Porsche компанияси ноодатий ассиметрик салон ва илғор автопилотга эга Vision Renndienst минивенининг концептуал суратларини эълон қилди. Салон марказига ўрнатилган ҳайдовчи ўриндиғи 180 даражага бурила олади, иккинчи қаторга иккита ҳар хил ўриндиқ ўрнатилган бўлса, учинчи қаторда — уч кишилик диван жойлашган. Ён ойналар фақат бир томонда жойлашган, бошқа томонда эса ҳеч нарса йўқ, Porsche’дагиларнинг тушунтиришича, бу ҳимояланганлик ҳиссини беради, деб ёзади Motor.
Мазкур шоу-кар янги эмас: уни яратиш устидаги ишлар икки йил олиб борилган ва 2020 йилда Porsche Unseen лойиҳаси доирасида ошкор этилган. Ўшанда Vision Renndienst’нинг фақатгина ташқи кўриниши намойиш этилган, жумладан, биринчи вариант стандарт ойнали бўлган. Эндиликда автомобилнинг ичини ҳам томоша қилиш мумкин.
Машина салони олти кишига мўлжалланган. Ҳайдовчи ўриндиғи 180 даражага бурилиб, салон марказида жойлашган, олд панелнинг иккала ёни бўйлаб экранлар, рул орқасида қурилмалар жойлашган. Минивеннинг ён эшиклари сирғалиб очилади.
Porsche’нинг янги моделига оид техник тавсифлар ҳозирча ошкор этилмаган, аммо машина электродвигатель ёрдамида ҳаракатга келиши, шунингдек, автопилот ҳайдовчига нафақат қўлни руль бошқарувидан олиш, балки йўлдаги вазиятни ҳам кузатмаслик имконини беради.
Аввалроқ Шанхайда ҳашаматли Toyota Crown Vellfire минивени сотувга чиққани, Hyundai компанияси футуристик ташқи кўринишга эга янги Staria минивенини яратаётгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)