Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминоти етиб бормаган ҳудудларидаги аҳолисига эндиликда махсус сув ташиш машиналари ёрдамида ичимлик суви етказиб берилади. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда аҳолига ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида Хитойдан махсус сув ташиш машиналари олиб келинган.
«‘Ўзсувтаъминот’ АЖ томонидан Сурхондарё вилоятининг ичимлик суви етиб бормаган ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларни вақтинчалик ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 25 та Shacman русумли махсус автомашиналарнинг тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди», — дейилади хабарда.
Маросимда «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев ва Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этган.
Аввалроқ Бухорода 230 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминловчи сув тозалаш иншооти таъмирлангани, Фарғонада ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида 132 та сув қудуғи ишга туширилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)