Марказий сайлов комиссиясининг 23 июль, жума куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров президентликка номзодларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилмоқда.
«Бугунги йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан алоҳида сайловни ўтказиш бўйича тақвим-режани ҳам тасдиқлаб олдик. Тўғри, Сайлов кодексида моддама-модда ёзилганда барча жараёнларнинг муддатлари белгиланган. Лекин у қандай белгиланган? Яъни сайловга 70 кун қолганда, 60 кун қолганда, деб кўрсатиб ўтилган.
Энди биз сайлов кунини 24 октябрь деб белгилайдиган бўлсак, демак, шунга биноан, сайлов тадбирлари тақвимдаги қайси ой, қайси кунга тўғри келишини аниқ кўрсатиб беришимиз лозим. Тақвим-режада нафақат Марказий сайлов комиссияси, балки округ, участка сайлов комиссиялари ва бошқа давлат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажариладиган тадбирлар ҳам қамраб олинган. Ушбу тақвим-режа оммага эълон қилинади ва у танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.
Президентликка номзодлар қачон кўрсатилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, қонунда белгиланган муддатлар бўйича сайлов ўтказиладиган кунга 65 кун қолгандан то 45 кун қолгунга қадар сайловга номзодлар кўрсатилиши керак ва сайлов кунига 35 кун қолгунгача номзодларни Марказий сайлов комиссия томонидан рўйхатдан ўтказиш керак.
Мана, бугундан, яъни 23 июлдан бошлаб сиёсий партиялар ўзларининг ваколатли вакиллари учун номзодларни ва улар тўғрисидаги маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишлари лозим», — деди МСК раиси ўринбосари.
Изоҳ (0)