Фарғона вилояти Учкўприк туманида Coca-cola, Pepsi ва Fanta номли салқин ичимликлар ишлаб чиқараётган яширин цех фаолияти фош этилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан «Coca-cola ичимлиги Uzbekistan – LTD» МЧЖнинг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Э. яшаш хонадонида яширин цех ташкил қилиб, санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган шароитда Coca-cola, Pepsi ва Fanta номи остида салқин ичимликларни ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланиб, воқеа жойидан тайёр маҳсулотлар, бўш елим идишлар, рангли суюқлик ва бошқа товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Наманганда ноқонуний равишда дори ишлаб чиқараётган яширин корхона аниқлангани, Зангиотада қалбаки Persil, Ariel, Mif, Tide кир ювиш кукунлари ишлаб чиқарилаётган цех фош этилгани ҳамда Бухорода истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқараётган цех аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)