Нидерландиялик Бернио Верҳаген ҳикояси — ўткир сюжетли фильм учун тайёр сценарий бўла олади. Футболчи — у ўзини шундай атайди, футбол ўйнашни билмаса ҳам профессионал клубларни қўпол қилиб айтиладиган бўлса, пайпоқ каби алмаштирган. Мураббийлар ва менежерлар фирибгар қурбонига айланганини тушунган вақтда Бернио аллақачон жуфтакни ростлаб қолган бўларди. Верҳаген кетгани заҳот у билан бирга ўзи ҳақидаги ҳужжатлар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб қоларди. Нидерландиялик барибир қамоққа олинди, лекин тасодиф туфайли: уни футбол менежерлари эмас, фоҳишалар тутиб берди. Қандай қилиб оддий йигит замонавий спортнинг бош фирибгарига айланиб қолгани ҳақида қуйида ҳикоя қилинади.

Бернио Верҳаген

Фото: «Виборг» ФФ

Верҳаген фамилияси билан боғлиқ ғалати ҳодисаларни 2019 йилда Нидерландиянинг Vice Sport газетаси бош муҳаррири Сем ван Раалте бир-бирига боғлаган. 2020 йил ёзида The Athletic бу ҳикояни тўлиқ чоп этди. Мақоланинг номи: «Арвоҳ»: тўққиз ойда тўрт жамоа, уч минтақа. Ўтказилган ўйинлар сони: нол.

«Шунчаки унга нима бўлганини билмоқчи эдим»

Барчаси 2019 йил июнь ойида Раалте Transfermarkt порталини кузатаётганидан бошланди. Журналист ўзининг навбатдаги интервьюси учун қаҳрамон қидираётган эди. Унинг эътибори дунёнинг барча четларида тўп тепадиган нидерландиялик, ҳали номи чиқмаган футболчиларга қаратилганди. Бундай футболчиларнинг кўпчилигида ажралиб турадиган ҳеч нарса йўқ эди. Бироқ улардан бирида бу жиҳат топилади. Энди қаҳрамон бор — «Динамо-Авто» жамоаси билан февраль ойида шартнома имзолаган 25 ёшли Бернио Верҳаген. Тўғри, у билан ёзнинг бошидаёқ шартнома бекор қилинганди.

Бернио Верҳаген

Фото: «Кейптаун Сити» ФК

Биринчи қизиқарли маълумот, «Динамо-Авто» клуби БМТ давлатлари томонидан алоҳида мамлакат эмас, Молдованинг бир қисми деб тан олинган Приднестроведа жойлашган. Иккинчиси, Верҳаген бунгача бирорта расмий ўйин ўтказмагани эди. «Кўринишидан, у ҳаваскор футболчи бўлиб, негадир дунёнинг ноаниқ бўлган қисмига борган. Шунчаки у билан нима бўлганини билмоқчи эдим», — тан олди ван Раалте.

Тез орада журналист Бернионинг Суринамда туғилганини, лекин ҳаётининг катта қисмини Бельгия чегарасидан унча узоқ бўлмаган Тилбург шаҳрида ўтказганини аниқлайди. 25 ёшигача унинг футболдаги ягона тажрибаси қуйидагилар эди: «Виллем II» (Нидерландиянинг юқори дивизиони — Эредивизида иштирок этадиган, Тилбургда жойлашган жамоа) академиясидаги бир неча ойлик таълим ва икки йил ҳаваскор жамоалардаги фаолияти. «Футболчи сифатида у ҳеч ким эди, аммо бу унинг Молдова саргузаштлари ҳақидаги ғоясини янада жозибали қилди», — деб ёзади ван Раалте.

«У Balenciaga свитерини кийган хотиржам бола эди»

Журналист Верҳагеннинг контактини топади ва уни ўз подкастига чақиради. Ишсиз қолган Бернио ўз юртига қайтганди, шунинг учун учрашувга рози бўлади. «У олтин сирға таққан, Balenciaga свитерини кийган хотиржам бола эди. Ўтирдик ва 45 дақиқача суҳбатлашдик. У Молдова аэропорти яқинидаги йўллар ва асфальт ёмонлиги ҳақида гапирди. Яна жамоадошлари бундан аввал қора танли инсонни кўрмагани, унга ҳайрат билан қараганини ҳам айтиб ўтди. Бернио кулгили латифалар ҳам айтиб берди», — ёдга олади муҳаррир.

Верҳаген суҳбатда унинг машғулотларда бошиданоқ омади юришмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, об-ҳаво жуда совуқ бўлган, кейин эса агент билан муаммолар пайдо бўлган. Футбол буни очиқлашни хоҳламади. «Бу бола унчалик яхши ўйнай олмагани учун ҳайдаб юборишган, деб ўйладим», — тушунтирди ван Раалте. Бернионинг ҳикоясидан сўнг журналистга у айбдор эмасдек кўринади.

Подкаст 5 июль куни чиқди, ван Раалте ишидан мамнун эди. Тез орада унга иккита электрон хат келди. Биринчиси —  Верҳагенни танийдиган инсондан. Унинг айтишича, у Бернио билан ҳаваскорлар жамоасида бирга ўйнаган. У Бернионинг кучсиз жамоага бўлса-да, четга кетишга муваффақ бўлганидан ҳайратланганди. Унга кўра нидерландиялик кўринишидан истеъдодли бўлмаган. Иккинчи хабарчи эса «анча жиддий» шахс бўлиб (ван Раалте исм ва лавозимини ошкор этмаган), у Верҳагенга ишонмасликни сўраган.

Журналист келиб тушган хатлар бўйича футболчига қўнғироқ қилади. Бернио охиригача эшитмасдан трубкани қўйиб қўяди. Буёғи эса яна ҳам қизиқарли тус олади.

«Унга ўз салоҳиятини кўрсатиши учун имконият беришимиз лозим»

26 июлда Жанубий Африка Республикасининг биринчи дивизиони иштирокчиси «Кейптаун Сити» Бернио Верҳаген билан шартнома имзолаганини эълон қилди. Клуб сайтидан ўчириб юборилган расмда жамоа хўжайини Жон Комитис табассум қилиб турган нидерландиялик футболчи қўлини сиқиб турибди. Футболчи жамоада бир ойдан камроқ вақт бўлди ва яна бирорта ўйинда иштирок этмади.

22 августда нидерландиялик Чилининг биринчи дивизионида иштирок этадиган «Аудакс Итальяно» жамоаси футболчисига айланди. Клуб президенти Лоренцо Антильо Верҳаген декабргача жамоада қолишига ваъда берди. «Халқаро алоқарамиз туфайли у жамоамизнинг бир қисмига айланди», — деди президент матбуотга қилган чиқишида. Якунда бўлса 61 кундан сўнг шартномани бекор қилди, чилиликлар сайтида Бернио ҳақидаги барча маълумотлар ўчириб юборилди.

Шундан сўнг ван Раалте Бернио билан боғланди ва бу трансферлар ортида турган агентининг номерини беришини сўради. Спортчи яна бир бор журналистни кўришни ҳам эшитишни ҳам истамаслигини айтиб ўтди: «Бўлар-бўлмас нарсаларинг билан мени безовта қилмаслигингизни хоҳлайман».

Бернио Верҳаген «Динама-Авто» билан шартнома имзолаяпти

Фото: «Динамо-Авто»

5 ноябрда Верҳаген Даниянинг «Виборг ФФ» жамоаси билан шартнома имзолайди. Нидерландиялик спортчи 28-рақамни олади. Жамоа директори Жеспер Фредберг: «У биз ўйлагандек ажойиб истеъдод соҳиби. Уни бизга жамоага яқин инсонлар тавсия қилди, шунинг учун у билан шартнома имзолаганимиз мантиқан тўғри деб ҳисоблаймиз. Унга ўз салоҳиятини кўрсатиши учун имконият беришимиз лозим». Верҳаген 19 кундан сўнг ҳеч қандай тушунтиришларсиз жамоани тарк этди.

9 ой ичида нидерландиялик футболчи тўртта турли мамлакатда тўртта жамоа алмаштирди. Ундан аввал ҳаваскор жамоаларда ўйнаган. Қандай қилиб жамоалар унинг тажрибаси бўлмаса ҳам шартнома таклиф қилди? Верҳаген қандай қилиб ҳайдалган заҳоти янги иш топа олди?

Йирик фирибгарлик

Ван Раалте яна ишга киришди. Аста-секин вазият ойдинлаша бошлади.

«Виборг ФФ» изоҳ беришга рози бўлган илк жамоа бўлди. Жамоа футболчини фирибгарликда айблаб полицияга ариза топширгани маълум бўлди. Клуб «йирик фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва шахсий маълумотларни ўғирлашдек оғир жиноят» қурбонига айланганини тасдиқлади. Бернионинг аввалги учта жамоаси эса унчалик ҳам очилишни истамади, шу билан бирга улар ҳам алданганини яшириб ўтирмади.

Ўшанда журналист Верҳаген Молдовага саёҳати бошланмасидан аввал тўп сурган ҳаваскор жамоа билан боғланди. У ердагилар Бернионинг ягона иқтидори — тезкорлиги экани, ундан бошқа ҳеч қанақа ажралиб турадиган нарсаси йўқлигини айтди. Рақиб жамоалардан бирида тўп сурадиган футболчи Андреас Бейснинг таъкидлашича, Бернио умуман футбол ўйнашни билмайди. «Унинг шунчалик ёмон ўйнашини кўриб ҳайрон қолгандим», — деганди спортчи. Йиғилганлар асосида ван Раалте иккинчи подкастни эълон қилди. Верҳаген ундан туҳматлардан иборат подкастни ўчиришни талаб қилди ва судга даъво киритиш билан таҳдид қилди. Журналист эса бунга эътибор бермади.

Бернио Верҳаген «Кейптаун Сити»да

Фото: «Кейптаун Сити» ФК

Параллел равишда Даниянинг BT газетаси ҳам изланиш олиб борди. Журналистларнинг аниқлашича, Верҳагеннинг трансферлари билан Stellar Group агентлиги (Гарет Бэйлнинг «Тоттенҳэм»дан «Реал»га ўтишида бош-қош бўлган) директори Мо Сину амалга оширган. «Динамо-Авто» жамоаси билан у тўғридан-тўғри алоқага чиққан. «Кейптаун Сити»га амалга ошиши керак бўлган трансфер бўйича эса Сину ЖАРдаги бир агент билан WhatsApp орқали суҳбатлашган. У футболчига Хитойдан яхши таклиф борлигини, йилни охиригача қаердадир ўйнаб туриши кераклигини айтади. Бу бўлажак истеъдод соҳиби, катта ҳужумчи билан алоқалар пайдо қилиш учун қулай имкониятдек туюларди.

Биз у ҳақида жуда оз нарса билардик. Бир нечта кадр кўрдик ва у бизга ёқиб қолди. Верҳаген машғулотлар ўташ учун жамоага ташриф буюрди ва у билан шартнома имзоладик.

Жулиан Бэйли, «Кейптаун» матбуот котиби

Маълум бўлишича месенжерда агент билан Мо Сина эмас, унинг номидан бошқа бир киши гаплашган. Нашрларда ўз исмини кўрган Stellar Group’нинг директори трансферда иштирок этмаганини, бу ёлғонлигини таъкидлайди. Бу пайтда Верҳаген «Кейптаун»га келган ва машғулотлар залида шуғулланаётган эди. Футболчидан фирибгарликдан хабари бор-йўқлигини сўрашганда, у ҳақиқий Сина билан бирга ишлаётганига аминлигини айтиб, елкасини қисади. Уни жамоага ўтишида иштирок этган агент катта эҳтимол билан футболчининг ўзи у билан WhatsApp’да гаплашганини айтиб ўтди.

«Ғуруримизга жуда катта зарба бўлди»

«Аудакс» билан ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган: гўёки Мо Сина чилилик агент Гастон Гонсалес Песолга фантастик футболчи ҳақида хабар йўллаган. «Кейптаун»да бу ҳикоя гапирилмади (балки улар ўз айбларини ошкор этишни истамагандир), Чили жамоаси фирибгарлик борасида шубҳага бормаган. «Биз чет эллик футболчилар учун ажратилган квоталардан фойдаланмагандик, шунинг учун у билан шартнома имзоладик», — тушунтириш беради жамоа президенти.

«Виборг» эса Stellar Group агентлиги билан ҳамкорлик қилиш жуда катта шараф эканини таъкидлади. Футболчи билан эса алоқаларни мустаҳкамлаш учун шартнома имзоланган. Машғулотларда яхши таассурот қолдира олмаган Бернио ҳайдалди ва фирибгарликда айбланди. «Молиявий томондан азият чекмадик, маош ҳам, агентга пул ҳам берилмаганди — лекин бу ғуруримизга берилган қаттиқ зарба эди», — дейди «Виборг»дагилар.

Қизиғи шундаки, ван Раалте ва BT томонидан аниқланган маълумотларни клублар бошқа журналистлар билан суҳбатда рад этди. Reuters бу борада материал тайёрлаётганда, «Динамо-Авто» ва «Кейптаун» ҳеч қанақа Верҳагенни танимаслигини айтди, «Аудакс» эса изоҳ беришдан бош тортди. Журналистларнинг хабарларига кўра, бу жамоалар сохта футболчига гонорар беришга ҳам улгурганди. Фақатгина «Виборг» вакиллари вазиятни яширишга уринишса-да, хатти-ҳаракатлари билдириб қўйди. Reuters’га берган изоҳида улар ван Раалте ва даниялик мухбирларнинг изланишларини тасдиқлади: «Биз масъулиятни ўз зиммамизга оламиз ва бошқа жамоалар бундай вазиятга тушиб қолмаслигига умид қиламиз».

Верҳагеннинг агенти ким бўлишидан қатъи назар — нидерландияликни ўзими ёки бошқа бир ёлғончими — ўз ишига бепарволик билан ёндашганди. Клубларга юборилган хабарлар орфографик хатолар билан ёзилганди. Хитойдан жўнатилиши керак бўлган ҳужжатларнинг электрон манзили «.ch» билан тугарди — бу эса Швейцария домени эди. Жамоадагилар бунга эътибор қаратмаган.

Айблов кўрсатмалари етарли эмаслиги учун полиция Берниони ҳибсга олмади. Орадан ярим йил ўтиб, бошқа жиноят туфайли қамалишга сабаб туғилди.

«Одамлар бунчалик алдашлари мумкинлиги хаёлимга ҳам келмасди»

«Виборг»га келган вақтида Верҳаген меҳмонхонада 21 ёшли чилилик Наярет Мучи билан бирга яшайди. Жуфтлик доим жанжаллашарди, қиз ижтимоий тармоқларга Бернио уни ўғирлаб келгани, эшикни қулфлаб, калитни ўзи билан олиб кетиши, уриши, пул ва таниқчоқларини олиб қўйишини ёзарди. Бир куни Бернио қизни сочидан тортиб кўчага олиб чиқаётгани видеокузатувларга тушиб қолди. Мучи полицияга хабар қилишга имкон топади.

Бернио қизга футболда муваффақиятли фаолият олиб боришини айтиб алдаган. «Верҳаген — даҳшатли манипулятор. У «Копенгаген» футболкасини кийиб, шу жамоада ўйнашини айтди. Одамлар бунчалик алдашлари мумкинлиги хаёлимга ҳам келмасди», — деди қиз. У яна нидерландияликнинг уч хил жамоа формасини буюртма қилгани ва улар билан суратга тушиб, Wikipedia’га жойламоқчи бўлганини ёдга олди. Унда футбол фирибгарлиги бўйича жуда кўп режалар бор эди дея тасдиқлайди Наярет.

Бернио Верҳаген Колумбияда ҳибсга олинмоқда

Фото: Migrasion Colombia

Бернио топилди ва судгача ҳибсда ушлаб турилди. Шу билан ҳикоя якунига етиши мумкин эди, лекин бир муассасадан бошқасига кўчирилаётган вақтда Верҳаген қочиб кетади. Instagram саҳифасида полицияни адаштириш мақсадида Швецияга қочиб кетаётганини ёзди, орадан 12 соат ўтиб эса у қўлга олинади. Суд унга зўравонлик, таҳдид, товламачилик ва фирибгарлик сингари ўнга яқин айблов қўйди. 2020 йил 24 июнда суд Верҳагенга 15 ойлик қамоқ жазоси тайинлади. Суд мажлиси вақтида ундан бирор жойда ишлаши ҳақида сўрашганда: «Мен футболчиман, Дания жамоаларидан бири билан музокаралар ўтказяпман», — деб жавоб берди.

Бернио Верҳаген доим алдайди ва бу унинг қўлидан келадиган энг яхши иш, холос.

Прокурор

Бернио қамоққа олинганига бир йилга етмасдан туриб озодликка чиқди. Дарҳол Колумбияга жўнаб кетди. У ерда Бернио меҳмонхонанинг люкс хонасини банд қилади, яхта ижарага олади ва энг қиммат ресторанларда овқатланади, энг қизиғи, ҳеч бирига ўз ҳисобида тўламайди. Корхона эгаларига Европанинг катта жамоаларидан бирининг футболчисига хизмат кўрсатиш шараф эди. Бир нечта одам у билан суратга тушади ва дастхат олади.

Верҳаген фоҳишаларнинг хизматига пул тўлашдан бош тортгани учун улар полиция чақиради (Колумбияда фоҳишалик билан шуғулланиш қонунийлаштирилган). Аниқроғи, у халқаро ўтказмалар қийинлашиб қолгани учун ҳозир тўлашга шароити йўқлиги, кейинчалик тўлашга ваъда беради. 2021 йилда июнь ойига у қамоққа олинади. Суд қачон бўлиши ҳозирча ноаниқ, унга қандай айбловлар қўйилиши ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

The Athletic’нинг ёзишича, Верҳагеннинг Instagram саҳифасида «Профессионал футболчи» деган ёзув бўлган. Facebook саҳифасида эса: «Режа иш бермаса, мақсадни эмас режани ўзгартир», — деган иқтибос ёзилган эди. Мана замонавий спорт бош фирибгарининг асл юзи. Бернио яна озодликка чиқса, бу сафар нима билан шуғулланар экан-а?

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!