Бухорода ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида Nexia ағдарилди. Автомашина остида қолган ҳайдовчи ва йўловчи тирик қолди. Бироқ оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот гуруҳи раҳбари Улуғбек Шукруллаев хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ

Таъкидланишича, Ромитан туманидаги Газли чўл массиви ҳудудидан ўтган А-380-автомобиль йўлининг 349-километрида 33 ёшли фуқаро Р.Х. ўз бошқарувидаги Nexia’ни катта тезликда бошқариб келиб, йўл четига чиқиб кетган ва ағдарилган. Ҳайдовчи ва автомобиль салонида бўлган 67 ёшли йўловчи Б.А. жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ

«Ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида содир бўлган йўл транспорт ҳодисасидан хабар топган одамлар тезкорлик билан уларга ёрдам беришган. Йўловчи автомашинадан ҳушсиз аҳволда олиб чиқилган. Ҳар иккисининг ҳаёти сақланиб қолинган бўлса-да, инсон учун зарур бўлган саломатликни бир умрга йўқотишган. Ҳамюртларимиздан автомашина бошқарувида эҳтиёт бўлишларини сўраб қоламиз», — дейди Улуғбек Шукруллаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда иккита Mercedes ва Nissan иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Наманганда Damas иккита «Жигули» билан тўқнашиши оқибатида бир киши вафот этгани хабар берилганди.