Афғонистонда хавфсизлик соҳасидаги вазият хавотир уйғотади, деди Пентагон (АҚШ Мудофаа вазирлиги) матбуот котиби Жон Кирби. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати мамлакатда ҳужум суръатларини оширмоқда, аммо Афғонистон ҳукуматида вазиятни қўлга олиш имконияти бор.
Брифинг чоғида Кирби Афғонистондаги вазият ёмонлашаётгани, ўтган уч кун ичида «Толибон» бешта вилоят маъмурий марказларини эгаллаб олганини таъкидлади. Унинг айтишича, жангарилар ҳужумларни кучайтирган. «Бу чуқур хавотир уйғотади», — деб ҳисоблайди матбуот котиби.
Жон Кирби қайд этишича, АҚШ афғон ҳукумати кучларида «жанговар вазиятни аҳамиятли даражада ўзгартириш имконияти бор» деб ҳисоблайди. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон Кобулга кўмак кўрсатишда, хусусан, жангарилар позицияларига авиазарбалар беришда давом этади.
«Толибон»нинг Афғонистондаги ҳужумлари шунчалик кучли суръатларда бормоқдаки, АҚШ жангариларга қарши ўз авиациясининг анча кучлироқ воситаларини жалб қилишига тўғри келмоқда.
Хусусан, АҚШ афғон қўшинларига ёрдам бериш мақсадида Б-52 стратегик бомбардимончиларини ва қуруқликдаги кучларни қўллаб-қувватловчи АC-130 самолётларини юборган.
Афғонистондан АҚШ контингентини олиб чиқиш бошлангач мамлакатдаги вазият кескинлашди. 22 июль куни Толибон Афғонистон чегараларининг 90 фоизини назорат қилаётганини айтди, расмийлар буни инкор этмоқда. АҚШ «Толибон»нинг позициялари кучайганига қарамай, Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш режаларини ўзгартирмаслигини маълум қилди.
Изоҳ (0)