Жиззах вилояти Арнасой туманида маст ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб, унинг «погон»ини ечиб олди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, воқеа 10 июнь куни соат 22:30 атрофида «Чўлқувар» маҳалласи ҳудудидаги овқатланиш шохобчаси олдида содир бўлган. Аниқланишича, йўл профилактикаси инспектори ошхона қаршисида турган машина ҳайдовчисининг мастлигини сезиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини сўраган.
Шунингдек, у ходимнинг қонуний талабларини бажармасдан, унга қаршилик кўрсатгани айтилган. Таъкидланишича, фуқаро инспекторни уриб, «погон»ини ечиб олган.
Бунинг оқибатида жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Вилоят наркология диспансерида ҳайдовчининг маст бўлгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсга олинган.
Бундан аввал Жиззахда ЙҲХБ ходимига қаршилик кўрсатиб, унинг бодикамераси ва телефонини тортиб олган ҳайдовчи ва унинг шеригига нисбатан жиноий иш очилгани, Самарқандда ЙПХ ходимини уриб, тан жароҳати етказган ҳайдовчига нисбатан жиноий иш очилгани ҳамда Ўзбекистонда энди ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатган шахс 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)