Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Теҳрон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Эроннинг янги сайланган президенти Иброҳим Раисий билан учрашди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Учрашувда Эрон давлат раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан унинг сайловлардаги ғалабаси муносабати билан йўллаган самимий табриги учун ўз миннатдорлигини билдирган. Шунингдек, бундай юксак эътибор ва эътироф икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичда давом эттириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланган.

Мулоқотларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кўп томонлама алоқаларни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳалар қатори парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилган.

Иброҳим Раисийнинг таъкидлашича, Эрон расмий доиралари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган минтақа давлатлари билан ўзаро ҳурмат, дўстлик ва биродарлик тамойилларига асосланган яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Шунингдек, Эрон президенти Тошкент ва Теҳрон ўртасида йўлга қўйилган халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик алоқаларига ижобий баҳо берган.

Иброҳим Раисий фикрига кўра, Ўзбекистонда Президент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида парламент ролини ниҳоятда кучайтирди. Келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутади.

Эслатиб ўтамиз, Эронда 18 июнь куни президентлик сайлови бўлиб ўтди. Сайлов 19 июнь куни соат 02:00 да (Тошкент вақти билан соат 02:30) якунланган. Овоз бериш 18 июнь куни соат 07:00 да (Тошкент вақти билан соат 07:30) бошланиб, ярим тунгача давом этиши керак эди, аммо ажратилган вақтда ҳамма овоз беришга улгурмагани учун сайлов участкаларининг ишлаш вақти узайтирилганди. Эрон Олий суди раиси Иброҳим Раисий 17,9 миллион киши (сайловчиларнинг 62 фоизи)нинг овозини қўлга киритиб, мамлакат президенти этиб сайланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар