Тошкентда 15 июль куни Марказий Осиё халқаро институтининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, тадбир аввалида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Маросимда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференция доирасида Тошкент шаҳрига келган Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг юқори вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз нутқида мазкур институтнинг очилиши минтақавий ва иқтисодий жараёнларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат беришини қайд этди.
«Айниқса, бундай жараёнлар сўнгги йилларда Марказий Осиёда жадал кечмоқда. Вазир янги муассаса минтақавий ҳамкорлик истиқболларини экспертлар даражасида батафсил муҳокама қилиш, турли соҳалардаги кўп томонлама лойиҳалар бўйича амалий ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш учун имконият яратишига ишонч билдирди», — дейилади ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Марказий Осиё халқаро институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг август ойида имзоланган. Ушбу институт минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари, амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Ушбу институт директори этиб Президент администрацияси шўъбаси мудири Анвар Носиров тайинланган.
Изоҳ (0)