Буюк Британия ҳукумати юк машина ҳайдовчилари етишмаётгани туфайли супермаркетларга озиқ-овқат етказиб бериш ишига ҳарбийларни жалб қилмоқчи. Бу ҳақда The Sun ва The Daily Mail манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрларнинг хабарига кўра, Қироллик логистика корпусининг 2000 юк машина ҳайдовчисига беш кун давомида супермаркетларга озиқ-овқат ва зарур нарсаларни етказиб бериш буюрилган. Ҳукумат юк ташишда ёрдам олиш учун яқин кунларда армияга расмий сўров юбориши кутилмоқда.
The Sun қайд этишича, ҳарбийлар меҳмонхоналарга жойлашади. Бу тадбирларнинг барчаси мамлакат Мудофаа вазирлиги коронавирус пандемиясига жавобан 2020 йилнинг март ойида бошлаган Rescript операцияси доирасида амалга оширилмоқда.
Аввалроқ, июль ойи охирида Британия юк ташувчилар уюшмаси мамлакатда юк машина ҳайдовчилари етишмаётганини маълум қилди. Уюшма маълумотларига кўра, бунга «Брексит»дан кейин мамлакатни 90 минг киши, шу жумладан, Европа Иттифоқининг 25 минг ишчиси тарк этгани сабаб бўлган.
Бу масалани ҳал қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси юк машиналарини бошқаришга лицензия олиш тартиби соддалаштирилишини эълон қилди. Аммо юк ташувчилар уюшмаси бундай чоралар логистикани нормаллаштиришга ёрдам бермаслигини айтди: янги қоидалар кучга кириши учун камида беш ой керак бўлади.
Уюшманинг қайд этишича, муаммони фақат европалик ишчиларнинг Британияга қайтишига рухсат бериш орқали ҳал қилиш мумкин. Уларнинг таъкидлашича, Британиянинг айрим ҳудудларида, масалан, Шимолий Ирландияда маош 20 фоизга ошганига қарамай, мамлакат фуқаролари орасидан янги ходимларни жалб қилиш имконсиз.
Июль ойи бошида The Guardian Буюк Британияда ўткир ишчи кучи танқислиги ҳақида хабар берганди. Бу «Брексит»дан кейин, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида чет эллик ишчиларнинг мамлакатни тарк этиши билан боғлиқ. Газетанинг ёзишича, Буюк Британияда бундай кадрлар танқислиги 1997 йилдан бери қайд этилмаган. Энг кескин ишчи кучи тақчиллиги транспорт ва логистика, меҳмонхона хизмати, ишлаб чиқариш ва қурилишда сезилади. Бундан ташқари, молиячилар, дастурчилар, бухгалтерлар ва муҳандислар етишмаяпти, деб ёзади The Guardian.
Аввалроқ «Брексит»дан кейин Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига экспорт ҳажми камайгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)