Давлат тест маркази тест топшириқлари акс этган суратлар тарқалиши юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, бир неча абитуриент тест жараёнларида телефондан фойдалангани учун имтиҳондан четлатилган.
Қайд этилишича, математика фанидан тест топшириқлари акс этган 1185323 рақамли тест топшириқлари китоби диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, 17 май куни Қарши шаҳридаги академик лицейлардан бирининг ўқувчилари учун буюртма қилинган. Диагностик тест натижасига кўра, талабгор 90,5 балл (280,5 баллдан) тўплаган. Мазкур тест топшириқлари китоби 2021/2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тегишли эмас.
Кимё фанидан тест топшириқлари акс этган 1155745 рақамли тест топшириқлари китоби 5 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдалангани видеокузатув орқали аниқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги» низомнинг 52-бандига мувофиқ тест синовидан четлаштирилган.
Мажбурий фанлар блокининг Ўзбекистон тарихи ва математика фанларидан тест топшириқлари акс этган 1186266 рақамли тест топшириқлари китоби 5 август куни Қашқадарё вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест топшириқлари китоби варағини йиртиб, ташқарига олиб чиққани учун Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги» низомнинг 52-бандига мувофиқ тест синовидан четлаштирилди.
Биология ва кимё фанларидан тест топшириқлари акс этган 1235875 рақамли тест топшириқлари китоби 6 август куни Қашқадарё вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, далолатнома асосида тест синовларидан четлаштирилган.
Бундан аввал Давлат тест маркази интернетда тарқалган тест материаллари бўйича изоҳ бергани ҳамда ДТМ биология фанидан Миллий сертификат учун топширилган тест натижаларини бекор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)