Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Коронавирус америкаликларга қандай таъсир қилди, дунёга-чи? Пандемия даврида орттирилган одатлар ва кўникмалар қачонгача бизга ҳамроҳлик қилади? Ўзбек журналистикаси сўнгги йилларда қандай ўзгарди? Навбаҳор Имомованинг ўзи-чи? «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев бир муддат Ўзбекистонда меҳмон бўлган «Америка овози» мухбири билан мана шундай хилма-хил мавзуларда суҳбатлашди.

Океан ортида вакцинация қандай кечмоқда?

АҚШда вакцинация жараёни муваффақиятли кечди ва кечяпти. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсам, жадал кечяпти. Жо Байден инаугурацияда ҳам, ундан аввал, яъни президентликка киришмасидан олдин ҳам асосан шуни ваъда қилганди. «Биринчи навбатда коронавирусни енгишимиз керак, енгишнинг асосий йўли — эмланиш», деб. АҚШда эмлашни қандай ўтказиш бўйича аллақачон режа бор эди ва бу тезликда амалга ошира бошланди, дарров киришиб кетилди. Бугунги кунга келиб америкаликларнинг 50 фоизи тўлиқ эмланган.

Ҳар бир штат ўзи белгилаяпти эмланиш сиёсатини. Федерал ҳукумат уларга нима керак бўлса таъминлаяпти, рағбатлантиряпти. Оқ уй штатларни тўлиқ эмланганларга нақд пул, масалан, 100 доллар ҳадя қилишга ундаяпти. Бу пул штатларда бор, чунки баҳорда қарийб 2 триллион долларлик ёрдам пакети ажратилган.

Ҳозир ҳолат шундайки, федерал хизматчилар, албатта, эмланиши керак. Ҳар бир ташкилот, идора буни талаб қила олади. Эмланмаса мунтазам тестдан ўтиб туриши ва вакцина ололмаслиги учун бирор асос кўрсатиши зарур.

Биз ҳам эмланиб бўлдик. Ўзим шахсан Moderna вакцинасини олдим. Ўзим яшайдиган «маҳаллада». Онлайн навбатда турасиз, айтилган вақтида борасиз. Вакцина бепул, лекин тиббий суғурта ҳақидаги маълумот сўралади.

Эмланиш жойи, албатта, тиббий муассаса бўлиши шарт эмас. Ибодатхона, жамоат марказлари ёки мактаблар бўлиши мумкин. Менинг мисолимда вакцинация усти ёпиқ стадионда бўлди. У ерда вақтинчалик тиббий пункт жойлаштирилганди.

Ҳали анча вақт амалда бўладиган қоидалар

Америка пандемиядан чиқишга бел боғлаган, бу шубҳасиз. Ўтган йил худди шу пайт билан қиёслайдиган бўлсак, ўшанда ҳолат жуда оғир эди, айниқса катта штатларда. Вазият издан чиқиб кетганди. Америкаликлар ўзлари бошида ниқоб тақишга шошилишмади, чунки эркин жамият, одамларни мажбурлай олмайсиз. Кўплар пойтахт Вашингтонда ҳам ниқобсиз юришди.

Аммо кейин, кузга бориб, ҳалок бўлаётганлар сони юқори суръатларда ўса бошлагач, америкаликларга ўзини эҳтиёт қилиши кераклиги асталик билан етиб борди. Президентлик сайлови олдидан бу тарғибот янада кучайди. Байден сайловда ютгач, «100 кун мобайнида ниқоб тақамиз» деган компанияни бошлади. Бу ҳам қайсидир даража самара берди.

АҚШда вакцинация жараёни авж олиши билан ниқобсиз юрганларни ҳозир кўп кўряпмиз. Лекин ниқоб тақиш маданияти ҳам шаклланди. Ўйлайман, келгуси бир-икки йил барибир кўчага чиққанда ниқоб билан юришимиз керак. Шундай жойлар бор, ниқобсиз киролмайсиз, чунки шартни у томон қўяди. Музейлар очиляпти, ниқоб билан кирамиз, дўконларга ҳамон ниқоб билан борамиз, жамоат транспортида ниқоб билан юрамиз.

Буткул эмланган бўлсам ҳам АҚШни тарк этиш учун тест топширдим. Туркияда барибир текширишди, Ўзбекистонга кириш учун тест, чиқиб кетиш учун яна тест. Яъни эмланиш бу тестдан қутулиш дегани эмас. Шундай қоидалар бор ва улар дунё бўйлаб ҳали анча вақт амалда бўлса керак.

Уйдан ишлаётган Америка

Америка аксарият ҳолларда ҳамон уйдан туриб ишлаяпти. Масалан, ўзим ҳам ишхонага ҳафтада бир боряпман. Вакцина олганимиз учун ишхонада ниқобсиз юришимиз мумкин. Бироқ «умуман ниқобни ечинг, пандемия тугади» деган гап йўқ.

Қўшма Штатларда ўзи онлайн, яъни масофадан, уйдан туриб ишлаш анчадан бери шаклланиб келаётганди. Пойтахт Вашингтонда ҳам кўплар, ҳатто энг юқори федерал лавозимларда ишлаётганлар ҳам ҳафтада 4 кун ишлаб, 40 соатли юкламани бажариб, бешинчи кун зарур бўлсагина ишлаётган эди.

Бизга ҳам ишхонада шундай имконият берилди. Лекин журналист сифатида ўзим буни тасаввур қилолмасдим. «Ҳар куни ишга келишим керак, ҳар куни жараёнда бўлишим керак» деган тушунча чуқур илдиз отган эди. Шунинг учун «уйдан туриб ишлайсиз» дейишганида, очиғи, бу менга ёқмаган эди. «Қандай ишлаймиз, ахир техника, воситалар, студия, ҳамкасблар билан доимий мулоқот керак» деган саволлар туғилди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Аммо биласизми, уйдан туриб ишлаш жуда тез изга тушиб кетди. Ҳозир аксарият ҳолларда бутун «Америка овози»нинг эфири уйдан кетяпти. Кимнингдир ошхонаси, кимнингдир зали, яна кимнингдир балконидан. Биз ҳозир ўзимиз индивидуал тарзда, мустақил дастурларни тайёрлай оламиз. Бу жуда фойдали ва керакли сабоқ, синов бўлди. Бу синовдан ўта олдик деб ўйлайман.

Ҳозир сўровлар ўтказиляпти — ким қайтмоқчи, қачон қайтишимиз керак деган. Биласизми, кўпчилик қайтишга шошилмаяпти. Бундан кейинги иш тартибимиз бошқачароқ бўлади. Уйдан туриб ишлашга кўпроқ имконият яратиб берилади. Чунки корхона-ташкилот мутасаддилари бу ишга зарар етказмаслиги, аксинча, кўплаб ҳолатларда самарадорликни оширганини тушуниб етяпти. Чунки йўл учун вақт сарфламайсиз, эрталаб асабларингиз бузилмайди. Вашингтонга миллионлаб одам келиб кетади ҳар куни, кўчалар тирбанд, бир-бир ярим соат вақтингиз бемалол кўчада ўтиши мумкин. Ҳозир уйдасиз, ўша вақт тежаляпти.

Америка бунга анча мослашиб олди. Агар федерал тизим шундай ишлаётган бўлса, хусусий, ноҳукумат секторда бундан ҳам эркин бўлади. Зарур пайти ишхонага борасиз, керак бўлса бир-бирингизни кўрасиз, қолган пайт масофадан ишлаш. Бу маданият қолади, шаклланишда давом этади ва бундан ҳам такомиллашади деб ўйлайман.

АҚШ журналистикасидаги техника билан боғлиқ кўплаб метин қоидалар ўзгарди. Айтайлик, видео тиниқлиги, аудионинг тозалиги каби фундаментал талаблар бироз бўшашди. Одамларнинг кўзи хирароқ видеоларга, виртуал мулоқотларга ўрганди. Олдин катта, миллион долларлик студияларда олинган шоулар кичик, каталакдек жойлардан эфирга чиқа бошлади. Мазмун яхши бўлса буларнинг унчалик аҳамияти йўқ эканлиги билинди. Декорация, ёруғлик, макияж, соч турмаклари ҳам у қадар муҳим эмас экан.

Аудиториянинг пандемия пайтида бунга мослашиши қийин бўлмади, чунки барчамиз бир кемада, бир қозонда эдик. Шу жараёнда одамларнинг информацияга қанчалик чанқоқ эканлиги, биз берадиган маълумотларнинг муҳимлигини сездик. Маҳаллий ва мамлакат бўйлаб ахборот тарқатадиган манбаларга талаб ошди. Деярли барчанинг аудиторияси кенгайди.

«Ўзбекистон журналистларида ўзига бўлган ишонч ҳамон паст»

Ўзимни Ўзбекистон журналистикасидан ташқаридаги одам деб ҳисобламайман. Жараёнларнинг ичидаман: биргаликда материаллар тайёрлаймиз, мавзуларни биргаликда ёритишга ҳаракат қиламиз, ҳамкасблар билан доимий мулоқотдаман. Қолаверса, АҚШ Глобал Медиа Агентлигининг бу ерда олиб бораётган тренинглари самарали кечяпти. Шунинг учун ҳам ичкарида юрибман деб бемалол айта оламан.

Ижобий жиҳати шундаки, журналистлар бугун журналистика ва информация нима эканлигини ўзлари баҳолаш ҳамда белгилашга ҳаракат қилмоқда. «Бу бизнинг ишимиз, бу бизнинг соҳа», деган маънода. Шу билан бирга, журналистларда ҳамон ўзларига бўлган ишонч пастлигича қолмоқда. «Сен профессионал эмассан, сен эплай олмайсан, бу ерда журналистика яхши эмас, журналистлар ва блогерлар сотилади» қабилидаги дакки ва дашномлар руҳиятга салбий таъсир қилади. Хусусан, ёш журналистларга.

Доимий ўсишда бўлишимиз зарур. Журналистика ва ҳукумат профессионаллашиб бориши лозим. Жамият ўзига нисбатан кўпроқ ишонишни бошлаши, манбалар очиқроқ гапиришни ўрганиши керак. Биз нимамиз билан журналистмиз? Одамларни гапиртира олишимиз билан. Айтилмаётган гапларни олиб чиқа олишимиз билан.

Журналист сифатида биз савол берамиз, жавобни бошқалар беради. Мен ҳеч кимдан ўзим хоҳлаган жавобни кутмайман, агар шундай бўлса бу театр, спектакль бўларди. Эшитаман ёқса-ёқмаса. Аксарият ҳолларда ўзим шахс сифатида эшитишни истамаган жавоблар берилади. Тинглайсиз, хулоса қиласиз ва кейинги саволга ўтасиз.

«Ўзимдан кўп нарса кутаман»

Аждодларим Наманганга келиб тақалади. Аждодларим деганда икки-уч авлод олдингиларни назарда тутяпман. Ўзим Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Қўшқўрғон қишлоғида туғилиб-ўсганман. Уйимизга Намангандан қариндошлар тез-тез келиб туришар эди. Болаликда унақа кўп саёҳат қилмаганман, қишлоқдан деярли чиқмаганмиз, нари борса Тошкентга йўлимиз тушар эди холос. Кейинчалик ўзим саёҳат қилишни бошлаганимизда секин-секин бу тарафларни ҳам ўрганишга киришдим.

Наманган бўйлаб қариндошларим бор. Яъни бир маҳалла, бир қишлоқ ёки туман эмас, вилоят бўйлаб. Ўзи катта оила вакилларимиз, тўққиз фарзандмиз. Қудалар, амакилар, ота-она томондан қариндошлар бор. Келганимда уларни кўриб, йўқлаб кетаман.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Жуда ҳам талабчан инсонман. Ўзимга нисбатан кескинман, танқидий ёндошаман. Нимаики хато қилсам, қоқилсам биринчи галда ўзимни айблайман. Профессионал жиҳатдан, глобал фуқаро сифатида муросага мойилман. Лекин ўзимнинг шахсий ҳаётимда муроса қилишни истамайман. Ўзим ҳамма нарсани белгилашим, қарор қилишим керак, бошқаларнинг фикрини ҳар доим ҳам инобатга олавермайман.

Муваффақият, бахт — бу ҳамма хоҳлайдиган нарсалар. 43 ёшга кириб шуни англаб етдимки, улар мен узоқ вақт мобайнида ўйлаган мураккаб нарсаларда эмас экан. Оддий нарсалар—дийдорлашиш, ишингнинг самарасини сезиш, инсонларга таянч бўла олиш, вақтида дам олиш, ўзимизга эътибор бера олишда ҳам экан.

Ўзимиз билан ўзимиз муроса қила олишимиз, мослашувчан бўлишимиз кераклиги, атрофимиздаги муҳит, одамларни ҳар доим ҳам идора қилолмаслигимиз, ўз таъсиримизни ҳар доим ҳам истаганчалик ўтказа олмаслигимиз—буларнинг ҳаммасини тушуниш учун пандемияга ўхшаган давр ва балки профессионал тажриба зарур экан.

Ўзимдан кўп нарса кутаман, ўзимни еб ташлайман, лекин олдингига қараганда мослашувчанроқман ҳозир. Ўзимга нисбатан сал яхшироқ муносабатдаман. Қоқилиш ҳар доим ҳам мен ўйлагандек қоқилиш эмас, хатоларни тузатса бўлар экан.

Олдинлари бирор режам бузилса, жиғибийрон бўлиб кетардим. Ҳозир ундай эмас. Бу учрашув бўлмадими, навбатдагиси; бу интервью ўхшамадими, ундан кейингиси. Яъни зорим бор-у, зўрим йўқ. Олдингидек афсусланмайман, руҳан эзилмайман ҳозир. Бўлмадими-бўлмади, бугун учун шу экан муваффақиятим, дейман.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ҳуқуқ фаоли Нукус воқеаларида гумонланаётганлар қийноққа солинмаганини айтмоқда
Дунё
«Дарё» кундалигида 30 ноябрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Маҳаллий
Контрабанда сигареталар кўпроқ қайси вилоятлар чегараларидан олиб ўтилмоқда? Божхоначи жавоб берди