тумани ҳокими лавозимига тадбиркор аёл — Қўрғонтепа тумани «Эл ризқи нон» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Санобархон Носирова номзоди тавсия қилинган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Санобархон Носирова.

Фото: Бўстон тумани ҳокимлиги

Санобархон Носирова 1970 йил Қўрғонтепа туманида туғилган бўлиб, 1992 йилда Андижон пахтачилик институтини, 2005 йилда эса Андижон муҳандислик ва иқтисодиёт институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1992 йили Қўрғонтепа тумани Савой қишлоқ хўжалик техникуми ўқитувчилигидан бошлаган.

1995—2008 йилларда «Ғаллабанк»нинг Қўрғонтепа тумани филиалида кассир, бош ҳисобчи, бошқарувчи вазифаларида ишлаган. 2008—2012 йилларда Қўрғонтепа тумани «Буюк турон инвест» кредит уюшмасининг ижрочи директори лавозимида фаолият юритган.

Тайинловга қадар Носирова Қўрғонтепа тумани «Эл ризқи нон» масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, туманнинг собиқ ҳокими Садбархон Мамитова 2021 йил 31 июль куни оғир хасталикдан вафот этганди.