Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида вояга етмаганлар «КамАЗ» юк машинасини бошқаргани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат рақами белгисиз «КамАЗ» русумли юк машинаси давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-103 автомобиль йўлининг Қизириқ туманидан ўтган 17-километрида тўхтатилганида уни мактаб ўқувчиси бошқариб кетаётгани аниқланган.
«Ҳайдовчи» ўзини 13 ёш эканлиги, «КамАЗ»ни ҳайдашни билиши, ўзи Шерободдаги 72-мактаб ўқувчиси эканлиги, бу йил 7-синфга ўтиши, ҳозирда таътилда эканлигини айтган.
Салонда унинг 16 ёшли шериги ҳам борлиги, улар биргаликда «КамАЗ»да Қизириқ туманига ғишт ташиб кетишаётгани маълум бўлди. Болалар уларга юк машинасини ҳайдовчининг ўзи берганини айтди.
Қоидабузарларга тегишли тушунтиришлар берилди ва ота-онаси иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиши билдирилди.
«КамАЗ» вақтинча жарима майдончасига қўйилди. Ҳайдовчига тегишли чоралар кўрилади.
Бундан аввал Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқарувидаги Nexia пастликка тушиб кетгани, Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқарувидаги «Жигули» 11 ёшли пиёдани уриб юборгани ҳамда Жиззахда вояга етмаган бола ЙТҲ содир этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)