Салар канали бўйида ва шу номли сув тозалаш иншооти атрофидаги ишлаб чиқариш бинолари ва кушхоналар Тошкент ташқарисига кўчирилади, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган терини қайта ишлаш, тўқимачилик, паррандачиликка ихтисослашган корхоналар ва қорамол кушхоналари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Оҳангарон туманларида ташкил этиладиган «Махсус саноат зона»сига кўчирилади.
Бу қарор маҳаллалар аҳолисининг тозалаш иншооти атрофидаги мурожаатларини ўрганган ва бу корхоналар вакиллари билан учрашувда эълон қилинган мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг хулосалари асосида қабул қилинди.
Бундан ташқари, Салар оқова сувларни тозалаш иншооти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда маълум қилинишича, аввалги учрашувларда бу ҳудудда бадбўй ҳид тараларди. Олиб борилган кенг кўламли ишлар, хусусан, қайта ишланмаган оқовалар иншоотга ташланиши тўхтатилганидан сўнг бугунги кунда бу ердаги ёқимсиз ҳид анча камайган. Аммо ҳали ишчи гуруҳ хулосаси асосида бажариладиган ишлар кўп.
Май ойи ўрталарида 533 та корхонанинг ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувлари Салар оқова сувларни тозалаш иншоотига қуйилиши ҳақида хабар берилган эди.
«Gazeta.uz»нинг маълум қилишича, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги ва экология қўмитаси корхоналарнинг маҳаллий тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, шунингдек, бешта чарм ишлаб чиқариш заводини Тошкентдан ташқарига кўчириш таклифи билан ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиққани эълон қилган.
Бундан аввал Сергели тумани ҳудудида кузатилаётган бадбўй ҳид юзасидан 22 нафар масъулга маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)