Ўзбекистон Давлат тест марказининг расмий веб-сайтига 2021/2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари ўтказиладиган стадион ва хиёбонлар бўйича маълумотлар жойлаштирилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унда ҳар бир вилоятда тест имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудлар бўйича қуйидаги маълумотлар жойлаштирилган:

  • стадион ёки хиёбоннинг расми;
  • ҳудудга кириш жойлари;
  • стадион ёки хиёбон номи;
  • стадион ёки хиёбон манзили;
  • сектор рақами;
  • тест топширадиган гуруҳлар;
  • стадион ёки хиёбоннинг Google харитадаги геолокацияси.

Хусусан, Тошкент шаҳрида ОТМларга кириш имтиҳонлари «Пахтакор» ва «Бунёдкор» стадионлари, шунингдек, «Ғалаба» ва «Ботаника» боғларида бўлиб ўтади.

Бундан аввал Ўзбекистонда ОТМга киришда энг юқори балл тўплаган 200 нафар абитуриент учун Президент гранти жорий этилгани, Ўзбекистон ОТМлари учун қабул квоталар тўлиқ тасдиқланиб, энди ДТМ сайтида йўналишларни танлаш мумкинлиги ҳамда Давлат тест маркази кириш имтиҳонларини ўтказишдаги янгиликлар ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилинганди.