Урганчда Malibu автомашинаси ҳайдовчиси ЙПХ ходимлари билан жанжаллашиб, уларнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортди, деб хабар бермоқда ЙҲХББ.
Воқеа 2021 йил 11 август куни юз берган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими Malibu ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берганда ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмай, ҳаракатни давом эттирган. Ходим қоидабузар ҳақида ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган икки ходимга маълум қилган.
Натижада Malibu Тинчлик кўчасида тўхтатилган. Йўл-патруль ходимлари ҳайдовчига ўзларини таништириб, ундан ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Лекин ҳайдовчи 30 дақиқа давомида ўз шахсини ошкор қилишни истамаган.
Кейин ЙПХ ходимлари ҳайдовчидан шахсини аниқлаш учун вилоят Ички ишлар бошқармасига боришни сўраганда, ҳайдовчи бунга жавобан фаол қаршилик кўрсатишни бошлаган.
Шундан сўнг ҳодиса жойига Урганч ИИБ тезкор тергов гуруҳи етиб келган. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий протокол тузилиб, унинг Malibu автомобили жарима майдончасига жойлаштирилган.
Шунингдек, ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахслар томонидан транспорт воситаларини бошқариш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённома расмийлаштирилган.
Бундан аввал Олмалиқда ЙПХ ходимига қоидабузар Malibu’ни қўйиб юборишни буюрган командир интизомий жазога тортилгани, Тошкентда ҳайдовчини тегишли белги қўйилмаган йўлда қоида бузганида айблаган ЙПХ ходимига танбеҳ берилгани ҳамда Тошкентда ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасида тортишув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)