Дунё ва ўзбек спортига оид 17 июль кунининг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

Фото: Бокс федерацияси

Токио–2020 Олимпиадасида Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари ким бўлиши маълум қилинди. Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра очилиш маросимда афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Ботуров байроқдор бўлади. Шу тариқа Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки ўзбекистонлик аёл атлет сифатида тарихдан жой олади. Очилиш маросимининг сценарийсига кўра барча давлатлардан бир нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлади. Бу Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир. Олимпия ўйинларининг очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги «Олимпия» стадионида бошланади. Рио–2016 Олимпиадасида бокс бўйича терма жамоаси аъзоси Баҳодир Жалолов байроқдор бўлганди.

Фото: «Пахтакор»

Тажрибали ҳужумкор ярим ҳимоячи Сардор Рашидов яна легионерга айланди. «Пахтакор»да тўп суриб келган Рашидов «Кувайт СК» клуби билан 1 йиллик шартнома имзолаган. Бу ҳақда футболчининг ўзи «Дарё»га маълум қилди. Қайд этиш жоиз, Сардор бунгача «Ал-Жаиш» (Қатар), «Ал-Жазира» (БАА), «Насионал» (Португалия) ва «Қатар СК» (Қатар) каби клубларда легионер сифатида фаолият юритган.

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби Суперлига иккинчи давраси олдидан Қирғизистоннинг «Олой» клуби билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. «Лочинлар» матбуот хизматига кўра учрашув 19 июль куни Намангандаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтади. Баҳс 18:00 да бошланади. Қайд этиш ўринли, «Олой» жамоаси 2021 йилда Тожикистонда марказлашган ҳолда ўтказилган ОФК Кубоги гуруҳ босқичида Қаршининг «Насаф» клуби билан бир гуруҳдан жой олиб, «аждарларга» 4:0 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Фото: «Пахтакор»

«Пахтакор» Руслан Розиев билан шартномани узайтирди. Пойтахт клуби 18 ёшли яримҳимоячи билан 2022 йилнинг охирига қадар мўлжалланган келишувга эришди. Розиев 2021 йилги мавсумнинг биринчи даврасини «Нефтчи»да ижара асосида ўтказганди, эндиликда у «Металлург» сафида фаолиятини давом эттиради.

«Турон» иккинчи давра олдидан таркибда катта ўзгаришларни амалга оширмоқда. ПФЛ матбуот хизматининг ёзишича, 9 нафар футболчи билан шартномалар бекор қилинган: Бегзод Ҳомидов, Отабек Миралиев, Исломжон Абдуллаев, Достонбек Мелиқўзиев, Сардорбек Хурсандов, Жасур Ҳакимов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Умаржон Шарипов. Аввалроқ клуб «Машъал»нинг икки нафар футболчиси ва тожикистонлик ҳимоячини ўз сафига қўшиб олганди.

«Металлург» клуби ҳам бир қатор шартномаларни бекор қилди. Хусусан, мураббий Андрей Шипилов, футболчилар Евгений Макеев (Россия) ва Евгений Чумак (Украина) билан тузилган шартномалар бекор қилинган. Макеев 2021 йилги мавсумда Суперлигада 4 та ўйин ўтказган бўлса, Чумакда бу кўрсаткич 3 тага тенг. Ҳар иккала футболчида ҳам самарали ҳаракатлар йўқ.

Шунингдек, «Машъал» клуби ҳам ёрдамчи мураббий Муҳриддин Ортиқов ва 4 нафар футболчи билан шартномани бекор қилди: Шаҳзод Нормуродов, Феруз Муинов, Дониёр Усманов, Валижон Ғуломжонов.

Жаҳон

«Реал» ва «Милан» клублари 8 август куни Австрияда ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақда Мадрид клубининг Twitter саҳифасида эълон қилинди. Бу «қироллик клуби» учун мавсум олдидан ўтказиладиган иккинчи ўйин бўлади. Жамоа 25 июль санасида «Рейнжерс» билан баҳс юритади.

А Серия клублари 2022/23 йилги мавсумдан бошлаб яшил рангли спорт формаларидан фойдалана олмайди. Бундай қарорга чиқарилишига ушбу рангдаги либоснинг майса билан бир хил экани сабаб бўлган.

УЕФА Чемпионлар Лигаси кейинги 4 та финали мезбонлари номини эълон қилди. 2021 йилги финал Истанбулдан Португа кўчирилгани боис УЕФА 2023 йилги ўйинни Мюнхендан Истанбулга кўчирди. «Альянц Арена» эса 2025 йилги финалга мезбон бўлади.

  • 2022 йил — Санкт-Петербург (Россия)
  • 2023 йил — Истанбул (Туркия)
  • 2024 йил — Лондон (Англия)
  • 2025 йил — Мюнхен (Германия).

Шунингдек, УЕФА Дублин ва Бильбао шаҳарларига Европа Лигасининг 2024 ва 2025 йилги финалларини берди.

Трансфер янгиликлари

Фото: Twitter

Криштиану Роналду шартномасининг охирига қадар «Ювентус»да қолишга қарор қилди. Football Italia’нинг ёзишича, Роналду клубда қолмоқчи эканини маълум қилган. Шунингдек, на Роналду ва на «Ювентус»га трансфер борасида ҳеч қандай таклиф келиб тушмагани айтилмоқда. Португалиялик 25 июль санасида таътилдан қайтади ва Турин клуби машғулотларига қўшилади.

Фото: «Милан»

«Милан» Оливье Жируни ўз сафига қўшиб олди. Томонлар икки йиллик шартнома имзолади. Француз янги жамоасида 9-рақамда ҳаракат қилади. У бунгача «Челси» шарафини ҳимоя қилаётганди.

«Манчестер Сити» Раҳим Стерлингни сотиб юбормоқчи. The Athletic нашрининг ёзишича, «шаҳарликлар» бош мураббийи ҳужум чизиғини янгилашни хоҳламоқда.

Раҳимнинг клуб билан амалдаги шартномаси 2023 йилда ўз ниҳоясига етади. Transfermarkt портали уни 100 миллион еврога баҳоламоқда.