Июль ойининг бошида Евгений Савин ўз каналида Элдор Шомуродов билан интервьюсини эълон қилди. Савин «Женоа» ҳужумчисидан «Жозе Моуриньонинг шорт-листига кирганингни эшитдингми?», деб сўради.
«Эшитганим йўқ, тўғриси. Яхши жамоага ўтишдан қўрқмайман. Нимага қодирлигимни билмоқчиман. Синаб кўрган бўлардим», — деганди Элдор.
Ушбу видео эълон қилингандан бир ой ўтиб Шомуродов «Рома» футболчисига айланди. 7 августда эса «Бетис»га қарши ўртоқлик учрашувида (2:5) римликлар сафидаги биринчи голини урди.
Элдор нега айнан Рим жамоасида пайдо бўлди? У Жозе Моуриньо билан ишлай оладими? Бу саволларга россиялик машҳур таҳлилчилар Вадим Лукомский ва Юрий Шевченко жавоб қидириб кўрди.
Элдор ва «Женоа»нинг манфаатлари бир-бирига мос келди. Шомуродов топ-жамоага ўтишни, «Женоа» эса футболчини яхшироқ нархга сотишни истаганди
Италиялик журналист Жанлука ди Марсионинг сўзига қараганда, «Женоа» Шомуродов билан тасодифан шартнома имзолаган.
Жамоа президенти Энрико Прециози Марио Балотеллини олиб келишни истаганди, лекин спорт директори Даниэле Фажано ва мураббий Роландо Маран (иккаласи ҳам ўтган мавсум жамоадан кетди) қарши чиқди. Маран бошқа ҳужумчи топишни маслаҳат берди.
«Фажано агент Габриэль Жуффридо билан (у «Женоа»да ўйнаган Кшиштоф Пёнтек билан ҳам бирга ишлайди) Шомуродов номзодини илгари сурди, Маран дарҳол рози бўлди. Чунки у президент Балотелли олиб келмасидан олдинроқ ҳаракат қилиши зарур эди.
Лекин Прециозининг розилигисиз бу трансфер амалга ошмасди. ‘Президент — жуда ақлли тадбиркор’. У Шомуродовни кўрганидан сўнг трансферга рози бўлди. Ҳозир уни 7-8 миллионга сотиб олса, бир-икки йилдан сўнг бемалол 20-25 миллионга сотиш мумкинлигини тушунди.
Агарда Прециозига кўпроқ пул берсангиз, у ҳамма нарсани — ҳаттоки, оёғини ҳам сотишга тайёр», — дейди ди Марсио ҳазил аралаш.
Шомуродов учун Италия идеал вариант эди. РПЛ у учун топ-чемпионатга тайёргарлик вазифасини ўтади.
Қатар ва Хитойдан таклифлар бор эди, лекин у ерда фақат пул ишлаш мумкин. Мен эса футболчи сифатида ривожланишни, доим Европада ўйнашни хоҳлаганман. Италияда ўйнаяпсанми, демак сени бутун дунё кузатяпти.Италиядаги дебют мавсумида Шомуродов 8 та гол урди ва «Женоа»да иккинчи тўпурарга айланди (Маттиа Дестро 11 та гол билан тўпурар). La Gazzetta dello Sport Элдорнинг мавсумнинг энг яхши футболчилари ичида 85-ўринга қўйди. У Самир Ҳанданович, Марсело Брозович, Кристиан Эриксен (барчаси «Интер»), Жоржио Кьеллини, Войтцех Шчесни (иккаласи ҳам «Ювентус»), Дрис Мертенс («Наполи») каби футболчилардан олдинда турибди.Элдор Шомуродов
«Италия футболи ўйлаганимдан ҳам мураккаброқ экан. Лекин мен танловимдан қониқдим. Фақатгина юқори даражадагиларга қарши ўйинда ўсиш мумкин. «Женоа»да ўзимни қулай ҳис қиляпман», — деган эди май ойида Элдор.
Мураббий Давиде Баллардини янги футболчини мақтади («У чиройли ва самарали ўйнайди. Машғулотларда англадимки, унда ажралиб турадиган сифатлар бор. Умуман бошқача футбол оламига мослашиш керак, лекин унда улкан салоҳият бор»), спорт директори Франческо Маррокку ҳам Элдор ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтганди: «Бу клубимиз учун ажойиб топилма, Элдор кучли футболчи. Биз бундан жуда хурсандмиз».
Қишда «Ювентус» Шомуродовга қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиқа бошлаганди. Элдорнинг ўзи ҳам: «У ерда ўйнасам ҳеч нарса йўқотмайман. Рақобатдан қўрқмайман, ҳаттоки бу менга ёқади ҳам», — деди. Элдор билан бирга ишлайдиган PrоSports Management компанияси раҳбари Герман Ткаченко тезроқ кетиш мумкинлиги ва юқорироқ даражага чиқиш имкониятини бера олиши учун «Женоа» танланганини яшириб ўтирмади. «Улар ҳужумчиларни тез сота олади. Трансферни амалга ошираётганда шуни ҳам ҳисобга олгандик», — дейди Ткаченко.
Прециози «Женоа»ни 2003 йилда сотиб олган. 18 йил давомида генуяликлар жуда кўп ҳужум чизиғи вакилларини сотишга улгурди. Энг кўп пулни Кшиштоф Пёнтек келтирган — ярим йилда унинг трансфер нархи 8 бараварга ошган. «Женоа» уни «Краковия»дан 4,5 миллионга харид қилиб, 35 миллион еврога «Милан»га сотиб юборди.
Ёзда «Женоа» 18 ёшли эркин агент Александер Букса билан шартнома имзолади. Унинг тақдири қандай бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.
Шомуродовнинг «Рома»га ўтишига асосий сабабчи — Моуриньо
Элдор омадли футболчи. Агарда Жозе Моуриньо «Рома»га мураббий бўлмаганида у ҳам Римга келмасди. Жозега маълум бир характерга эга ҳужумчи керак эди, Шомуродов эса Моуриньо қўл остида тўп суришни хоҳларди.
«Моуриньога муҳаббат қаердан? Барчаси оддий. У — биринчи рақамли мураббий. Мен «Челси»га мухлислик қиламан, Дидье Дрогба эса севимли футболчиларимдан бири», — деганди Элдор 2021 йил январда Ла Газзетта делло Спортъга берган интервьюсида.
Герман Ткаченко Моуриньони Роман Абрамович орқали яхши билади. Агент бизнесменга «Челси»ни сотиб олишига ёрдам берган, Эрнан Креспо, Адриан Муту, Хуан-Себастьян Верон, Самюуэль Это’O каби футболчиларнинг трансферларида қатнашганди. Шунинг учун Шомуродовни кумири билан таништириб қўйиш, кейин уни португалиялик мутахассисга тавсия қилиш Ткаченко учун муаммо эмасди.
«Герман Моуриньо билан учрашиш ҳақида ҳеч нарса демади. Шунчаки сюрприз борлигини айтди. Биз стол атрофида ўтирганимизда Моуриньо кириб келди. Аввалига ишонмадим, кейин саломлашдик ва озроқ суҳбат қурдик. У Осиё Кубоги ҳақида ўз фикрини билдирди. Ткаченко у ерда ўйнаганимни, гол урганимни тушунтирди. Моуриньо буни биларди», — дейди Шомуродов 2019 йилда Жозе билан учрашувини ёдга оларкан.
«Жозе ‘Тоттенҳэм’да ишлаб юрган вақтида менга қўнғироқ қилиб, бенч-оптион (захира ўриндиғи учун) ҳужумчи кераклигини айтди. Шунда мен унга Осиё Кубогида кўрган, ундан сўнг учрашган бола ҳақида эслатдим. Кейин улар скаут юборди, қанақадир ҳаракатлар бўлди. Афсуски, ҳеч нарса рўй бермади, Элдор жиддий жароҳат туфайли гол ура олмаётган вақтга тўғри келганди. Эътибор бўлди, аммо бу шунчаки дўстона суҳбат эди. Аммо бу Шомуродовнинг фойдасига деб ҳисобладик».
Моуриньо Элдорни эслаб қолган кўринади.
Моуриньо Шомуродовнинг тўпсиз ҳаракат қила олишини юқори баҳолайди ва ўтиш эпизодларида уни кучлироқ қилади
«Рома» бош директори Тиагу Пинту Элдорнинг Моуриньо футболига мослашиб кетишига шубҳа қилмаяпти: «Элдор — улкан салоҳиятга эга ҳужумчи. У «Рома»да ўзини кўрсатишни истайди. Ўзига аввалдан таниш бўлган лигада буни уддалай олади. Бу хоҳиш, шунингдек, Шомуродовнинг сифатлари Жозе Моуриньога мос келади. Элдорни жамоада кўриб турганимиздан хурсандмиз».
Пинту қайси хислатлар ҳақида гапирди? Моуриньо учун ҳужумчининг ҳимоядаги (прессинг ва чуқур ҳимояда жамоага ёрдам берадиган) ва ўтиш эпизодларида (тўпни йўқотганда ва қарши ҳужумлардаги ҳаракатлар) сифатлари муҳим.
Моуриньо ҳимояда ўйнашни яхши кўради — одатда унинг жамоалари рақибни ҳимояда ёки майдон марказида кутиб олади, лекин юқори босим уюштиради. Меҳнатсеварлик — Моуриньо тизимидаги ҳужумчиларнинг муҳим сифатларидан бири.
Бу борада Шомуродов Жозега мос тушади. Прессингдаги ҳаракатлари билан бутун А Серия фонида ажралиб туради, унинг асосий фаоллиги рақибларга босим қилишида
Элдорни жудаям мақтаб юбормаслик учун баъзи нарсаларни ҳам айтиб ўтиш лозим. «Женоа» тўпни кам назорат қилди (18-ўрин), шунинг эвазига прессинг қилиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлди. Жамоа рақибларни олдинги чизиқларда кутиб олмайди, лекин ўзининг интенсив ўйини эвазига прессинг-ҳаракатлар бўйича 2-ўринни эгаллади. Бу эса рақамларни осонгина ошириб юборади.
Иккинчи фактор — Шомуродовнинг ўйин вақти. У кўп ўйин ўтказмади: А Сериянинг 31 ўйинида иштирок этди, уларнинг 16 тасини асосий таркибда бошлади; 4 та ўйинда 90 дақиқа ҳаракат қилди; бирор марта кетма-кет 90 дақиқа ўйнамади. Юқори даражадаги ҳимоявий сифатлари ва меҳнатсеварлигисиз Шомуродов прессинг рейтингида юқори ўринни эгаллай олмасди, шундай режимда унга ажратилган вақтдан унумли фойдалана олди.
Бошқа томондан «Рома»да унга асосий таркибдан жой кафолатланмаган, демак прессинг-фаолликни юқори даражада ушлаб туришга мажбур. Ушбу жиҳати билан ўзбекистонлик ҳужумчи лигада яширин юлдузлардан ҳисобланади. Унда тўпни олиб қўйиш қобилияти ҳам бор — 90 дақиқада тўпни олиб қўйиш бўйича энг яхши ҳужумчилардан бири (1,56).
Шомуродовнинг меҳнатсеварлиги — нафақат ҳимоявий ўйинга фойдали. Элдорнинг А Сериядаги 8 та голдан иккитаси индивидуал прессинг натижасидир. Имкони йўқдек кўринган вазиятларда у имконият кўра олади ва рақибга босим ўтказиб, ўз мақсадига эришади.
Айниқса, «Аталанта»га қарши ўйин ёрқинроқ бўлди. Руслан Малиновский тўпни орқага, ҳимоячиларга оширади, Элдор олдида иккита ҳимоячи бўлишига қарамасдан бу ноаниқ оширилган тўпга югуради:
Элдор пас нотўғри амалга оширилганини, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоячи тўпни ўзига тўғрилаб олишга қийналишини тушунди. У рақибга босим қилишни мақсад қилди:
Берат Гимшитидан тўпни олиб қўйишни уддалади — уёғига эса маҳорат билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Прессинг уюштириш бўйича Шомуродов — лигада энг юқори ўринда туради. Исбот учун унинг алоҳида эпизодлардаги ҳаракатларини рақамларда кўриш кифоя.
Жозе уни қадрлайди. Унинг тизимида юлдузларга кўпроқ вазифалар юклаш механизми бор, қоидага кўра улар қанот футболчилари бўлади (масалан, Эден Азар ёки Криштиану Роналду). Португалиялик мутахассис ҳужумчиларни ҳеч қачон ишлардан озод қилмайди, ҳаттоки у супер юлдуз бўлса ҳам.
Моуриньо даврида ишимнинг асосий қисми — жамоа тўпсиз ҳаракат қилган вақтда рақиблардан тўпни олиб қўйишга уриниш эди. Албатта, мен гол ураман ва узатмалар амалга ошираман, лекин ҳимояга қайтишдан ҳам роҳатланиш имконига эга бўламан, бу менга ёқади.Евро—2020 нинг асосий юлдузларидан бири Альваро Мората ҳам Моуриньонинг ҳимоявий ўйини ҳақида илиқ фикр билдирди: «Ўйинга ўзингни тўлиқ бағишламасанг, умуман ўйнамайсан — айнан Жозе шу фикрни менга сингдирган».Ҳарри Кейн, «Тоттенҳэм» футболчиси
Иккинчи муҳим лаҳза — ўтиш эпизодларидаги ҳаракатлар. Моуриньо бу босқичда футболчиларнинг ҳаракатларига алоҳида эътибор беради. Португалиялик мутахассис айнан шу лаҳзалар ўйинда ғалаба қозониш ёки мағлубиятга учрашни ҳал қилади деб ҳисоблайди. Балки замонавий футболда бу тезис Жозе фаолиятидаги энг юқори чўққига эришган давридаги каби аҳамиятга эга эмасдир, аммо бу жамоа ва ҳужумчилар учун муҳим эканлигини инкор этмайди.
Жозе бу ҳолатда ҳужумчиларнинг вазифасини «жамоага босимдан чиқиб кетиши учун ёрдам беради» деб тушунтиради. Бу ишни турлича бажариш мумкин.
Дидье Дрогба — тўпни ушлаб туриш орқали босимдан халос бўлиш бўйича эталон. Узатмадан сўнг тўпни қабул қилиб олиб, дарвозага орқа қилган ҳолда шериклари қарши ҳужумга ўтгунга қадар тўпни ушлаб туради. Бу услуб бўйича ивуарлик ҳужумчи дунёда энг яхши эди. Кейн ҳам худди шу вазифани бажарган (у нафақат тўпни ушлаб турган, балки айланиб олиб, дарвозага зарба ҳам берган). Лекин вазифа бир хил — тўни ушлаб туриш.
«Баъзи ўйинларда менинг асосий вазифам тўпни ушлаб туриш бўлади. Асосан жамоа юқори босим остида бўлганда. Фол ишлаб олишга ҳаракат қилиш ёки қолганлар ҳужумни қўллаб қувватлашини кутиш учун. Қарши ҳужумларда мен албатта қайсидир жамоадошим очилишини билган ҳолда ҳужумчи позициясига ўтаман. Кўпинча бу имкониятдан унумли фойдалана оламан», — дейди Ҳарри.
Шомуродов Моуриньонинг бу кўрсатмасини бажариш учун дарвозага орқа қилиб яхши ўйнай олмайди. Бахтга қарши Моуриньонинг иккинчи услуби ҳам бор, Жозе уни «рақиб ҳимоячиларини кучайтириш» деб атайди.
«Диего Костада мен қадрлайдиган жуда кўп сифатлар бор. Унинг характери, ҳаракатлари, юқори прессингда босим қилишни уддалай олиши таҳсинга сазовор. У очиқ зонани топиб, тўпни оширишни талаб қилади. Бу эса жамоага босимдан халос бўлишга ёрдам беради. Костада жамоага нафи тегадиган тактик сифатлар мавжуд», — дейди Моуриньо.
Мақсад ўша-ўша — прессингда ёрдам бериш. Жозе тактикасидаги ҳужумчининг асосий вазифаси. Коста мисолида буни бошқача усулда бажарса ҳам бўлиши мумкинлигини кўришимиз мумкин. Ҳимоячининг орқасидан очилиб бориш — бунда узатма ҳужумчига эмас, очиқ зонага оширилади, жамоа тезкор ҳужум қилиш имкониятига эга бўлади.
Бундай вазиятларда Шомуродовнинг очила олиши Костани эслатиб юборади. Муҳим сифат — тезлик. Элдор буни жуда яхши уддалай олади. Шомуродов Костадан эмас, кумири Фернандо Торресдан бу жиҳатни ўзлаштирган: «Болалигимда Фернандо Торрес ва Дидье Дрогбаларнинг ўйинини томоша қилишни яхши кўрардим. Менга Торреснинг услуби ва Дрогбанинг ўзига бўлган ишончи ёқарди. Уларга ўхшаш учун жуда кўп меҳнат қиламан».
Дрогба ва Торрес — юқорида айтилган ишларни айнан шу икки футболчи юқори даражада бажара олган. Услуб бўйича Элдор — бу Торрес, Дрогба эмас (айнан услуб бўйича, даража бўйича эмас). У ҳимоячилар ортидан яхши очила олади, бунинг эвазига босимдан халос бўлишга ёрдам беради.
«Женоа»да иккита ҳужумчи бир вақтда майдонда бўлган, шунинг учун Элдор ё тўпни олиш учун орқароққа қайтишга мажбур бўлган ёки шериги тўп узатиши учун ўзи очилган. Моуриньо иккинчи услубни талаб қилса керак.
Жамоа тўпни эгаллаб олди, Шомуродов севимли зонаси томонга югуришга тайёр (ўнг қанот ва марказий ҳимоячи орасидан). Рақиб эса бу вазиятда керакли ҳимояланиш схемасини танлай олмади, шекилли:
Яна қарши ҳужум — бу сафар Шомуродов бошқа қанотдан очилди (очиқ зонага чиқиш учун имконият борлигини сезди, «Кальяри»нинг чап қанот ҳимоячиси Хараламбос Ликояннис ортга қайтишга улгурмади):
Элдор бу эпизодларда яхши ҳаракат қилади. Моуриньо қўл остида янада яхшироқ бўлиши мумкин. Ромелу Лукаку Жозе ҳужумчиларни ривожланишида ёрдам беришини таъкидлаганди. «Моуриньо жамоа учун ўйнашни ўргатди. Бу прессинг ва позиция танлаш билан боғлиқ. Кейин мен унинг Ҳарри Кейн билан қандай ишлаётганини кузатдим», — дейди бельгиялик футболчи.
Моуриньо идеалида икки деталь бор — югуриш (Коста мисолида) ва дарвозага орқа қилган ҳолда тўпни ушлаб туриш (Дрогба мисолида). Албатта ҳужумчи бу хислатлардан бирини эгаллаши керак, лекин иккаласини ҳам ўзлаштириш фойдали.
Элдорнинг ўз вақтида очилиши жамоасининг позицион ҳужумларида ёрдам беради. «Маккаби» дарвозасига урилган гол Фабрегас—Коста тандемини эслатиб юборади. Сеск ролида — Матиас Норманн.
Норманн тўпни эркин тарзда эгаллаб олди. Шомуродов буни кўрди:
Шомуродов эртароқ югуришни бошлади. Норманн тўпни эгаллаётган маҳалда Элдор ҳаракатланишни бошлаганди — бу эса ноаниқ вазиятда ҳимоячини ортда қолдиришда устунлик беради:
Фабрегас тўпни эгаллаб олганда Коста доим шундай усулни қўлларди (эртароқ югуришни бошларди). Шомуродов ҳам шу ҳаракатни Лоренцо Пеллегрини билан бирга бажариши мумкин.
Умуман олганда Моуриньонинг тактикасида позицион ҳужумлар учун ҳужумчиларнинг вазифаси ноаниқ. Мураббий бу борада кам ишлайди, шунинг учун кўп нарса ҳужумчиларнинг ўзига, жамоадошлари билан ўзаро бир-бирини тушунишига боғлиқ. Жозе учун голлар сценарийси бошқа эпизодлар орқали келади.
Агар жойлашувнинг иложи бўлмаса, Моуриньо футболчиларнинг индивидуал қарорларига ишонади. Қийин вазиятларда юқори даражадаги ижодкор ярим ҳимоячилар ёрдам беради (Фабрегас, Ўзил ва албатта Погба). Жозенинг футболида бундай ўйинчиларга жой топилади, гарчи ҳимоя чизиғига зарар етса-да, Моуриньо ушбу футболчиларни қандай бўлмасин майдонга туширади.
Айнан ҳужумчилар учун аниқ талаблар йўқ. Қийин вазиятларда гол ура олиш — бу тизим учун ажойиб бонус. Яна бир муҳим жиҳат — Моуриньо жамоалари қанотдан жарима майдони ичига тўпни оширади. Бундай вазиятларда ҳужумчи қандай ҳаракат қилиши кераклигини Шомуродов яхши билади.
Шомуродов Жеконинг ўрнига келмади, лекин босниялик футболчининг жамоадан кетиши Элдорга кўпроқ ўйин амалиёти берилишини кафолатлайди
Ўтган мавсумда «Рома» сафида иккита ҳужумчи бор эди — Эдин Жеко ва Борха Майораль. Паулу Фонсека ротациядан унумли фойдаланди ва иккала ҳужумчи ҳам майдонда деярли бир хил ўйин амалиётига эга бўлди. Жеко барча мусобақаларда 2419 дақиқа ҳаракат қилган бўлса (38 ўйин, 13 та гол), Майоралда — 2302 дақиқа (45 ўйин, 17 та гол).
Шомуродов ротация учун олинди — у Абраҳам ва Майоралдан кейинги учинчи ҳужумчи. Аммо Элдорнинг майдондаги вазифаси уларникидан фарқ қилади, бу эса Моуриньога танлов имкониятини беради. Жозе Эдин Жекони асосий ҳужумчи сифатида кўраётганди, лекин «Интер» ҳужумчини ўз сафига қўшиб олди.
Ромелу Лукаку «Челси»га кетди, Жеко эса «Интер»га ўтди. Милан жамоаси тўрт йилдан буён босниялик ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун уринарди. Лучано Спалетти ва Антонио Конте Жекони ҳужум чизиғи учун идеал вариант деб биларди. Энди у Симоне Инзаги қўл остида ўйнаш имконига эга бўлади.
«Рома» Жеко кетганидан сўнг «Челси»дан Тэмми Абраҳамни сотиб олди. Унга Моуриньо мавсум давомида 20 дан ортиқ гол уриш талабини қўяди. Лекин «Рома» мураббийи ҳар доим ҳам ҳужумчиларни урган голларига қараб баҳоламайди: «Эгоист ҳужумчиларнинг муаммоси шундаки, улар гол урмаса, майдонда ўзларини йўқдек ҳисоблайди. Лекин бошқа турдаги ҳужумчилар борки, улар гол урмаса ҳам катта вазифаларни бажаради. Ҳарри Кейн бунга мисол. Уэйн Руни ҳам ҳужумчи, лекин у ҳаттоки ярим ҳимояда ҳам ўйнашига тўғри келди. Бундай ҳужумчилар жамоага кўпроқ ёрдам бера олади».
Жозенинг сўзларида ўз гапини инкор қилиш борлигини сезиш мумкин — аввалига у гол муҳим эмас деяпти, кейин эса кўп гол урадиган супер ҳужумчиларни санаб ўтяпти. Моуриньонинг жамоасида доим жамоавий ишларни голлар билан уйғунлаштира оладиган ҳужумчилар бўлган.
Шомуродов — алтуристик ҳужумчи. Бу хислати португалиялик мутахассисга ёқиши мумкин. Элдор захира футболчиси сифатида мавсумни бошлаши мумкин, лекин Жозе қўл остида у ўсишга эришади.
«Ўтган мавсумда мен 8 та гол урдим, энди эса 10—15 та гол урмоқчиман. Бу осон бўлмаслигини биламан. Ушбу чемпионатда бу вазифани бажариш қийин, лекин мени энди яхши билишади», — деган эди Шомуродов «Рома»га ўтишидан аввал.
Энди эса яна бир мақсад қўшилди: «Юқори даражадаги жамоа шарафини ҳимоя қиламан, Ватанимда мени қўллаб-қувватлайдиганлар жуда кўп. Уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан».
Шомуродов 19 август куни «бўрилар» сафида расмий дебютини ўтказиши мумкин. «Рома» Европа Конференциялар Кубоги саралаш баҳси доирасида «Трабзонспор»га қарши баҳс олиб боради. Ўйин Ўзбекистон вақти билан 22:30 да бошланади.
Изоҳ (0)