Дунё ва ўзбек спортига оид 7 июль кунининг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Европа чемпионатининг дастлабки финалчиси номи маълум бўлди. Италия терма жамоаси пенальтилар сериясида Испанияни мағлуб этиб, дастлабки финалчига айланди. Роберто Манчини шогирдлари финалда Англия — Дания учрашуви ғолиби билан ўйнайди.

Италия йирик мусобақалар финалига 10 марта йўл олди. Фақат Германия (14) улардан кўпроқ финалга чиққан. Европа чемпионати финалида эса жамоа 4 марта ўйнаган ва бир бор ғалаба қозонган. Бу Манчини учун илк финал бўлади. У ўйинчи сифатида икки бор (Евро—1988, Евро—1990) ярим финалга қадар етиб борган.

Фото: AFP

«Скуадра Адзурра» мағлубиятсиз сериясини 33 та ўйинга етказди. Испания терма жамоаси томонидан 2007—2009 йиллар ўрнатилган жаҳон рекордига қадар 2 та ўйин қолди. Шунингдек, Бразилия ҳам 1993—1996 йилларда кетма-кет 35 ўйинда мағлуб бўлмаган.

Бу Евро—2020 Италия учун иккинчи, Испания учун эса учинчи қўшимча бўлимларга қадар чўзилган ўйин бўлди. Фақат Португалия 2016 йилда испанлар билан бир хил натижа қайд эта олган.

УЕФА Дания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кристиан Эриксен ва унга ёрдам кўрсатган шифокорларни Евро—2020 финалига таклиф қилди. 1-тур ўйинида Эриксеннинг юраги тўхтаб қолган ва шифокорлар майдоннинг ўзида унинг ҳаётини сақлаб қолганди.

Копа Америка—2021 да финалчилар маълум. Евро—2020 сабаб сояда қолиб кетаётган Америка Кубогининг иккинчи финалчиси ҳам аниқланди. Аргентина терма жамоаси пенальтилар сериясида Колумбиядан устун келиб, ҳал қилувчи босқичга чиқди. Финалда Аргентина ва Бразилия терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Ўтган галги мусобақада ҳам ушбу терма жамоалар финалда ўзаро тўқнаш келган ва унда Бразилия ғалаба қозонганди. Финал Тошкент вақти билан 11 июль тонги соат 05:00 да бошланади.

Фото: Goal

Трансфер янгиликлари

«ПСЖ» Ашраф Ҳакими трансферини эълон қилди. Томонлар 2026 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Аввалроқ парижликлар Ҳакими учун «Интер»га 60 миллион евро тўлаши. Шунингдек, 11 миллион евро бонус ҳам борлиги хабар қилинганди. «ПСЖ» шунингдек, Жанлуижи Доннарумма ва Серхио Рамос каби юлдузларни ўз сафига қўшиб олиши аниқ бўлиб улгурган.

Фото: «ПСЖ» ФК

«Барселона» Лео Месси билан янги шартнома имзолаш учун маошлар ведомостини 174 миллион еврога қисқартиришига тўғри келади, дея хабар қилмоқда АS журналисти Хави Мигел. Жамоа Хуниор Фирпо, Конрад де ла Фуэнтени сотиб юборди, Францишку Тринкауни ижарага берди ва Матеус Фернандес билан шартномани бекор қилди. Шунингдек, «Барса» Филиппе Коутиньо, Антуан Гризманн каби ўйинчиларини трансферга қўйган. Айримлар билан эса шартномани бекор қилмоқчи. Шундай бўлса-да, Месси билан қонундан ташқарига чиқмаган ҳолда келишув имзолаш жуда қийинга ўхшаб кўринмоқда.

«Барселона» Мессининг маошига кетадиган харажатларни бир неча йилга бўлиб юборишни истаган, бироқ Ла Лига раҳбари Хавьер Тебас бунга қарши чиққанди. Эслатиб ўтамиз, январь ойида Мессининг каталонлар билан тузган тўрт йиллик шартномаси тафсилотлари ОАВда тарқалиб кетганди. Унга кўра, Месси 2017—2021 йилларга мўлжалланган шартномадан 555 миллион евро даромад қилгани маълум бўлганди.