Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Суҳбат аввалида Россия президенти Шавкат Мирзиёевни таваллуд айёми билан дилдан муборакбод этиб, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилаган.
Ўзбекистон—Россия стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилган, олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинган.
«Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланаётгани, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани, иқтисодиёт тармоқларида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди», — дейилади хабарда.
Етакчилар минтақа кун тартиби, шу жумладан, Афғонистон бўйича юзага келаётган вазият хусусида фикр алмашган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти 24 июль куни 64 ёшга тўлди.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашиб, туғилган куни билан табриклагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)