АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизматига таяниб, Meduza хабар берди.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Оқ уй хабарида таъкидланишича, президентлар «базаси Россияда жойлашган жиноятчилар» томонидан яқинда амалга оширилган хакерлик ҳужумларини муҳокама қилди ва Байден Путиндан ушбу гуруҳлар фаолиятини бостириш учун зарур чоралар кўришни талаб қилди.

Президентлар, шунингдек, Россия ва АҚШнинг Сурияга гуманитар ёрдам етказиб беришни таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларини муҳокама қилди, бу ҳақда улар юзма-юз учрашувда келишиб олганди. Оқ уй маълум қилишича, умумий ҳисобда суҳбат бир соатга яқин давом этган.

Кремль суҳбат мазмунига изоҳ бермади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳақиқатан ҳам суҳбат бўлиб ўтганини тасдиқлади.

Бу икки давлат раҳбарининг 16 июнь куни шахсан учрашганидан кейинги биринчи телефон суҳбати. Ўша куни Владимир Путин ва Жо Байден Женевада Россия ва Америка президентлари сифатида биринчи марта учрашув ўтказганди. Саммит бир неча соат давом этган, шундан кейин президентлар галма-галдан алоҳида-алоҳида матбуот анжуманлари ўтказган. Учрашув давомида президентлар бир-бирига совға берган.

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Байден ва Путиннинг Женевадаги учрашуви АҚШ учун эмас, Россия учун муваффақиятли бўлганини айтди. «Биз Россияга баланд минбарни тақдим этдик. Эвазига эса ҳеч нарса олмадик», — деган у.

Шунингдек, Путин билан учрашувидан сўнг Байден «глобал аудитория қаршисида ожиз» деб таърифланди.