Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни кузатиш имконини берувчи ягона расмий манба — Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилаётган расмий статистика. Вазирлик ҳар тонг соат 10:00 атрофида эълон қиладиган намунавий ҳисоботда ҳудудлар кесимида бир кун аввалги касалланиш ва соғайиш кўрсаткичлари, шунингдек, ўлимига расман коронавирус сабабчи деб топилган марҳумлар сони бериб борилади. Айнан шу ҳисоботни мунтазам кузатиш асносида у ёки бу ҳудуддаги коронавирус билан боғлиқ аҳвол яна ёмонлашгани ёки ва ниҳоят яхшилангани ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Албатта, бу ҳисобот мукаммал эмас (шу боис хулосалар хато чиқиши эҳтимоли жуда катта), етказадиган ахбороти кўлами жиҳатидан вазирликнинг шу йўналишдаги бир йил аввалги ҳисоботларидан қашшоқроқ.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Масалан, ССВ 2020 йил 21 сентябрига қадар коронавирусдан вафот этган Ўзбекистондаги беморларнинг ҳеч йўғи қайси ҳудуддан эканини очиқларди — шугина маълумот, дейлик, айни дамда Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида айнан қанча бемор даволанаётганини билиш имконини берарди. Шундан бери Ўзбекистонда коронавируснинг расмий қурбонлари сони 309 нафарга кўпайиб, (2021 йил 3 июль ҳолатига кўра) 747 кишига етди. Лекин бу 309 марҳум қайси ҳудуддан — буни фақат ССВдаги (ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги) мутассаддилар, ССВдаги (ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги) мутассаддилардан ахборот олувчи катта ва кичик амалдорлар (хусусан, ҳудудлардаги мулозимлар) ва Худо билади.

Аммо бугунги мавзу бошқа (мабодо сизга барибир шу — коронавирус қурбонлари мавзуси қизиқ бўлса, у ҳолда 2020 йилда Ўзбекистонда 20 мингга яқин «ортиқча ўлим» қайд этилгани ҳақидаги ахборотни ўқишни тавсия қиламиз).

3-4 кунда соғая туриб, сўнг тузалмай қўйган тошкентликлар

«Дарё» Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилиб келаётган коронавирус инфекцияси тарқалишига доир расмий статистик рақамларни таҳлил қилди (таҳририят пандемия билан боғлиқ вазият бир қадар сокин бўлган 2021 йилнинг январь—март ойларида бу мавзудан узоқлашган эди, бироқ сўнгги ҳафталарда касалланиш кўрсаткичлари жиддий ўсгани, шу важ билан янги чекловлар ва тартиблар жорий этилаётгани боис «Дарё» учун бу мавзу яна долзарб кўриниш олди). Таҳлил учун июнь ойи тўлиқ ва июлнинг дастлабки уч куни танлаб олинди. Мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида эмас (негалигини юқорида таъкидладик), кўпроқ коронавируснинг расмий статистикаси ҳақида муайян хулосалар чиқариш учун, назаримизда, шу 33 кунлик маълумотлар етарли.

Изоҳ: Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган беморларнинг қайси ҳудуддан экани сўнгги бор 2020 йил 21 сентябрда очиқ маълум қилинган. Бу вақтгача ССВ томонидан 438 кишининг ўлими коронавирус сабабли юз бергани расман тан олинган эди. Ушбу ўлим ҳолатларининг 305 таси ёки 69,63 фоизи Тошкент шаҳрида қайд этилган. 2020 йил 22 сентябрдан то 2021 йил 3 июлгача яна 309 киши (жами 747 киши)нинг ўлими коронавирус қурбонларининг расмий рўйхатига қўшилган — уларнинг айнан қайси ҳудуддан экани жамоатчиликка номаълум.

Қурбонларнинг қайси ҳудуддан эканига доир аниқ маълумотлар мавжуд эмаслиги боис, «Дарё» жорий кичик таҳлилда 2020 йил 22 сентябридан 2021 йил 3 июлигача бўлган оралиқда қайд этилган ўлим ҳолатларини (жами 309 ҳолат) умумий беморлар сонига қўшиб ҳисоблади. Таъкидлаш жоиз, агар Тошкент шаҳрининг коронавирус қурбонлари расмий рўйхатидаги улуши ҳали ҳам ўтган йил сентябридаги каби 70 фоиз атрофида бўлса, у ҳолда 747 марҳумнинг тахминан 520 нафари (ёки кейинги даврдаги қурбонларнинг тахминан 215 нафари) Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган бўларди.

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимовнинг сўзларига кўра, «ҳозирги вақтда ковид-касалхоналарда даволаш ишлари ўртача 13 кундан 10 кунгача қисқарган». Демак, ковид-касалхоналарга ётқизилаётган беморларга ўртача 8—10 кун атрофида даво чоралари кўрилмоқда. Айни вақтда, ҳали бирор манбада Ўзбекистон коронавирусга чалинган беморларни 4—5 кунда даволаб, реабилитацияга чиқариб юбориш амалиётини жорий этгани ҳақида айтилгани йўқ. Шу сабабли ҳам Тошкентга доир расмий рақамлар эътиборга молик.

ССВ статистикасига кўра, Тошкент шаҳрида 26 июнь куни 119 кишида, 27 июнь куни 103 кишида, 28 июнь куни 115 кишида, 29 июнь куни 89 кишида ва 30 июнь куни 101 кишида — беш кун ичида жами 527 кишида коронавирус аниқланган. Бу 527 киши — янги, амалдаги амалиёт бўйича ўртача 10 кун даволаниши керак бўлган беморлардир. Бироқ 30 июнь куни Тошкент шаҳрида расман 285 нафар бемор бор эди. Бу рақам ичида кейинги даврдаги 309 қурбоннинг бир (эҳтимол, сезиларли даражада катта) қисми ҳам борлигини инобатга олсак, беморлар сони янада камроқ бўлиб чиқади.

Тошкентда аҳвол оғирлашгани, Зангиотадаги махсус клиникалар юкламага бардош беролмай қолаётгани сабаб ковид-марказлар қайта очилиши ҳақида (кейинроқ тўла тасдиқланган) миш-мишлар тарқалган 1 июль куни пойтахтдаги беморлар сони 304 нафаргача кўпайган (30 июндагидан 19 нафарга кўпроқ — бу рақам ичида ҳам қурбонлар бор, фақат уларнинг сони номаълум). Агар даволаш жараёни, пойтахт бош шифокори ва бошқа расмийлар таъкидлаганидек, ҳали ҳам 10 кунча давом этаётган бўлса, бу санага келиб беморлар сони (26 июндан аввалги кунларни ҳисобга олмаганда) камида 620 нафар атрофида бўлиши мантиқан тўғри бўларди.

Яна бир муҳим жиҳат — пандемия бошидан десак балки ёлғон бўлар (узр, пандемия бошигача бўлган аҳволни ҳисоблаб чиқишга улгурмадик), бироқ 2021 йил бошидан бери Худо берган ҳар куни COVID-19 беморлари аниқланаётган шаҳарда ҳар куни беморлар соғайиши табиий бир ҳол. Аммо, кутилмаганда, сўнгги икки кунда тошкентлик беморлар соғаймай қўйди — ССВ маълумотларига кўра, 2 июль куни ҳам, 3 июль куни ҳам аввалроқ пойтахтда рўйхатга олинган беморларнинг бирортаси соғаймаган. Шу боис 2 июль куни шаҳардаги беморлар сони 421 нафарга (қурбонлар билан бирга), 3 июль куни 526 нафарга (қурбонлар билан бирга) етган. «10 кун даволаниш» амалиёти бўйича эса беморлар сони (26 июндан бошлаб ҳисоблаганда) 2 июль куни 743 нафарга, 3 июль куни 848 нафарга етиши керак эди.

Июнь ойидаги жами даволанаётган беморлар сони ССВ ҳисоботларида кўрсатилган рақамлардан икки жиҳатга кўра фарқ қилади — 9 июнь куни Жиззах ва Тошкент вилоятларида соғайгани эълон қилинган жами 44 киши кейинчалик ССВ ҳисоботидан тушиб қолган («Дарё»нинг июнь ойи жадвалида эса улар бор), шунингдек, 2020 йил 21 сентябридан кейинги ўлим ҳолатлари (438 та)дан бошқа барча ўлимлар, улар қайси ҳудудда қайд этилгани номаълумлиги боис, беморлар умумий сонига қўшиб юборилган (июль ойи рақамларида фақат шу жиҳат сақланиб қолган, июнда йўқолган 44 соғ одам июль ойи рақамларида йўқ). Аслида даволанишдаги беморларнинг кунлик сони жадвалда кўрсатилганидан камроқ экани аниқ.

Жадвални катта ҳажмда кўриш учун расм устига босинг.

Дарвоқе, ССВ июль ойидан бошлаб коронавирусдан даволанаётган беморларнинг умумий сонини кўрсатишни тўхтатди. Не сабабдан — номаълум. ССВнинг ўрнига биз осон айтишимиз мумкин — Ўзбекистонда 1 июль куни 2897 киши, 2 июль куни 2981 киши, 3 июль куни 3086 киши расман коронавирусдан даволанаётган эди. Дарҳақиқат, буни аниқлаш кўп ҳам қийин эмас, бу, ССВ матбуот хизмати таъбири билан айтганда, «оддий математика». Аммо уларнинг қанчаси оғир ва яна қанчаси ўта оғир аҳволда — энди, бу маълумот кимларга аён эканлигини билиш учун материалнинг кириш қисмига ўтинг.

Расмийларнинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларидан хулоса қилсанг, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ энг даҳшатли вазият Тошкентда — ҳоким «коронавирус қайтиб келди» деяпти, лаббай дея ёрдамга келиб, ковид-марказларни очиб ташлаган ҳарбий хизматчиларга қўлини кўксига қўйиб тинмай раҳмат айтяпти, Ортиқхўжаевга ҳисобот бераётган ҳарбий масъуллар эса: «Ҳозиргина, ярим тунда ишга тушдик, эрталабгача 150 бемор келиши кутилаётгани»ни таъкидлаяпти. Аммо, бир кун аввал кўрсатиб ўтилганидек, расмий статистикага қараб бунчалик хавотирга тушмайсан киши — ССВ ҳисоботлари бўйича пойтахтдаги коронавазият икки ой аввалгисидан анча яхши, Ўзбекистоннинг қолган нуқталаридаги вазият (масалан, Сурхондарё) билан таққослаганда-ку «ям-яшил зона».

Йўқолган 44

ССВнинг кунлик ҳисоботлари асосида шакллантирилган маълумотларни худди шу ҳисоботлардаги расмий статистик жадваллар билан қиёслаш вақтида тасодифан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларидаги яна бир хатолик юзага чиқди (вазирликнинг 8 июнги ҳисоботида Фарғона вилоятидаги соғайганларга доир рақам биттага камайиб қолиб, эртанги ҳисоботда тузатиб кетилганини ҳисобга олмаса).

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 9 июндаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 191 киши, хусусан, Жиззах вилоятида 14 киши, Тошкент вилоятида эса 34 киши коронавирус инфекциясидан соғайган. Бироқ Жиззах вилоятига доир сонлар ССВнинг жадвалига кирмай қолган — вилоятнинг соғайганлар кўрсаткичи 8 июнда 1153 бўлганича 12 июнгача шу кўринишда қотган, Тошкент вилоятига доир сондан эса фақат «4» рақами жадвалдан жой ололган, холос — жами 44 соғ одам қаергадир йўқолган.

Ҳисобот бўйича Жиззах ва Тошкент вилоятининг соғайиш кўрсаткичлари 9 июнь куни мос равишда 14 ва 34 тага ўзгариши керак эди, бироқ Жиззахда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, Тошкент вилоятининг кўрсаткичи эса фақат 4 тага ўзгарган.

Жадваллар: Telegram / @ssvuz; Иллюстрация: «Дарё»

Ҳисоботда «соғайганлар жами 98 592 (+191) нафарга етди» дейилган, бироқ 8 июнь якунларига кўра соғайганлар сони расман 98 445 нафарга етгани инобатга олинса, 9 июнь куни соғайганлар сони 191 нафарга эмас, балки 147 нафарга кўпайган бўларди. Қайд этиш жоиз, ҳисобот масъуллари «191 киши соғайди» дегани билан, 9 июнь ҳолатига кўра касалхоналарда даволанаётган беморлар сонини жадвалдаги рақамлар асосида ҳисоблаб, 3311 нафар деб чиқарган (аслида, агар ҳақиқатан ҳам 191 киши соғайган бўлса, беморлар сони 3267 нафарни ташкил этган бўларди).

Хуллас, Жиззах вилоятида 9 июнь куни соғайган 14 киши ва Тошкент вилоятида тузалган 30 киши ССВ ҳисоботида бор, лекин ССВ жадвалида йўқ, шу боис ССВнинг ҳозирги ҳисоботларида ҳам йўқ ва, очиғини айтганда, бу муаммога айлангани ҳам йўқ (биз ўзимиз тузган жадвалдаги якуний рақам ССВ жадвалидаги ой якунлари бўйича сондан нега 44 тага фарқ қилаётганини тушунмай анча бош қотирдик, холос). Шу 44 киши ростдан ҳам соғайганмиди, улар ўзи ростдан бормиди — бу энди бошқа муаммо, балки, бу ҳам муаммо эмасдир; Нурмат Отабековнинг сўзларини бироз ўзгартириб айтганда, «44 киши соғайдими-йўқми, статистика учун бу жиддий об-ҳаво яратмайди», шундай эмасми?

Муаллиф:Муҳрим Аъзамхўжаев