Ўзбекистонда берилган ПЗР-тест ёки вакцинация сертификати ҳозирча Қозоғистон ва Венгрияда амал қилади. Бу ҳақда 17 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.
«Вакцинация бўйича Қозоғистон, Венгрия билан келишувга эришилган. Бугунги кунда МДҲ, Европа давлатлари билан ҳам келишувлар имзоланиши арафасида турибди», — деган у 2021 йил Давлат дастурининг ижроси бўйича «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги жамоатчилик эшитувида.
Унинг сўзларига кўра, ушбу музокаралар ТИВ, Адлия вазирлиги кўмагида олиб борилмоқда.
Аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева ўзбекистонликлар бошқа давлатга бормоқчи бўлганида албатта шу давлатларда белгиланган вакциналар рўйхати бўйича эмланиб бориши мақсадга мувофиқ бўлишини айтганди. Агар бориш режалаштирилган давлат рўйхатида ўзбек-хитой вакцинаси бўлмаса, тўлиқ вакцинациядан ўтгандан сўнг 3-6 ой ўтиб, оилавий шифокорга учрашган ҳолда мос келадиган турдаги вакцинани олиш мумкин.
Айни пайтда Ўзбекистонда эмлаш учун «Спутник V», AstraZeneca, ZF-UZ-VAC 2001 (ўзбек—хитой) ва Moderna вакциналаридан фойдаланилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 16 августга келиб Ўзбекистонда Ўзбекистонда жами 12 266 057 доза вакцинадан фойдаланилган бўлиб, шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 1 423 474 нафарни ташкил қилмоқда.
Изоҳ (0)