Ҳафта давомида Ўзбекистон ва дунё бўйлаб олинган сара суратларни намойиш қиламиз.

Қурбақа Кермит исмли персонаж Вашингтондаги Капитолий яқинидаги концертда қатнашмоқда.

Фото: Getty Images

Тошкентни водий билан боғловчи Қамчиқ довонининг Поп туманидан ўтувчи қисмида «Қўқон патир» ёпаётган новвой.

Фото: «Дарё» / Мусулмонбек Иброҳимов

Хитойнинг Шенжен шаҳри яқинидаги кўрфазда ов қилаётган кит.

Фото: Getty Images

Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги Ислом ота масжиди ҳамда унинг ёнида қурилган янги турар жой мажмуаларининг вертолёт дарчасидан олинган сурати.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Нью-Йоркда АҚШ мустақиллиги куни шарафига отилган салютни томоша қилишга отаси билан бирга борган қизалоқ.

Фото: EPA

Тошкент шаҳридаги «Ҳамид Олимжон» метро бекати яқинида жазирамада кўчада кетаётган одамлар.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Саёҳатчилар Италиянинг шимолида жойлашган Вал Гардена шаҳри яқинидаги Сечеда тоғига чиқмоқда.

Фото: AP Photo

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги «Ҳамид Олимжон» майдони соат 22:00 дан ошганда ҳам одам билан гавжум. Яқин атрофдаги уйларнинг аҳолиси кечки салқинда кўчада стол тенниси ўйнамоқда, фаввора олдида сайр қилмоқда. Таъкидлаш керакки, пойтахтда 5-, 7- ва 8 июль кунларидаги иссиқ ҳарорат 150 йиллик рекордни янгилади. Аҳолига ушбу кунлар давомида зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик тавсия этилган SMS хабарномалар келди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Англия терма жамоаси ҳужумчиси Гарри Кейн (ўнгда) Лондоннинг «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтган Англия ва Дания ўртасидаги Евро-2020 яримфинал ўйини пайтида рақиб дарвозаси томон пенальти тепмоқда. Ўйин 2:1 ҳисобида Англиянинг ғалабаси билан якунланди.

Фото: AFP

Калифорниядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш учун жалб қилинган самолёт.

Фото: AFP

Айдаҳо штатининг Дриггс шаҳрида чорва моллари ўтлаб юрган яйловга қўнаётган ҳаво шари.

Фото: Getty Images

Флоридада қулаб тушган 12 қаватли бинонинг омон қолган қисми портлатиб бузиб ташланмоқда. Бино қулаши оқибатида 54 киши ҳалок бўлган, 86 киши бедарак йўқолган.

Фото: AP Photo

«Толибон» ва Афғонистон ҳарбийлари ўртасида давом этаётган можаро пайтида ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган афғонистонлик оила аъзолари Ҳиротнинг Эмиль туманига етиб келди.

Фото: AFP

Бангладешнинг Чариграм шаҳридаги чорвачилик фермасидаги Рани исмли митти бутан буқаси. Ранининг бўйи атиги 0,5 метр ва вазни 28 килограммга тенг. Унинг эгалари Гиннеснинг рекордлар китобига мурожаат қилиб, уни дунёдаги энг кичик буқа деб тан олишни сўраган.

Фото: AFP

Ўзбекистонда бўлиб ўтган футбол бўйича ОЧЛ гуруҳ босқичида мағлубиятга учраган Гамба Осака Тошкентни оптимистик руҳда тарк этди. Улар стадионнинг кийиниш хонасида «Рафмат (Раҳмат) Ўзбекистон. Биз яна қайтиб келамиз» дея ёзув қолдирган.

Фото: Telegram / «Futbolium»

Сорг ва Малаузен шаҳарлари ўртасида бўлиб ўтаётган Tour de France мусобақасининг 11-босқичида қатнашаётган гуруҳ Мон-Ванту тоғидан тушиб келмоқда.

Фото: AFP

Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остидаги Тоса Майдандаги кулбаси олдида туриб ҳамқишлоғининг коронавирусга қарши эмланаётганини кузатаётган чўпон аёл. Ҳиндистон шифокорлари чўпонларни ва кўчманчи чорвадорларни эмлаш учун узоқ ҳудудларга боришига тўғри келмоқда. Шифокорларнинг эмлашдан ташқари вазифаси аҳолига вакцина ҳақида тўлиқ маълумот бериб, ушбу ҳудудларда тарқалган вакцина ҳақидаги турли миш-мишларнинг нотўғрилигига одамларни ишонтириш ҳисобланади.

Фото: AP Photo

Венесуэла пойтахти Каракасдаги Тереса Cарренё театрида намойиш этилаётган спектакль.

Фото: «ТАСС»

Ҳиндистоннинг Шринагар шаҳри яқинидаги Дал кўлининг қирғоғида турган пуфак сотувчиси.

Фото: EPA

Глобал исиш туфайли қуриб қолиш хавфи остида бўлган дунёдаги энг катта шўр кўллардан бири бўлган Эрондаги Урмия кўлида ўтирган эркак.

Фото: Getty Images

Ташриф буюрувчилар Англиянинг ҳозирда энг кўп коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган шимолий-шарқий қисмида қурилган «Шимол фариштаси» ҳайкалини томоша қилмоқда.

Фото: The Guardian

Шанхай астрономик музейида қуёш моделини кўздан кечираётган болакай.

Фото: Getty Images

Гибралтар қўриқхонасига экскурсия пайтида автоулов ойнасидан ичкаридаги одамларга қараб турган маймун.

Фото: Getty Images

Эрон–Туркия чегарасини кесиб ўтгач, Ван вилоятидаги темир йўл ёнида бетондан қилинган канализация қувури ичида яширинган афғонистонлик бола.

Фото: EPA

Нидерландия қироличаси Максима безакли шапка кийиб, Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашишга кетмоқда.

Фото: AFP

Яманлик жангчи Хасан Солиҳ Кассара фронт чегарасида ҳусий исёнчилар билан тўқнашувдан сўнг суратга тушмоқда. Солиҳ ва унинг укаси Саид (иккаласи ҳам 20 ёшдан ошган) нефтга бой бўлган Мариб шаҳри ташқарисида ҳукуматнинг бошқа жангчилари билан бир қаторда Эрон томонидан қўллаб-қувватланган исёнчиларнинг бир неча ойлик ҳужумига қарши курашмоқда.

Фото: AP Photo

Улкан Алиса қўғирчоғи Англиянинг Оксфорд шаҳрида Льюис Керолнинг «Ажойиб кўзойнаклар орқали» асарининг 150 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашмоқда.

Фото: Reuters

Ироқдаги Садр шаҳрида электр энергияси етказиб берувчи корхонада ишловчи монтёр йигит.

Фото: AFP

Австралиянинг Бирдсвилл шаҳри яқинидаги Симпсон чўлида қум барханларидан тушаётган Big Red Bash мусиқий фестивали иштирокчиси.

Фото: Getty Images

Аввалги кунларнинг фотогалереялари: