АҚШдан Ўзбекистонга 3 миллион доза Moderna вакцинаси олиб келингани тўғрисида хабар берилганди. Telegram’даги «Vaksina.uz» каналининг ёзишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани 9-сонли оилавий поликлиникасида мазкур вакцинаси билан эмлаш ишлари бошланган.
Таъкидланишича, мазкур оилавий поликлиника учун ҳар бири 15 дозани ўз ичига олган жами 30 ампула ажратилган. Сақлаш шароитларига қатъий риоя қилинмоқда.
Вакцина икки дозада қилинади. Оралиқ давр — 28 кун. «Мазкур вакцинани исталган одам ўз оилавий поликлиникасида олиши мумкин. Ўзингиз билан паспорт нусхасини олинг. Поликлиникага боришдан аввал қўнғироқ қилиб, вакцина келган-келмаганини аниқлаштиринг», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Moderna вакцинаси ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқланган (Pfizer, Johnson & Johnson компанияларининг вакциналари, шунингдек, AstraZeneca компаниясининг икки турдаги препаратидан сўнг) бешинчи вакцина ҳисобланади. ЖССТ экспертлар гуруҳи вакцинанинг вирусга қарши 94,1 фоиз самарадор эканини таъкидлаб, уни 18 ёшдан катта бўлган барча аҳоли гуруҳлари учун тавсия қилган.
Аввалроқ Озарбайжон Ўзбекистонга 50 минг доза AstraZeneca вакцинасини юборгани, мамлакатга 1,2 миллион доза Pfizer вакцинаси олиб келиниши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)